ЭҲФ тақдим этилган пайтдан бир йилдан кўп вақт ўтди: ундаги хатони қандай тўғрилаш мумкин

preview

Корхона 2022 йил учун хизматлар экспорти учун бир томонлама ЭҲФга кўпайтириш тарафга тузатиш киритиши лозим. Сабаби – солиқ аудити чоғида хато топишди. Тузатувчи ҳисобварақ-фактура тақдим этишнинг имкони бўлмаяпти – тизим ўтказмаяпти.

Хатони тузатиш учун қандай ҳаракатларни бажариш керак?

Buxgalter.uz илтимосига биноан бундай вазиятда қандай йўл тутишни Солиқ қўмитасининг ҚҚС бошқармаси бўлими катта инспектори Гулноза ҚАРШИЕВА айтиб берди.

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм–каналимизга обуна бўлинг.

 

Электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими СКнинг 257-моддасида белгиланган нормаларга мувофиқ созланган. Солиқ базасига уни камайтириш ёки кўпайтириш тарафга тузатиш киритиш 1 йиллик муддат доирасида амалга оширилади.

Аммо амалиётда сизнинг вазиятингизда бўлгани каби, анча эрта даврда тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар маълумотларига тузатиш киритиш лозим бўлган вазиятлар учраб туради. Ушбу ҳолларда Солиқ қўмитаси истисно тариқасида тузатиш зарурати туғилган муайян солиқ тўловчига манзилли равишда – узрли сабаблар мавжуд бўлган тақдирда тузатувчи ҳисобварақ-фактура тақдим этиш имкониятини тақдим этиши мумкин.

Бунинг учун солиқ тўловчи ўзи ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ органларига ёзма мурожаат қилиши лозим. Агар бу ҚҚС тўловчиси бўлса – ҳудудий солиқ бошқармасига; агар йирик солиқ тўловчи бўлса – Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекцияга мурожаат қилиши керак. Мурожаатда албатта хатонинг моҳиятини қисқача ва аниқ таърифланг, тафовут қонун ҳужжатларининг қандай нормасига мувофиқ юзага келганлигини ва тузатиш заруратига олиб келган сабабни кўрсатинг. Тузатиш киритиш заруратини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинг.

Солиқ бўлинмаси сизнинг мурожаатингизни ўрганиб чиқади ва тузатиш киритиш зарурати тасдиқланган тақдирда Солиқ қўмитасига истисно тариқасида муайян солиқ тўловчига тузатувчи ҳисобварақ-фактура тақдим этиш имкониятини тақдим этиш илтимоси билан билдириш хатини тайёрлайди.

Сўнгра билдириш хати Солиқ қўмитасида ўрганилади ва маъқуллаш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда солиқ тўловчига манзилли равишда тузатувчи ҳисобварақ-фактура тақдим этиш имконияти тақдим этилади. Ҳажмларга қараб, фойдаланиш имконияти 3 иш кунидан 7 иш кунигача тақдим этилиши мумкин.

Сизнинг вазиятингизда, кўпроқ масала ижобий тарзда ҳал қилинади ва сиз ҳисобварақ-фактурадаги хатони тўғрилашингиз мумкин бўлади. Бунда сиз 2022 йил учун солиқ ҳисоботларини қайта топширишингиз ва бюджетга қўшимча солиқларни, шунингдек, Солиқ кодексига мувофиқ ҳисобланган пеняни тўлашингиз лозим бўлади.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади