Давлат корхонасига тегишли материалларни текинга беришда солиқ оқибатлари юзага келадими

preview

“Корхонанинг омборида мавжуд бўлмаган “Daewoo” русумидаги автомобилнинг текинга олинган эҳтиёт қисмлари узоқ вақтдан буён сақланмоқда. Корхона – давлат унитар корхонаси (ҳокимликнинг улуши – 100%). Бошқа ҳокимлик улушига эга бўлган ДУК эҳтиёт қисмларни текинга бериш илтимоси билан мурожаат қилди. Раҳбар текинга бериш тўғрисидаги таклифни маъқуллади. 

1. Эҳтиёт қисмларни топширишда қандай ҳужжатларни расмийлаштириш керак? Таъсисчини хабардор қилиш лозимми?

2. Қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин? ЭҲФ расмийлаштириш керакми?

3. Қандай бухгалтерия ўтказмалари амалга оширилади?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга “Норма” эксперти Дилором САИДОВА жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

1. Давлат корхонасининг мулки бўлган эҳтиёт қисмларни текинга бериш учун таъсисчи билан келишиш лозим.

Давлат корхонаси мулкини тасарруф этиш қуйидаги ҳолларда давлат корхонасининг ижро этувчи органи томонидан таъсисчи билан келишган ҳолда амалга оширилади:

  • асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага топшириш;
  • хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари)ни сотиб олиш;
  • мулкни давлат корхонаси фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлмаган бошқача тарзда тасарруф этиш .

Эҳтиёт қисмларни текинга беришда таъсисчининг қарори ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилади.

 

2. Ҳисобварақ-фактура тақдим этилиши лозим.

Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт. Ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилади .

Агар товарлар текинга берилса, ҳисобварақ-фактуранинг якунловчи сатрида “Тўловсиз” деган ёзув киритилади .

 

Солиқ оқибатлари

Товарни текинга бериш товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланади, шундай бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар бундан мустасно .

Товарларни текинга бериш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади :

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқарилган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

3) қонунчиликнинг қоидаларидан келиб чиқса.

Агар сиз корхонангиз томонидан эҳтиёт қисмларнинг текинга берилишининг иқтисодий жиҳатдан оқланганлигини тасдиқлай олсангиз, ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди. Акс ҳолда ҚҚС топшириладиган товарнинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

 

3. 21-сон БҲМСга асосан материалларни текинга бериш ҳисобда қуйидаги тарзда акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Текинга берилаётган материалларнинг қиймати ҳисобдан чиқарилди

9220

1000

Материаллар қийматидан ҚҚС ҳисобланди

9220

6410

Текинга беришдан кўрилган зарар ҳисобдан чиқарилди

4010

9220

9430

4010