Бизнесни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг янги қоидалари

preview

Президент томонидан “Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон (10.11.2023 йилдаги ПФ–193-сон) имзоланди. Ҳужжатнинг асосий қоидалари – бизнинг шарҳимизда.

 

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Бизнесни қандай қўллаб-қувватлашади

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ шаклида қайта ташкил этилди. Компания томонидан 2024 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади:

  • ўрта тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш лойиҳаларига: 

– лойиҳа қийматининг 15 фоизи, бироқ устав капиталининг 20 фоизи ёки 3 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда ташаббускорнинг устав капиталига кўчмас мулк объектлари, асбоб-ускуналар ва бошқа кўринишдаги активлар шаклида улуш киритиш;

– кўчмас мулк ва асбоб-ускуналарнинг 70 фоизи, бироқ 10 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда мулк сотиб олиш ва 7 йилгача муддатга қарздорлик қолдиғига Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада йиллик фоиз ҳисоблаш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан хизматлар ипотекаси асосида ташаббускорга бериш;

  • кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларига: 

– кредит (лизинг) ажратиш учун тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотларига миллий ва хорижий валютада молиявий ресурсларни жойлаштириш;

– тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотлари томонидан миллий ва хорижий валютада ажратиладиган кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивларга умумий қиймати 5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик тақдим этиш;

– Компания маблағларидан фойдаланиш бўйича тижорат банклари билан тузиладиган воситачилик шартномаларига асосан белгиланган лимит ҳамда умумий миқдор ва шартлар доирасида кредитлар бўйича кафиллик (портфель кафиллиги) тақдим этиш;

– 2024–2026 йилларда кичик тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада 5 млрд сўмгача ажратиладиган кредитлар бўйича асосий ставканинг 40 фоизигача миқдорда уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга компенсация тақдим этиш.

Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси томонидан компенсация “1+2” тамойили асосида тақдим этилади. Яъни аввал кредит (лизинг)нинг дастлабки йилига тақдим этилади. Агар тадбиркорлик субъекти яратиладиган янги иш ўринлари сони режасини бажарса ва реализация қилинган маҳсулот (хизмат) бўйича тушум камида 15 фоизга ошса – кейинги 2 йил давомида уларни тақдим этиш давом эттирилади.

Молиявий ёрдам тақдим этилмайдиган ҳоллар рўйхати ҳам тасдиқланди. Мисол учун, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва улар савдосини ташкил этишда ёрдам беришмайди.

 

Ўзини ўзи банд қилганлар сони ошади

Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди. Унга 19 та банд қўшилди:

  • қайта ишланган жундан кийимлар ва бошқа буюмлар тўқиш
  • уй шароитида лойдан тандир тайёрлаш
  • атлас ва адрас тўқиш
  • майда мунчоқ (бисер) тикиш
  • дўппидўзлик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш
  • темирчилик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш
  • асаларичилик, шунингдек, асалари уяси ва рамкаларини ясаш
  • қуроқчилик усулида кўйлак, кўрпа ва ёпинчиқлар тикиш
  • қўзиқоринларни териш, уй шароитларида етиштириш ва сотиш
  • пичоқ тайёрлаш, чархлаш ва сотиш
  • қоғоздан қутилар, бандероллар тайёрлаш
  • уй шароитида иссиқхона маҳсулотларини етиштириш
  • тайёр маҳсулотга этикетка бириктириш
  • уй шароитида болалар ўйинчоғи ишлаб чиқариш
  • уй шароитида супурги етиштириш ва тайёрлаш
  • ясси оёқли болалар оёқ кийимларини тайёрлаш
  • миллий тақинчоқлар ясаш
  • кандакорлик, мискарлик буюмларини уй шароитида тайёрлаш
  • дағал жундан гилам, кўрпа ва ёстиқ тайёрлаш.

Энди рўйхатга ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун 101 та фаолият тури киради.

Эътибор беринг
Агар сиз ўзини ўзи банд қилган шахсларни касаначилар сифатида жалб қилсангиз, ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботни, шу жумладан ходимларнинг ушбу тоифаси учун қандай тўлдириш ҳақида тавсияни ўрганиб чиқинг.

 

Касаначилар учун субсидия мавжуд

21.04.2022 йилдаги ПҚ–214-сон қарорнинг 2-бандига ўзгартиришлар киритилди. Янги таҳририга кўра 2025 йил 1 январга қадар маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектлари ҳар бир касаначининг дастлабки 3 ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия олишлари мумкин. Субсидия Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратилади.

Ушбу чора бошқалар қатори Президентнинг 2023 йил 23 февралдаги ПҚ–70-сон қарори билан шу йилнинг 1 мартидан бошлаб белгиланган.

 

Манба