Мулкдор-жисмоний шахсларнинг тижорат кўчмас мулки учун мол-мулк солиғи бир неча баравар ўсди

preview

2024 йилдан бошлаб жисмоний шахсларнинг бизнес учун фойдаланиладиган ёки юридик шахслар ёхуд якка тартибдаги тадбиркорларга ижарага бериладиган кўчмас мулкига юридик шахсларга каби солиқ базасини ҳисоблаб чиқариш тартиби татбиқ этилган. Айрим ҳолларда жисмоний шахс томонидан тўланадиган мол-мулк солиғи суммаси 20 ва ундан ортиқ баравар оширилди.

Бу жамиятда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Энг кўп бериладиган саволларни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ва тадбиркор Равшан АБДУЛЛАЕВ шарҳлаб беришди.

 

Телеграм-каналида материалларимизни кузатиб боринг.

 

2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сон Қонун билан СКнинг 420 ва 422-моддаларига ўзгартиришлар киритилди. Энди жисмоний шахсларнинг тижорат кўчмас мулки учун мол-мулк солиғи бўйича солиқ базаси юридик шахслардаги каби тарзда – СКнинг 412-моддаси нормаларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади. Жисмоний шахсларнинг бундай объектлари бўйича мол-мулк солиғи ставкаси юридик шахслар ставкасига тенглаштирилди ва у 2024 йил учун 1,5%ни ташкил этади (солиштириш учун – жисмоний шахсларнинг бошқа объектлари учун ставка 0,41%дан 0,55%гача).

 

Гулнора ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси:

– Яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектларининг кўплаб эгалари учун солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги ушбу янгилик кутилмаган бўлди. Киритилаётган ўзгартиришлар муҳокама қилиш учун ҚҲТБТ порталига қўйилмаган. Ҳақиқатда солиқ тўловчилар Солиқ кодексига ўзгартиришлар қабул қилинганидан кейингина хабардор қилинган. Ҳозир кўпчиликда ушбу нормани қўллаш билан боғлиқ саволлар туғилмоқда.

 

1. Ушбу янгилик жисмоний шахслар учун қайси муддатдан бошлаб амал қилишни бошлайди?

Шахсий ҳисобварақалар бўйича кўрамизки, солиқ органи 2024 йил 1 январдан бошлаб мол-мулк солиғини ҳисоблашни янги солиқ базасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширган. Айрим экспертлар янгилик 2024 йил 1 апрелдан бошлаб кучга кириши керак, деб ҳисоблайдилар.

Вазият низоли албатта. Биз солиқ базаси ўзгартирилиши билан юзма-юз келмоқдамиз ва бунга тадбиркорлар ҳолатини оғирлаштириш сифатида қараш мумкин. Солиқ тўлови миқдори айрим ҳолларда ўнлаб баравар ошган! Бинобарин, СКнинг 4-моддасига мувофиқ СКнинг 420 ва 422-моддаларининг янги нормалари расман эълон қилинган кундан эътиборан камида 3 ой ўтгач, яъни апрель ойида амалга киради. Янги нормани 3 ойдан кейин амалга киритиш учун бошқа асослар қатори СКнинг 4-моддасида тўғридан-тўғри “солиқ базасининг ўзгариши” кўрсатилганда шубҳалар бўлмасди. Аммо ушбу асос унда йўқ, фақат “солиқ муносабатлари субъектларининг ҳолатини оғирлаштириш” тушунчаси мавжуд.

Бу масалада нуқтани суд қўйиши мумкин, у ерга ҳар қандай манфаатдор томон мурожаат қилишга ҳақли.

 

2. Жисмоний шахслар солиқ юкини қандай пасайтиришлари мумкин?

Бундай имконият Солиқ кодексининг 412-моддасида назарда тутилган – солиқ органларига мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиш лозим. Тартиб-таомил харажатларни талаб қилади, сабаби баҳоловчиларнинг хизматлари арзон эмас. Агар кўчмас мулкингиз СКнинг 412-моддасида белгиланган энг кам ставкалардан арзонроқ туришига ишончингиз бўлса, буни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Эътибор беринг, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда мақсад кўрсатилиши керак – солиқ солиш. Акс ҳолда солиқчилар кафолатли тарзда ҳисоботингизни рад этишади.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни солиқ органларига my3.soliq.uzдаги “Кўчмас мулк объектини мустақил баҳолаш натижаларини тақдим этиш” интерактив хизмати ёрдамида тақдим этиш лозим.

У ҳозир ёки кейинроқ йил давомида юборилса солиқчилар бундай ҳисоботни 2024 йил учун мол-мулк солиғи ҳисоб-китобида эътиборга олишлари ҳам – катта масала, сабаби бундай ҳисоботни тақдим этиш муддати – 20 январдан кечиктирмай этиб белгиланган. Шунга қарамай, уни белгиланган муддатлардан кейин топшириш мумкин эмаслиги ва бу ҳолда қандай оқибатлар бўлиши мумкинлиги ёзилмаган.

 

Равшан АБДУЛЛАЕВ, тижорат кўчмас мулки мулкдори, якка тартибдаги тадбиркор:

– Тадбиркорлик учун фойдаланиладиган, юридик шахслар ёки ЯТТга ижарага бериладиган, шунингдек бизнес ёки даромад олиш учун мўлжалланган кўчмас мулкка нисбатан жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи миқдорида кескин катта ўсиш бўлди. Мисол учун, Чилонзор туманида иккинчи иқтисодий зонада жойлашган объект учун биз тўлаган солиқ миқдори ўтган йилга нисбатан 23 баравар (!) ўсди.

Миқдорнинг оширилиши кутилмаган бўлди ва мен кўчмас мулк мулкдорлари уларга солиқ тўловини мақбуллаштиришга ёрдам бериши мумкин бўлган реал дастакларга эга эмаслар деб ҳисоблайман. Белгиланган миқдорда тўлашдан ўзга чора йўқ. Бизнес учун солиқларнинг бундай суммалари – бу жуда катта юк, айрим ҳолларда жуда оғир. Пировардида бу товарлар ва хизматлар қийматида акс этади.

Ушбу қарорни қайта кўриб чиқиш мақбул ечимдек кўринмоқда.

Солиқларни ошириш зарурияти тушунарли, бироқ у бунчалик кескин бўлмаслиги керак. Бир йилда солиқ 10, 15, 20 ва ундан кўп баравар ўсди. Бу жуда кўп.

Тадбиркорлар бизнесни ривожлантиришни режалаштиришлари учун Солиқ кодексида ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мол-мулк солиғини ошириш механизмларини ёзиш мақсадга мувофиқдир.

Қуйидаги иккита вариантдан бирини энг мақбул деб ўйлайман:

1. Оқилона чегаравий миқдорни белгилаш, ундан ошганда жорий йилда айнан битта объект бўйича солиқ суммаси ўтган йил суммасидан ошиши мумкин эмас (30 фоиздан кўп бўлмаслиги мақбул кўринмоқда);

2. Жисмоний шахсларнинг тижорат кўчмас мулкини ҳисоб-китоб қилиш учун СКнинг 422-моддасида жисмоний шахсларнинг бошқа объектлари учун белгиланган фоиз ставкасини қўллаш. Улар тадбиркорлик учун фойдаланиладиган, юридик шахслар ёки ЯТТга ижарага бериладиган, шунингдек бизнес ёки даромад олиш учун мўлжалланган кўчмас мулк учун ставкалардан 3–4 баравар паст. Бунда жисмоний шахслар бошқа солиқларни ҳисоб-китоб қилишда ҳеч қандай чегирмаларга эга эмаслар.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади