Факторинг шартномаси бўйича талаб қилиш ҳуқуқи бошқа шахсга берилса, ҚҚС вужудга келадими

preview

«Кредитор факторинг шартномаси асосида  пул мажбурияти бўйича талаб қилиш ҳуқуқидан учинчи шахс фойдасига воз кечмоқда.

Мазкур ҳолда ҚҚС юзага келадими

Вuxgalter.uz илтимосига биноан ушбу вазиятга солиқ мутахассислари тушунтириш бердилар.  

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

Солиқ қўмитасининг солиқ низоларини судгача тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗОМИДДИНОВА:

Оддий сўз билан факторинг, бу – тўловни кечиктириш шартларида иш кўрувчи компаниялар учун молиявий хизмат тури бўлиб, бунда сотувчи харидордан пулни талаб қилиш ҳуқуқини учинчи шахсга топширади. Бу хизмат ёрдамида сотувчи товар учун пулни товар юклаб жўнатилганидан кейин дарҳол олиб, шу тариқа кассадаги узилишларни бартараф этиши ва айланма капитални тўлдириши мумкин.

 

Факторинг операцияларини ким амалга оширишга ҳақли

Ўзбекистон қонунчилигида факторинг, яъни, учинчи шахслардан пул шаклидаги мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини олиш, банк томонидан амалга ошириладиган молиявий операциялар жумласига киради .

Банк фолияти, демакки, факторинг операциялари, Ўзбекистонда лицензияланиши шарт. Лицензия Марказий банк томонидан берилади .

 

Факторинг ҚҚСдан озод этиладими 

Молиявий хизматлар, шу жумладан, факторинг, СКнинг олдинги таҳририда ҳам , унинг янги таҳририда ҳам ҚҚСдан озод этилган.

Бироқ Солиқ кодексининг янги таҳририда бир шарт бор, бу ҳам бўлса – бирор хизматларни озод этиш учун, агар қонунда лицензия назарда тутилган бўлса, унинг бўлишидир .

2013 йилда ҚҚСдан озод этиладиган молиявий хизматларга кирувчи операциялар рўйхати қабул қилинган (29.05.2013 й. 2460-сон АВ р.р.). Мазкур ҳужжатда факторинг операциялари тушунчасига аниқлик киритилган.

Солиқ кодексининг янги таҳрири чиққанидан кейин МВ, ДСҚ ва МБ томонидан тижорат банкларига ҳамда Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекцияга йўлланган қўшма хат чиқарилган бўлиб, унда СКнинг 244-моддаси тушунтирилган ва олдин қабул қилинган рўйхат тўлдирилган (31.12.2020 й. 18/2-43777-сон ДСҚ).

Шу тариқа, факторинг хизматини ҚҚСдан озод этиш учун банк фаолияти учун лицензия керак.

 

Факторинг операциясини оддий солиқ тўловчи амалга оширса

Факторинг операциясини оддий солиқ тўловчи амалга оширганда бундай операция СК 243-моддасининг тегишли лицензиянинг бўлишига доир талабларига жавоб бермайди.

Бинобарин, оддий солиқ тўловчи учун талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечиш операцияси солиқ солиш мақсадларида ҚҚС тўлашдан озод этилган факторинг операцияси ҳисобланмайди.

Мазкур ҳолда бу кредиторнинг талаб қилиш ҳуқуқидан қарздор фойдасига оддий воз кечиш ҳолати ҳисобланиб, солиқ солиш мақсадларида товар топшириш деб эътироф этилади ва ҚҚС солиқ солиш объекти ҳисобланади .

Солиқ базаси тарафлар томонидан аниқланган талаб қилиш ҳуқуқи қиймати сифатида, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда аниқланади .

 

 

Солиқлар бўйича эксперт Азиз ҲОШИМОВ:

Факторинг операциялари ҚҚСдан озод этилади . Савол шундаки, қандай айланма имтиёзга тушади?

Умумий сифатга кўра, факторинг операцияси молиявий агент бўлган ташкилот (фактор)ни кредитор бўлган ташкилот молиялаштириши, кредитор ташкилот эса пул талабномасидан молиявий агент (фактор) фойдасига воз кечишидан иборат.

Пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш шартномаларини молия агенти сифатида банклар ва бошқа кредит ташкилотлари тузиши мумкин .

Учинчи шахслардан пул шаклидаги мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини олиш (факторинг) банклар томонидан амалга ошириладиган молиявий операциялар жумласига киради .

Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификаторида пул талабномасидан воз кечишни молиялаштириш (факторинг) алоҳида 03.11.14.00 кодига эга (02.03.2012 й. 2333-сон АВ р.р.).

Солиқ кодекснинг аввалги кўринишида ҳам факторинг операциялари ҚҚСдан озод этилган эди . 2013 йилда ҚҚСдан озод этиладиган молиявий хизматларга тегишли операциялар рўйхати қабул қилинган (29.05.2013 й. 2460-сон АВ р.р.).

Рўйхатнинг 14-бандига биноан: «форфейтинг ва факторинг операцияларига ҳужжатлар жилдини кўриб чиқиш, менежмент (битимларни бошқариш ва кузатиб бориш), консалтинг ва ахборот операциялари (ҳисобварақлар ва бошқалар бўйича амалга оширилган операциялар тўғрисида кўчирмаларни ва уларнинг дубликатларини, маълумотномаларни, тасдиқномаларни тақдим этиш) киради.

Мазкур хизматларни кўрсатиш муносабати билан олинадиган воситачилик ҳақи, дисконт ва бошқа даромадлар озод этилади».

Келтириб ўтилган таърифлар ва меъёрлардан молиявий хизмат ҳисобланган факторинг хизмати кредиторни молиялаштирувчи молиявий агент (фактор) тоомонидан кўрсатилади деган хулосага келиш мумкин. Факторинг хизматларини кўрсатишга доир айнан унинг айланмаси ҚҚСдан озод этилади.

 

Кредиторда қандай солиқ солинади

Кредитор қарздорга доир ўзининг талаб қилиш ҳуқуқини молиявий агент (фактор)га топшираётганда факторинг операцияси тарафи бўлиб ҳисобланади.

Кредиторнинг қарздорга доир талаб қилиш ҳуқуқи – солиқ солиш мақсадида товар деб эътироф этиладиган мулкий ҳуқуқдир .

Товарга бўлган мулк ҳуқуқини пуллик асосда ўтказиш – товарларни реализация қилиш бўйича ҚҚС солинадиган айланмадир .

Факторинг операциясида кредитор факторинг хизмати олувчиси, молиявий агент (фактор) эса – хизмат ижрочиси ҳисобланади. Шу боис қарздорга доир талаб қилиш ҳуқуқини топшириш бўйича айланма СК 244-моддаси 1-қисмининг 5-бандига асосан ҚҚСдан озод этилмайди.

Солиқ базаси факторинг шартномаси тарафлари томонидан белгиланган талаб қилиш ҳуқуқи қиймати сифатида, ҚҚС киритилмасдан аниқланади .

Эътибор беринг

Қуйидаги операциялар бундан истисно:

  • пуллик қарзларни бериш шартномаларидан ва (ёки) кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар юзасидан кредиторнинг ҳуқуқларидан (талабларидан) бошқа шахс фойдасига воз кечиш (уларни бошқаларга бериш, олиш);
  • бошқа шахс фойдасига воз кечиш шартномаси асосида дастлабки шартнома юзасидан қарз олувчининг ҳар бир янги кредитор олдидаги мажбуриятларининг бажарилиши.

Бу операциялар ҚҚСдан озод этилган .

 

Аниқлаштириш зарурати…

Ўзбекистон Республикасининг 29.04.2023 й. ПФ-63-сон Фармони билан Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинган. Дастур доирасида жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида факторингни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши мўлжалланган.

Бу қонунда факторинг операцияларига молиявий хизматлар мажмуи сифатида муайян таъриф берилиши эҳтимолдан холи эмас. Бу СКнинг 244-моддасида келтирилган бундай операциялар бўйича имтиёзлар турлича талқин қилинишини истисно этган бўларди.