Солиқ органлари мол-мулк ва ер солиғи бўйича ҳисоботларни автоматик равишда қандай шакллантирадилар

preview

2024 йил 1 январдан бошлаб солиқ органлари юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботларини шакллантирадилар.

Бу қандай ишлашини buxgalter.uz илтимосига кўра Солиқ қўмитасининг ресурс солиқлари маъмуриятчилиги бошқармаси бўлими мутахассислари шарҳлашди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Солиқ тўловчилар ўтган йилдан буён солиқ органлари томонидан автоматик режимда тузилган мол-мулк солиғи ва ер солиғи ҳисоботларини топшириш тажрибасига эга. Ушбу тажриба 18.10.2023 йилдаги 548-сон ВМҚда норматив асосини олган ва бундан буён қўлланилади.

Иккала ҳисобот солиқ органларига қуйидагилардан келиб тушадиган маълумотлар асосида шакллантирилади:

  • ички манбалар – солиқ органларининг ахборот тизимлари, шу жумладан e-imtiyoz маълумотлар тизими;
  • ташқи манбалар – солиқ органларига, шу жумладан кадастр хизмати органларига маълумотлар тақдим этиши шарт бўлган давлат идоралари ва ташкилотларининг маълумотлари.

Ҳисоботларни автоматик тарзда ҳисоб-китоб қилиш учун дастлабки маълумот сифатида солиқ тўловчи томонидан my3.soliq.uz сайтида «Алоҳида солиқ ставкаси қўлланиладиган кўчмас мулк ва ер участкалари объектлари» ҳамда my.soliq.uz сайтида «Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат» интерактив хизматлар ёрдамида тақдим қилинган маълумотдан фойдаланилади.

Солиқ тўловчилар олдиндан, ҳисоботни тақдим қилиш муддатидан аввал my3.soliq.uz сайтидаги «Алоҳида солиқ ставкаси қўлланиладиган кўчмас мулк ва ер участкалари объектлари» интерактив хизмати орқали қуйидагиларни тўғри шакллантириш учун зарур бўлган маълумотларни киритишлари керак:

1. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғи бўйича ҳисобот – солиқ солиш объекти ҳисобланмайдиган ер участкалари тўғрисида;

2. Бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва my3.soliq.uz  сайтида мол-мулк солиғи тўғрисидаги ҳисоботнинг ўзи – объектлар ҳақида:

  • 0,6% ставка қўлланиладиган ;
  • қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича 3% ставка қўлланиладиган ;
  • солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди ;
  • кейинги сотиш учун қурилиш ташкилотлари ёки қурувчилар балансида  ҳисобда турувчи яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулк, кўчмас мулк эксплуатацияга киритилгандан кейин 6 ой ўтгач ;
  • минимал қиймат қўлланилмайдиган –миноралар, кўприклар (эстакадалар), резервуарлар (ўт ўчириш иншоотлари, цистерналар), бостирмалар,  шийпонлар, бетон майдонлар ва деворлар (бордюрлар) .

Агар Солиқ кодексига мувофиқ солиқ тўловчи имтиёзга ҳақли бўлса, у ҳолда my.soliq.uz сайтига «Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тўғрисида мурожаат»ни юбориши керак. Агар бу бажарилмаса, имтиёз қўлланилмайди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича ер солиғи тўловчиларида белгиланган меъёрий қиймат борасида саволлар пайдо бўлиши мумкин. Уларни ҳал қилиш учун қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Ўздаверлойиха» давлат илмий лойиҳалаш институтига мурожаат қилинг.

Кадастр маълумотларида ноаниқликлар аниқланганда уларни бартараф этиш учун объект жойлашган жой бўйича Давлат кадастр палатасига мурожаат қилинг.

Ҳисоботларни топшириш учун Солиқ кодексида белгиланган муддатлар тугашидан аввал шакллантирилган маълумотларнинг тўғрилигини текширинг. Буни белгиланган муддатдан бир неча кун олдин бажаринг. Агар хатоларни топсангиз, уларни тузатиш учун вақт талаб қилинг. Хатони фақат маълумот манбасида тузатиш орқали бартараф қилиш мумкин.

Агар ҳисоботлардаги барча маълумотлар тўғри бўлса, ҳисоботларни солиқ органларига юборинг.