1 сентябрдан нималар ўзгаради

preview

Янгиликларнинг навбатдаги қисми – имтиёзлар, санкциялар, солиқ текширувлари ва бошқа қизиқарли нарсалар бўйича.

Buxgalter.uz ва бизнинг ҳамкоримиз – norma.uz портали билан биргаликда қонунчилик янгиликлари ҳақида маълумот берамиз:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– 2024 йил 1 сентябрдан:

Пенсия ва нафақалар оширилади 

Пенсия ва нафақалар миқдори 15% га оширилади. Шу билан бирга қуйидагилар белгиланади:

  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 428 минг сўм;
  • ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 834 минг сўм;
  • ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 920 минг сўм.

 

Жаҳон брендлари билан ҳамкорлик қилувчи ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланади 

Машҳур халқаро брендлар эгалари билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги харажатлар қопланади:

  • халқаро стандартларни жорий этиш;
  • экологик сертификатлаш ва мувофиқлик сертификатлаш;
  • мутахассисларнинг малакасини ошириш.

 

Спиртни мақсадсиз ишлатганлик учун ишлаб чиқарувчиларга санкциялар  

Озиқ-овқат ва техник этил спиртини мақсадсиз ишлатиш сўнгги 12 ой давомида биржа савдоларида харид қилинган техник ва озиқ-овқат этил спирти ҳажмларига ҳисобланган акциз солиғи суммасининг 2,5 баравари миқдорида санкциялар билан жазоланади.

 

Ов қилишнинг янги тартиби жорий этилади 

Ов фақат овчилик хўжаликлари ҳудудида амалга оширилади, уларнинг чегарасидан ташқарида ов қилиш тақиқланади.

Ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш жойларини, кичик сафари-парклар ва овчилик туризмини ташкил этган овчилик хўжаликлари ушбу тадбиркорлик фаолияти йўналишларини ташкил этган пайтдан бошлаб 3 йил давомида мол-мулк солиғи ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини белгиланган ставкаларнинг 50 фоизига камайтирилган ставкалар бўйича, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз солиқ ставкаси бўйича тўлайдилар.

 

Заргарлик соҳаси учун имтиёзлар

2027 йил 1 сентябргача:

  • "Ҳунарманд" уюшмаси аъзолари учун белгиланган солиқ имтиёзлари заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, "Ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси аъзоларига ҳам татбиқ этилади;
  • бундай тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари ва ер участкалари мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод қилинади.

 

Давлат харидларида устуворликлар

Давлат харидларида нарх ва бошқа шартлар тенг бўлган ҳолларда ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг таклифлари ушбу мезонлардан бири асосида устуворликка эга бўлади.

 

Туроператорларга имтиёзли кредитлар берилади

Кириш туризми фаолиятини амалга оширувчи маҳаллий туроператорларни айланма маблағлар билан таъминлаш учун йиллик 14 фоиз ставка билан 50 млн АҚШ доллари миқдорида миллий валютада кредит линияси очилади.

 

Йўлакларни таъмирлаш – фақат рухсат олингандан сўнг

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан мулкчилик шаклидан қатъи назар йўллар, йўлаклар ва йўл инфратузилмасининг бошқа объектларида қурилиш ишларини олиб бориш, бундай объектларни таъмирлаш, уларни бузиш ва ҳар қандай шаклда реконструкция қилиш фақат тегишли рухсатнома олингандан сўнг амалга оширилади.

 

Шоликорларга – имтиёзли кредитлар

Шоли етиштириш ва сотиб олиш харажатларини молиялаштириш учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга Президентнинг 15.12.2021 йилдаги ПҚ-52-сон қарорида белгиланган шартларда имтиёзли кредитлар ажратилади.

 

Давлат хорижий тилларни билиш бўйича имтиҳон харажатларини қоплайди   

2027 йил 1 январгача немис, француз, корейс, хитой ва япон тиллари бўйича халқаро имтиҳон тизимлари бўйича имтиҳон топширишда ёшларнинг имтиҳон харажатларини қоплаш учун зарур бўлган минимал балл кўрсаткичи (талаб этиладиган сертификат даражаси) бир поғона пасайтирилади. Барча имтиҳон харажатлари Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар доирасида қопланади.

 

Солиқ текширувларида ўзгаришлар

Тадбиркорлар томонидан рақамли маркировка қилинган маҳсулотни уни ўқиш қурилмаларидан фойдаланмасдан сотиш факти солиқ органлари базалари маълумотлари асосида аниқланганда, солиқ тўловчилар бу ҳақда шахсий кабинет орқали огоҳлантирилади. Шунингдек, солиқ текшируви тайинланади:

  • ҳуқуқбузарлик содир этилган чорак учун – икки марта огоҳлантирилгандан кейин бир ой ичида такроран ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда;
  • тадбиркорлик субъектларини хабардор қилмасдан, текширув куни Бизнес-омбудсманни хабардор қилган ҳолда – солиқ текшируви тугаган кундан бошлаб бир ой ичида такроран ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда.

 

Хавфли юкларни транзит қилишнинг янги қоидалари 

Хавфли юкларни транзит қилиш учун рухсатномалар электрон шаклда амалга оширилади.

 

Сигаретларни транзит қилиш – янги тартиб бўйича

Ўзбекистон ҳудуди орқали тамаки маҳсулотларини транзит қилишда юк ташувчи қуйидагиларга эга бўлиши керак:

  • келиб чиқиш мамлакати сертификати ва товарларни етказиб бериш бўйича шартнома (битим);
  • Ўзбекистон божхона органларининг депозит ҳисобрақамига тегишли божхона тўловларини ўтказиш. Товарларнинг Ўзбекистон ташқарисига олиб чиқилганлиги факти тасдиқлангандан сўнг тўланган суммалар қайтарилиши лозим;
  • қабул қилувчи давлатнинг акциз маркаси туширилган тамаки маҳсулотларини республика ҳудуди орқали транзит ташиш учун рухсатнома.

 

Барча суғурта турлари – Ягона тизим орқали 

Барча суғурта (қайта суғурта) шартномалари ва барча турдаги суғурта полислари мажбурий равишда Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурталовчиларнинг рейтингини юритишни бошлайди ва уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

 

Гумус учун имтиёзли кредитлар  

Тупроқдаги гумус миқдорини ошириш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг агротехник тадбирлар бўйича буюртмаларига мувофиқ 2025 йил пахта ҳосили учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан имтиёзли кредитлар ажратишга рухсат берилган.

Манбани кўринг.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text202263_1_sentyabrdan_nima_uzgaradi