Ўтган йиллар учун қўшимча ҳисобланган ҚҚС суммасини чегириб ташланадиган харажатларга киритиш мумкинми

preview

“Корхона 2018 йилда ЯСТни тўлашга ўз вақтида ўтмади (ўз вақтида хабарнома бермади).  Бутун йил давомида маҳсулотларни реализация қилишда ҚҚС ҳисобланмади. Кейинроқ, солиқ органи бу ҳуқуқбузарликни аниқлади ва қўшимча ҚҚС суммасини ҳисоблади. Қўшимча ҳисобланган ҚҚС – бу корхонанинг харажати, сабаби харидор уни тўламайди. Бухгалтер қўшимча ҳисобланган суммани 3100-“Келгуси давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар” бухгалтерия счётида акс эттирди. Ушбу сумманинг бир қисмини – 2018 йилда, қолдиғини – 2019 йилда ҳисобдан чиқарди. 2019 йилдан бошлаб корхона умумбелгиланган солиқлар тўловчисига айланди, қўшимча ҳисобланган ҚҚС суммасини бухгалтер чегириб ташланадиган харажатларга олиб борди. Бироқ, солиқ органининг таъкидлашича, бу – чегириб ташланмайдиган харажатлар, сабаби улар 2018 йилда амалга оширилган. Бу тўғрими?

Вазиятни “Норма” эксперти Дилором САИДОВА тушунтирди:

Эътибор беринг
Керакли тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

– Ҳа, солиқ органи ҳақдир.

2018-2019 йилларда амал қилган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан солиқ тўловчининг харажатлари ҳақиқатда қайси солиқ даврида амалга оширилган бўлса, ўша даврда чегириб ташланади .

Кўриб чиқилаётган вазиятда қўшимча ҳисобланган солиқ бўйича харажат ҳақиқатда 2018 йилда амалга оширилган ва 2019 йилда фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланмайди.

Маълумот учун: 3100-“Келгуси давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар” счётида ушбу ҳисобот даврида амалга оширилган, аммо келгуси ҳисобот даврларига тааллуқли бўлган харажатлар тўғрисидаги ахборот акс эттирилади .