БЮД расмийлаштирилганидан бир йилдан кўп муддат ўтса, товарлар учун тўлов қандай амалга оширилади

preview

14.05.2020 йилдаги 283-сон ВМҚга асосан ташқи савдо операцияларида товарларни экспорт режимига расмийлаштириш, чет эллик ҳамкорлар томонидан олдиндан тўлов амалга оширилганидан кейин ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш муддати ёхуд Ўзбекистонга импорт қилинган товарлар, ишлар, хизматлар учун пул маблағларини ўтказиш муддати 365 кундан ошмаслиги керак. 

Аммо “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун ва Фуқаролик кодекси бундай тақиқни белгиламайди ва айни пайтга қадар банклар чет эллик ҳамкорларга ўтказиб юборилган муддат билан тўловларни ўтказишган. Август ойидан бошлаб банклар бундай операциялар учун солиқ органининг хулосасини сўрашни бошлашди.

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Ушбу вазият регуляторларнинг эътиборини ва тегишли қарорни талаб қилади.

Мазкур норма 2020 йилда қабул қилинганлигига, 2021 йилда эса таҳрир қилинганига қарамай, тадбиркорлар ҳозирга қадар бу масала юзасидан мурожаат қилишмаган. Уларнинг сўзларига кўра, барча тўловлар ўтказилган ва муаммолар юзага келмаган. Бу тўғри – сабаби “Валютани тартибга солиш солиш тўғрисида”ги Қонун (15-модда) ва Фуқаролик кодексига (29-боб) мувофиқ бундай тўловлар амалга оширилиши мумкин.

Бироқ 2023 йилнинг август ойида банклар Марказий банкнинг расмий хатига ҳавола берган ҳолда бундай тўловларни ўтказишни тўхтатишди. Энди банклар тўловларни ўтказиш учун мижозлардан солиқчиларнинг хулосасини сўрамоқда.

Эътибор беринг, 14.05.2020 йилдаги 283-сон ВМҚ муддат 365 кундан ошган тақдирда бундай операцияларни қатъиян тақиқлайди. Марказий банк томонидан тижорат банкларига туширилган хатда эса, улардан бирида бизга тушунтиришларича, бундай қатъийлик мавжуд эмас. Мазкур хатда солиқ тўловчи солиқ органининг хулосасини тақдим этган тақдирда ўтказиб юборилган муддат билан бундай операцияларга йўл қўйилади. Солиқчилардан олинадиган бундай ҳужжат қандай бўлиши кераклиги айтилмаган.

Яқин кунларга қадар солиқ органининг ҳеч қандай ҳужжати талаб қилинмаганлиги ва бизнес томонидан ушбу тўловлар талабгир бўлганлиги боис, тадбиркорлар ҳозир чет эллик ҳамкорларига тўловни амалга ошира олишларига умид қилишмоқда. Мен солиқ органларига шундай хулоса юзасидан мурожаат қилган бир нечта тадбиркорлик субъектлари билан мулоқот қилдим. Бир ҳолатда солиқчилар ҳали жавоб беришмаган, бошқасида – мурожаатни кўриб чиқишга масъул бўлганлар банк ходимлари нима исташаётганлигини тушунишмаяпти, ахир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бундай хулоса назарда тутилмаган.

Марказий банк ва Солиқ қўмитаси қисқа муддатларда мазкур масаланинг ечимини ишлаб чиқишади ва йўриқномани ўз ходимлари ва жамоатчилик эътиборига етказишади, деб умид қиламиз.

14.05.2020 йилдаги 283-сон ВМҚдан келиб чиқадиган тўловларга тақиқ амалий нуқтаи назардан ўзини оқламайди. Агар бундай тўловлар устидан алоҳида назорат ўрнатиш лозим бўлса, улар учун қоидалар ўрнатилиши мумкин, мисол учун, солиқ органининг хулосасини тақдим этиш, бироқ – қонунчиликда белгиланган тартибда. Тадбиркор ҳам олдиндан тўлов олгандан ёки БЮД бўйича товар расмийлаштирилгандан кейин бир йил ва ундан кўп муддатдан сўнг бундай тўловларни амалга ошириш имкониятига эга бўлиши керак.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади