Инвесторлар учун барча имтиёзлар ҳақида Ягона реестрдан билиш мумкин

preview

Ўзбекистонда маҳаллий ва хорижий инвесторларга бериладиган преференциялар ва имтиёзларнинг ягона реестри яратилди (07.02.2024 й. 77-сон ВМҚ).

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

Реестр Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг сайтида жойлаштирилган ҳамда солиқ ва божхона имтиёзларининг pdf-файл рўйхати сифатида расмийлаштирилган: https://miit.uz/uploads/pages/Xarid/Mahalliy_va_xorijiy_investorlarga_beriladigan_imtiyozlar_reyestri.pdf

Ҳозирги кунда реестрда 846 хил преференциялар ва имтиёзлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд:

  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ имтиёз номи;
  • ушбу имтиёз берилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат;
  • имтиёз амал қилиш муддатининг кучга кириш ва тугаш санаси.

Шуни таъкидлаш керакки, реестр сайтда 07.02. 2024 й. 77-сон ВМҚда назарда тутилган муддатлардан олдин жойлаштирилган. Реестрнинг якуний версияси 2024 йил 1 июлдан бошлаб очиқ бўлиши кутилмоқда, унгача эса солиқ тўловчиларнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштирилади.

Хусусан, солиқ маслаҳатчиси Ирода Аббосхонова реестр қуйидаги ҳолларда қулай бўлади, деб ҳисоблайди:

– нафақат pdf форматида, балки маълумотларни қидириш ва фильтрлаш имконияти билан электрон форматда ҳам кириш мумкин бўлса;

– унда қидирувни тармоқ бўйича юритиш имкони бўлса;

– унда такрорлашлар (шу кунгача бир хил имтиёз бир нечта жойларда мавжуд – реестрнинг 3, 346, 454, 615-бандларига қаранг) ва имтиёзларнинг амал қилиш муддатларидаги хатолар (реестрнинг 42, 333-бандларига қаранг) истисно қилинса.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади