Автомобиль жисмоний шахсга сотилганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади

preview

“ҚҚС ва фойда солиғини тўлайдиган корхона 2022 йилда ўз эҳтиёжлари учун жисмоний шахсдан автомобиль сотиб олди. 2023 йилда ушбу автомобиль бошқа жисмоний шахсга бозор нархида сотилди. 

Жисмоний шахсдан сотиб олинган автомобилни жисмоний шахсга сотишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Норма”  эксперти Ольга БУСАРОВА жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Корхонанинг ўз эҳтиёжлари учун сотиб олинган автомобилни 0160-“Транспорт воситалари” бухгалтерия счётига асосий восита сифатида кирим қилиш керак.

АВ таркибида бўлган автомобилни сотиш ҚҚС ва фойда солиғи бўйича солиқ оқибатларига сабаб бўлади.

Автомобилни реализация қилиш бўйича айланмага ҚҚС солинади. ҚҚСни киритмаган ҳолда шартнома қиймати солиқ базаси ҳисобланади .

АВ таркибида бўлган автомобилнинг чиқиб кетишидан олинган даромад фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлаш чоғида жами даромад таркибига киритилади . АВнинг чиқиб кетишидан олинган молиявий натижа СКнинг 298-моддасига мувофиқ аниқланади.

 

Истеъмолда бўлган автомобилни сотиб олиб, уни асосий воситалар счётига кирим қилгандан сўнг, уни сотиб олиш тарихини ёдда тутиш керак эмас. Бу энди корхонангизнинг асосий воситаси бўлиб, сиз уни ўз ихтиёрингизга кўра тасарруф этишга ҳақлисиз. Агар ушбу АВ сизга бошқа керак бўлмаса, уни ҳар қандай шахсга: юридик ёки жисмоний шахсга сотиш мумкин.

Агарда сизнинг корхонангиз автомобилларни кейинчалик сотиш учун жисмоний шахслардан сотиб олса, реализация қилишда ҚҚС бўйича солиқ базаси ҚҚС суммасини ўз ичига оладиган, реализация қилиш нархи ва сотиб олиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади .

Агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли .