Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги баҳолаш нимани кўрсатди

preview

Бизнес ресурсдан фойдаланиш имконияти тақдим этилган илк дақиқалардан бошлаб Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги натижалари қандай ўзгараётганлигини фаол кузатиб борилмоқда. Ҳозирча аксарият тадбиркорларда баллар ўсиш томонга ўзгармоқда.

Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси тўғри баҳолардан 15 февралдан кейин фойдаланиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, ҳозирча эса рейтинг созлаш жараёнида. Шу санадан бошлаб баҳолаш услубиятини эълон қилишга ваъда беришмоқда.

Buxgalter.uz солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВАдан тадбиркорлар нимани кутиши мумкинлиги юзасидан ўз фикри билан ўртоқлашишини илтимос қилди:

 

Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини қаерда кўриш мумкин:

 

– Солиқ қўмитаси вакиллари рейтингдаги паст кўрсаткичлар учун ҳеч қандай жарима санкциялари қўлланмаслиги, рейтинг солиқ назорати дастаги сифатида қўлланилишини бот-бот такрорлашмоқда. Аммо биз тадбиркорлар рейтингга мўлжал олишларини жуда яхши тушунамиз. Улар контрагентларни рейтингда энг юқори баҳоларга эга бўлганлар жумласидан танлашга интилишади.

Бизнес вакиллари текширувчилар эътиборини жалб қилмаслик учун анча юқори баҳо олишга интилади. Кимдадир “А” ва ундан юқори рейтингга эга тадбиркорлар учун эълон қилинган афзалликлар ҳам қизиқиш уйғотади.

Шундай экан, рейтинг муаллифлари ўз зиммаларига катта масъулият олишган. Рейтинг тадбиркорлик субъектларининг ишчанлик обрўси ва фаолияти натижаларига таъсир қилади.

 

Ҳозирча баллар ҳеч нарсадан далолат бермайди

Солиқ қўмитаси вакиллари бизга: такомиллашиб боринг ва анча юқори кўрсаткичларга эришинг, дейишмоқда. Аммо тўпланган балларнинг ўзи ҳеч нарсадан далолат бермайди. Баллар нимадан шаклланганлигини тушуниш учун тадбиркорга баҳолаш услубияти керак. Шунда у ишдаги камчиликларни бартараф этиш ва рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича йўл харитасини тузиши мумкин.

Мисол учун, тажрибали бухгалтер юритадиган компанияни тасаввур қилайлик. У қонун ҳужжатларини яхши тушунади ва компания фаолиятини уларни бузмасдан қуришга интилади. Ушбу бухгалтер рейтинг баҳосидан норози ва компанияда анча юқори баҳо бўлиши керак деб ҳисоблайди. Компанияда нима учун баҳо пастлигини тушуниш учун рейтинг услубиятини тушуниш керак. Шунда тадбиркорлар, бухгалтерлар у билан танишиб чиқадилар, катта эҳтимол билан, улар нимагадир рози бўлишмайди. Судда ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилиш учун бу ҳам жуда муҳим.

 

Рейтинг олдида ҳамма бизнеслар ҳам тенг эмас

Аввалбошдан баҳолаш тизими барча тадбиркорлик субъектлари энг юқори баҳо олишлари мумкин бўлган тарзда созланиши лозим. Афсуски, ҳозир бу шундай эмас.

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар фақат “АА” даражасига эришишлари мумкин – сабаби рейтингнинг тўртта мезони ҚҚСга бағишланган. Ушбу вазиятда рейтингларни “ҚҚС тўловчилар рейтинги” ва “айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар рейтинги”га ажратиш ёки айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун муқобил мезонлар ва рағбатлантиришларни жорий этиш мумкин бўларди.

Бошқа мисол. Тадбиркор иккита фирмага эга: бири – ишлаб чиқариш фирмаси, бошқаси – бўш биноларни ижарага бериш билан шуғулланади. Иккала ташкилотни тажрибали бухгалтерлар жамоаси юритади. Иккала ташкилот қонунчилик доирасида фаолият юритишга интилади ва жиддий ҳуқуқбузарликларга эга эмас. Аммо ишлаб чиқариш фирмаси иккинчи ташкилотга нисбатан анча паст рейтингга эга. Бунда ушбу фарқ жиддий – бир неча ўн баллар билан баҳоланади. Нима учун бу содир бўлади? Тушуниш учун баҳолаш услубияти керак.

 

Қандай баҳони якуний деб ҳисоблаш мумкин

Ҳозир бизга барча мезонларни ҳисобга олган ҳолда, тўғри баҳодан 15 февралдан кейин фойдаланиш мумкин бўлади дейишмоқда, нима учун шундайлигини – тушунтириб беришмаяпти. Мен, мисол учун, буни 15 февраль аксарият тадбиркорлар учун – бу 2023 йил учун БҲМС бўйича молиявий ҳисоботни топширишнинг сўнгги куни эканлиги билан боғлайман. Ва ушбу ҳисоботлар рейтинг якунларини чиқариш учун муҳимдир. Аммо, ахир бизда улар учун молиявий ҳисоботни топширишнинг сўнгги куни – 25 март ҳисобланадиган тадбиркорлик субъектлари мавжуд. МҲХСга ўтган корхоналар учун эса молиявий ҳисоботни топширишнинг сўнгги куни этиб 1 июнь белгиланган.

Агар мен ҳақ бўлсам, 15 февралдан кейин ҳам рейтинг ҳамма тадбиркорлик субъектлари учун ҳам якуний бўлмайдими? Услубиятдан фойдаланиш имконияти пайдо бўлгандан кейингина натижаларни шарҳлаш ва хулосалар чиқариш мумкин бўлади.

 

Мезонларда нима тушунарсиз

Баҳолаш мезонлари эълон қилинди, бироқ улар тушунтиришларни талаб қилади.

Биз илгари тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги қандай мезонлар бўйича шаклланиши ҳақида ёзганмиз (30.01.2024 й. 55-сон ВМҚ).

Мисол учун, “Аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига тузатишлар киритилиши” мезони. Бунинг учун тўпланган баллардан чегирилади. Бунда ҳисоб-китобни қайта топшириш сабаблари ҳисобга олиниши ёки олинмаслиги тушунарсиз. Ҳисоботни қайта топшириш зарурияти тадбиркорнинг айби билан юзага келганлиги, бу битта масала. Тадбиркор ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ҳисоботларни қайта топширишга мажбур бўлса, уни нима учун жазолаш керак? Масалан, илгари декларацияда кўрсатилган нархларга божхона тузатиш киритганлиги натижасида ҳисоботни қайта топширади.

Бошқа вазият – товар ойнинг охирида келиб тушди, божхонадан ўтказиш эса тадбиркорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра фақатгина кейинги ойда амалга оширилди.

Бошқа мезон – “Бир нафар ходимнинг меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасидаги улушнинг соҳа бўйича ўртача кўрсаткичига нисбати”. Компанияга мутахассис ойига 5 млн сўм миқдорида меҳнатга ҳақ тўлаш шарти билан ишга қабул қилинди. У 2 ҳафта ишлаб, бўшаб кетди. Табиийки, у ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда фақат 2,5 млн сўм олади. Ушбу вазият фирманинг рейтинг кўрсаткичида қандай акс этади?

“EBITDA бўйича рентабеллик даражаси (фоизлар, солиқлар, эскириш ва амортизация чегирилгунига қадар), халқаро стандартлар бўйича ҳисобот инобатга олинади” – талай саволлар туғдирадиган яна битта мезон. У фақат МҲХС учунми? БҲМС бўйича ишлайдиганлар учун уни қандай ҳисоблаб чиқаришади?

Умуман олганда, саволлар бир талай. Солиқ тўловчиларнинг ҳозирча баҳолаш услубиятини кутишдан бошқа чоралари йўқ. Шундан кейингина рейтинг қанчалик адолатли эканлиги, унга таяниш мумкин ёки мумкин эмаслиги, обрўни ҳимоя қилишга доир чоралар кўриш ҳақида гапириш мумкин бўлади.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади