Солиқ органига мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни қандай юбориш керак

preview

Солиқ тўловчи, агар кўчмас мулк қиймати Солиқ кодексида белгиланган минимал қийматдан кам деб ҳисобласа, унинг қийматини мустақил баҳолаш ҳуқуқига эга. Баҳоловчи компания томонидан берилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот солиқ органларига мол-мулк солиғи тўғрисидаги маълумотномани топширишдан аввал юборилиши керак!

2024 йилда камайтирилган қийматни қўллаш учун баҳолаш ҳисоботини қандай тўғри юбориш кераклиги хусусида buxgalter.uz Солиқ қўмитасидан тушунтириш олди:

 

Мутахассисларнинг фойдали йўриқномалари ва тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ солинадиган кўчмас мулк қиймати қуйидаги миқдорларда 1 кв. метр учун мутлақ миқдорда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлиши мумкин эмас :

  • Тошкент шаҳрида – 3 млн сўм;
  • Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида – 2 млн сўм;
  • бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда – 1 млн 200 минг сўм.

Бунда кўчмас мулк қийматини мустақил баҳолаш натижалари солиқни ҳисоблаш учун қабул қилинади, унда кўчмас мулк нархи белгиланган энг кам ставкадан кам бўлиши мумкин .

Кўчмас мулкни мустақил баҳолаш у ва мулк эгаси ўртасидаги келишув асосида баҳоловчи компания томонидан амалга оширилади.

Эътибор беринг
Мустақил баҳолаш натижалари, шу жумладан солиқ тўловчи томонидан ўтган икки йил ичида ўтказилган мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади . Яъни, 2024 йилда сиз солиқ органларига 2022 ёки 2023 йилларда ўтказилган мустақил баҳолаш натижаларини юборишингиз мумкин.

 

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот «Кўчмас мулк объектини мустақил баҳолаш натижаларини тақдим этиш» интерактив хизмати ёрдамида my3.soliq.uz сайтига юборилади.

Хизматдан қандай фойдаланиш керак

1. my3.soliq.uz сайтига киринг.

2. «Барча хизматлар» иловасини танланг. Кейин – «Юридик шахслар». Кейин – «Кўчмас мулк объектини мустақил баҳолаш натижаларини тақдим этиш»ни танланг.

3. «Объектни қўшиш» тугмасини босинг. Сизнинг барча кўчмас мулкларингиз рўйхати автоматик равишда шаклланади. Мустақил равишда баҳолаш ўтказилгани бўйича танланг.

4. Экранда «Илгари солиқ органларини ушбу объект бўйича кўчмас мулкни мустақил баҳолашни ўтказиш тўғрисида хабардор қилганмисиз?» деган савол билан ойна пайдо бўлади.

Агар хабар берилган бўлса – «Ҳа»  вариантини танланг ва аввалги хабарнома ҳақида маълумот киритинг:

  • хабарнома санаси;
  • хабарнома файли (илова қилинг);
  • мустақил баҳолашни ўтказиш муддатлари;
  • баҳоланаётган кўчмас мулк майдони.

Кейин «Қўшиш» тугмасини босинг. Объект асосий ойнада пайдо бўлгандан сўнг «Натижани юбориш» тугмасини босинг.

Янги шакл очилади, унда қуйидагиларни  кўрсатинг:

  • мустақил баҳолаш ўтказиладиган санани;
  • баҳоланган мулкнинг майдони ва қийматини;
  • баҳоловчи ташкилотининг СТИРини;
  • баҳоловчи ташкилотининг номи (СТИР киритилгандан сўнг у автоматик равишда пайдо бўлади);
  • баҳолаш натижалари (баҳолаш тўғрисида ҳисобот) бўйича тузилган маълумотномани илова қилинг.

Аввалдан ҳисоботнинг барча варақларини сканерлаб қўйинг.

Агар илгари хабар берилмаган бўлса, «Йўқ» жавоб вариантини танланг. Олдинги хабарнома ҳақидаги маълумотлар бўлган шаклларни четлаб ўтиб, дарҳол баҳолаш натижаларини қўшишга киришинг.

5. Хабарномангиз қабул қилинган ёки қилинмаганлигини текширинг. Бунинг учун «Кўчмас мулк объектини мустақил баҳолаш натижаларини тақдим этиш» ойнасида «Баҳолаш натижалари»ни танланг.

6. Агар сизнинг хабарномангиз рад этилган бўлса, сабабини билиш учун «Рад этилган» тугмасини босинг.

7. Йўл қўйилган хатолар тузатилгандан кейин хабарномани қайта юборинг – «Натижаларни қайта юбориш» тугмасини босинг.

Эътибор беринг

Мол-мулк солиғини ҳисоблашда қийматига камайтирувчи коэффициентлар қўлланиладиган объектлар тўғрисидаги, шунингдек кўчмас мулк ва имтиёзларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати тўғрисидаги маълумотлар солиқ тўловчининг мурожаати асосида интерактив хизматлар орқали my3.soliq.uz сайтида шакллантирилади:

  • «Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат»;
  • «Алоҳида ставка бўйича солиқ солинадиган кўчмас мол-мулк объектлари ва ер участкалари».

 

Мол-мулк солиғи бўйича бўнак тўловлари тўғрисидаги Маълумотномани ким ва қачон тақдим этиши керак, уни қандай тўлдириш лозим, бўнак тўловлари қачон тўланади – мутахассислар Buxgalter Pro учун батафсил тушунтиришларни тайёрладилар.

 

 

Тавсияда:

– бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тўлдириш;
– бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим қилиш муддатлари;
– солиқ даври мобайнида тахмин қилинаётган солиқ базаси ўзгарган тақдирда ҳаракатлар;
– бўнак тўловлари тўлашнинг давомийлиги ва муддатлари;
– турли вазиятларда мол-мулк солиғининг тахмин қилинадиган миқдорини қандай ҳисоблаш мумкин (корхона баҳолаш ўтказмасликка қарор қилди; баҳолаш натижаларига кўра объектнинг қиймати энг кам қийматдан юқори; бино бутунлай ўзини ўзи амортизация қилган ва бошқалар);
– мол-мулк солиғининг якуний йиллик ҳисоб-китоби;
– норезидентлар томонидан ҳисобот тақдим қилиш ва солиқ тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари.