Солиқ тўловчи қандай қилиб текширувдан олдинги таҳлилдан максимал фойда чиқариши мумкин

preview

Бир йил аввал текширувдан олдинги таҳлил тушунчаси жорий қилинди. У сабаб солиқ тўловчилар ишни солиқ текширувигача етказмасдан топширилган солиқ ҳисоботларидаги хатоларни тузатишлари мумкин. Биргина 2024 йилнинг январь-февраль ойларида текширувдан олдинги таҳлил натижаларига кўра 9 мингга яқин ташкилот солиқ ҳисоботларини қайта топширди ва шу тариқа ўз ташаббусига кўра тақдим этилган ҳисоботлардаги хатоларни тузатди.

Текширувдан олдинги таҳлил қандай ишлайди:

 

Мақолаларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

Текширувдан олдинги таҳлилни  :

  • солиқ органлари камерал солиқ текшируви ўтказилиши бошлангунига қадар ўтказиши мумкин;
  • бу автоматлаштирилган таҳлил. Унинг доирасида солиқ тўловчининг ҳисоботидаги маълумотлар солиқ органларида мавжуд солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборот билан солиштирилади;
  • солиқ текширувларидан фарқли ўлароқ текширув уни тайинлаш ҳақидаги буйруқсиз ўтказилади;
  • солиқ тўловчини жалб қилмаган ҳолда ўтказилади.

Агар тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланса, солиқ тўловчининг шахсий кабинетига аниқланган тафовутлар кўрсатилган хабарнома юборилади .

Тафовутлар суммаси қандай олинганлигини тушуниш учун хабарноманинг пастки қисмидаги «Номувофиқликларни ҳисоблаб чиқариш тартиби (формулa)» тугмасини босиш зарур. Шундан сўнг ҳисоб-китоблар my3.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетда автоматик тарзда очилади. Очилган ойнанинг пастки қисмидаги «Мутахассис ёрдами» модули ёрдамида эса мутахассисларга қўшимча саволлар бериш мумкин.

Солиқ тўловчи хабарнома олинган кундан эътиборан ўн кун муддатда :

аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт.

  • Ҳисоботларнинг бундай қайта топширилиши солиқ тўловчи томонидан ўзи йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш деб ҳисобланади ва санкцияларга сабаб бўлмайди ,
  • ёки, агар аниқланган тафовутларни хато деб ҳисобламаса, ўз нуқтаи назари асослаб берилган хат юбориш лозим.

 

 

Текширувдан олдинги таҳлил қуйидаги уч ҳолатдан бирида якунланган ҳисобланади :

  • солиқ тўловчи томонидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим қилинган санадан эътиборан;
  • аниқланган тафовутлар асосномаси солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган санадан эътиборан;
  • камерал солиқ текшируви тайинлаган санадан эътиборан.

 

Автокамерал ва камерал текширувини адаштирманг

Текширувдан олдинги таҳлилни кўпинча «автокамерал» деб аташади. Текширувдан олдинги таҳлил ва камерал текшируви СКнинг 138-моддаси ва Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 4-боби билан тартибга солинади. Бу солиқ назоратининг икки хил тури!

Камерал солиқ текширувини солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи билан тайинланган мансабдор шахс ўтказади. Олдиндан текширув таҳлили тўлиқ автоматлаштирилган.

Камерал текширув давомида солиқ органи солиқ тўловчининг фаолиятига тегишли ҳужжатларга (маълумотларга) эга бўлган учинчи шахслардан ҳужжатлар ёки маълумотларни талаб қилиши мумкин.

Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талаб аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги далолатномалар ва камерал солиқ текширувини ўтказган масъул ходимнинг хулосаси асосида тақдим қилинади. Камерал текширув талабига жавобан солиқ тўловчи янгиланган ҳисоботни тақдим этиши ёки ўз позицияси асослаб берилган хат билан жавоб бериши керак.

Агар солиқ тўловчи янгиланган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутлар учун асос тақдим этмаган бўлса ёхуд асос етарли эмас деб топилган бўлса, солиқ органи камерал текширув натижаларига кўра солиқ тўловчининг аудит текширувини тайинлашга ҳақли.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади