Асосномада хатога йўл қўйишса, текширув ҳақидаги хабарномага қандай жавоб бериш керак

preview

Солиқ тўловчилар солиқ органларидан камерал солиқ текшируви ўтказилиши ҳақида хабарнома олишди, унда асоснома сифатида балансда товар қолдиғини аниқлайдиган формула кўрсатилган. Солиқ тўловчиларнинг фикрига кўра, ушбу формула корхонада содир бўлаётган ҳодисаларни ҳаққоний акс эттирмайди.

Ушбу формула билан хабарнома олган солиқ тўловчилар нима қилишлари кераклиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Бундай хабарнома олган солиқ тўловчиларни иккита масала қизиқтиради:

1. Текширув ўтказиш ҳақидаги хабарноманинг мақоми.

2. Қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ унга қандай жавоб бериш лозим.

 

1. Ушбу ҳужжатнинг алоҳида мақоми, алоҳида мақсади мавжуд. Уни солиқ органлари Президентнинг 13.09.2022 йилдаги ПҚ-374-сон қарорининг 3-бандига мувофиқ йўллашади. Ушбу бандга асосан назорат қилувчи органлар хавфни таҳлил этиш тизими натижаларига асосан тайинланган текширувлар ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектларини хабардор қилиши шарт. Булар ўз нуқтаи назари билан хат ёзиш ёхуд солиқчиларнинг далилларига рози бўлиш ва қўшимча ҳисобланган суммани тўлаш лозим бўлган текширувга қадар таҳлил хабарномаси эмас ва жавоб бериш шарт бўлган камерал текширув талабномаси ҳам эмас. Бу ҳужжатнинг мустақил тури бўлиб, солиқ органлари у билан сизни текширув тайинланганлиги ҳақида хабардор қилишади ва бунинг сабабни кўрсатишади.

Солиқ тўловчи ушбу хатга жавоб бериши кераклиги ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда айтилмаган. Бу хабарнома ва уни маълумот учун қабул қилиш ҳамда текширувни кутиш керак. Аммо ўзгача тарзда ҳаракат қилиш ҳам мумкин – бу ҳақда қуйида сўз юритамиз.

 

2. Менга солиқ тўловчилар мурожаат қилган ҳолларда шуниси аниқки, уларни қонун ҳужжатларини бузувчилар жумласига киритган формула нотўғридир. Формула бир қатор муҳим ҳолатларни эътиборга олмайди.

У бундай кўринишга эга: бошига ТМҚ баланси бўйича сальдо + ЭҲФ тизими бўйича ТМҚ кирими – фойда ҳисоб-китобида таннарх = балансда товар қолдиғи.

Жуда содда. У қуйидагиларни ҳисобга олмайди:

– товарнинг таннархини шакллантиришда юкнинг божхона расмийлаштируви (сертификатлаш, метрологик аттестация, декларациялаш, товарни божхона омборида сақлаш ва ҳоказо) билан боғлиқ қўшимча харажатлар амалга оширилганлигини;

– товарнинг таннархига у бўйича қўшимча харажатларнинг умумий суммаси ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммаси киритилганлигини;

– товар республиканинг ичида сотиб олинганлигини: ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун сарфланма материал, канцелярия товарлари, матбаа маҳсулотлари;

– 2022 йилда сотилган товарлар таннархини ҳисобдан чиқариш ва уларнинг ҳаракати амалга оширилганлигини.

Солиқ тўловчилар менга мурожаат қилган вазиятларда шундай бўлган. Бинобарин, формула корхонадаги воқеликни акс эттиролмайди. Шубҳасиз, бизнинг солиқчи-ҳамкорларимиз ҳаммасига қарашмаган, ҳисобга олишмаган.

Шу боис, солиқ тўловчилар текширувни кутмасдан, ўз ташаббуслари билан солиқчиларга хат юборишди. Хатда корхонада ҳеч қандай хатолар мавжуд эмаслиги, ҳаммаси тўғри эканлигини тасдиқлайдиган батафсил ҳисоб-китоб тақдим этилган. Солиқ органларининг жавоби қандай бўлиши – ҳозирча номаълум.

 

Кейин нима бўлади?

Солиқ тўловчилар текширув бекор қилинишини исташади албатта, сабаби текширув уларнинг кўп вақти ва кучини сарфлайди. Агар текширув ўтказилса, у ҳолда унинг якуни битта бўлиши мумкин – текширувчилар хавфни таҳлил қилиш тизими формуласи мукаммал эмаслиги, солиқ тўловчига мазкур асослар бўйича эътирозлар йўқлигини кўришади, сабаби барча ҳисоб-китоблар тўғри амалга оширилган.

Агар ушбу формуладан камерал текширувда ҳам фойдаланилаётганлиги маълум бўлса, солиқ тўловчилар ўз нуқтаи назарини такроран юборишади, бундан уларнинг ҳақлиги келиб чиқади. Агар солиқ органларида шубҳа бўлса, сайёр текширувни истисно қилмайман. У мазкур масалага нуқта қўяди, деб ўйлайман. Уни ўтказадиган инспекторлар корхона ҳисобни тўғри юритаётганлигига ишонч ҳосил қилишади. Бу ҳужжатлар билан тасдиқланади ва солиқ тўловчининг барча далиллари қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан бириктирилади.

Ҳар қандай текширув солиқ органлари ҳамда солиқ тўловчилар томонидан вақт, ресурслар сарфига олиб келади. Назаримизда, бизнинг хатларимиз солиқчиларга бунга йўл қўймасликда ёрдам беради.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади