Пригодятся в январе материалы экспертов:
Фуқаро А. қўшни ер участкаларида жойлашган икки уй-жойни сотиб олди, участкаларни бирлаштирди, эски уй-жойларни бузиб ташлаб, учта янги уй қурди. Ҳар бир янги уй учун алоҳида кадастр ҳужжатини олди. Кейин учала турар-жойни сотди: биттасини – инвентаризация қиймати бўйича, иккинчисини – ундан паст нархда, учинчисини – ундан юқори нархда.
Бу солиқ ва солиққа тортиш бўйича дарсликдан олинган мавҳум масала каби эшитилади. Бироқ бу – ЖШДС қўшимча ҳисобланишига ва Олий судгача етиб борган узоқ суд муҳокамасига олиб келган реал воқеа.
Вuxgalter.uz илтимосига кўра ушбу иш бўйича хулосалари билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари Гулнора МИРЗАЕВА ва Дилмурод КАРИМОВлар ўртоқлашдилар:
Экспертларнинг муҳим тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Низонинг моҳияти
Фуқаро А. қўшни ер участкаларида жойлашган икки уй-жойни – ҳар бири 6 сотихдан иборат бўлган ерларни сотиб олди. У участкаларни бирлаштирди (умумий майдони 12 сотих), эски уй-жойларни бузиб ташлаб, учта янги уй қурди. Ҳар бир янги уй учун алоҳида кадастр ҳужжатини олди. Кадастр хизмати ҳар бир янги уйнинг инвентаризация қийматини 500 млн сўмдан баҳолади.
Кейин фуқаро А. бу уйларни 12 ой ичида сотди:
1) биринчи битим: 2018 йил июль, сотиш нархи 500 млн сўм (кадастр қийматига тенг);
2) иккинчи битим: 2019 йил январь, сотиш нархи 1000 млн сўм (кадастр қийматидан икки баробар юқори);
3) учинчи битим: 2019 йил апрель, сотиш нархи 100 млн сўм (кадастр қийматидан беш баробар паст).
Фуқаро А. бу битимлардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўламади.
Вилоят солиқ хизмати бошқармаси фуқародан 60 млн сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Тарафларнинг позициялари
- Даъвогар (солиқ хизмати) бу суммани фақат иккинчи битимнинг инвентаризация қиймати ва сотиш нархи ўртасидаги фарқдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблади. Олинган фарққа 12% солиқ ставкаси қўлланилди ((1000 млн сўм – 500 млн сўм) × 12%). Биринчи ва учинчи битимлар солиққа тортилмайди.
- Жавобгар (фуқаро А.) солиқни тўламади, чунки буни қилиши шарт эмас деб ҳисоблади.
Суд қарори
Суд даъвони қисман қаноатлантирди, Солиқ кодекси нормаларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги далилларга асосланди:
1. Солиқ мажбуриятлари вужудга келган пайтда амалда бўлган қонунчиликни қўллаш. Суд 2020 йил 1 январгача амалда бўлган таҳрирдаги Солиқ кодексини қўллади (СК 4-м., 2007 й. таҳриридаги СК 3-м.).
2. Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси тамойили. Суд СК 11-моддасига (бундан кейин – 2007 й. таҳриридаги) асосланиб, унга кўра солиқ қонунчилигидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчи фойдасига талқин қилинади.
3. Солиққа тортиладиган базани аниқлаш. СК 170-моддасига мувофиқ солиққа тортиладиган база солиқдан озод қилинган даромадларни чегириб ташлаган ҳолда жами даромаддан келиб чиқиб аниқланади.
4. Жами даромад таркиби. Суд мулкий даромадларни, шу жумладан – мулкни сотишдан олинган даромадларни жами даромадга киритувчи СК 171-моддага асосланиб ҳисобга олди (2007 й. таҳриридаги СК 176-м.).
5. Биринчи битимни солиқдан озод қилиш. СК 179-моддаси 11-бандига асосан суд биринчи битим (2018 йил июль) солиққа тортилмаслигини тан олди.
6. Барча кейинги битимларни ҳисобга олиш. Суд 2019 йил январь ва апрелда тузилган битимлар жисмоний шахснинг жами даромадидан келиб чиқиб аниқланадиган солиққа тортиладиган базани ташкил этишидан келиб чиқди.
7. Солиққа тортиладиган базани ҳисоблаш. СК 176-моддаси 4-бандига мувофиқ суд солиққа тортиладиган базани иккала турар-жойнинг кадастр қиймати ва сотиш нархи ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб ҳисоблади.
8. Ҳар бир битим бўйича солиқни алоҳида ҳисоблаш талабининг йўқлиги. Суд Солиқ кодексида ҳар бир битим бўйича солиқни алоҳида ва фақат ижобий фарқдан ҳисоблаш талаби йўқлигини қайд этди.
9. Солиққа тортиладиган базани якуний ҳисоблаш. Суд солиққа тортиладиган базани даъвода кўрсатилган 500 млн сўм эмас, балки 100 млн сўм миқдорида белгилади.
10. Солиқ ставкасини қўллаш. СК 181-моддасига асосан суд ҳисобланган солиққа тортиладиган базага 12% солиқ ставкасини қўллади.
Суд қарорига шарҳ
Суд ушбу ишни кўриб чиқишда бир қатор асосий далилларга таянди. Энг аввало суд 2020 йил 1 январгача амалда бўлган Солиқ кодексини қўллади, чунки солиқ мажбуриятлари 2018-2019 йилларда вужудга келган. Бу амалдаги СК 4-моддаси 1 ва 2-қисмига (2007 й. таҳриридаги СК 3-м.) мос келади.
Суд шунингдек 2007 йил таҳриридаги СКнинг 11-моддасида мустаҳкамланган солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси тамойилига асосланди, унга кўра солиқ қонунчилигидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчи фойдасига талқин қилинади.
Солиққа тортиладиган базани аниқлашда суд СК 170-моддасига таянди, у солиққа тортиладиган базани солиқдан озод қилинган даромадларни чегириб ташлаган ҳолда жами даромаддан келиб чиқиб ҳисоблашни белгилайди. Жами даромад таркиби мулкий даромадларни, шу жумладан – мулкни сотишдан олинган даромадларни ўз ичига олувчи СК 171-моддасига мувофиқ ҳисобга олинди (2007 й. таҳриридаги СК 176-м.).
Суд қарорида муҳим жиҳат биринчи битим (2018 йил июль) СКнинг 179-моддаси 11-бандига асосан солиққа тортилмаслигини тан олиш бўлди. Бунда 2019 йил январь ва апрелда тузилган битимлар солиққа тортиладиган базани ташкил этувчи деб тан олинди.
Суд СК 176-моддаси 4-бандига мувофиқ солиққа тортиладиган базани иккала турар-жойнинг кадастр қиймати ва сотиш нархи ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб ҳисоблади. Бунда суд Солиқ кодексида ҳар бир битим бўйича солиқни алоҳида ва фақат ижобий фарқдан ҳисоблаш талаби йўқлигини қайд этди.
Суд солиққа тортиладиган базани қуйидагича аниқлади:
1. Икки уйни сотишдан тушган сумма: 2-уйни сотиш қиймати (2019 й. январь) + 3-уйни сотиш қиймати (2019 й. апрель) – 1000 млн сўм + 100 млн сўм = 1100 млн сўм.
2. Бу икки уйнинг кадастр қиймати: 500 млн сўм + 500 млн сўм = 1000 млн сўм.
3. Солиққа тортиладиган базани ҳисоблаш: Сотиш суммаси – Кадастр қиймати = Солиққа тортиладиган база – 1100 млн сўм – 1000 млн сўм = 100 млн сўм.
Шундай қилиб, суд солиққа тортиладиган базани солиқ хизматининг даъвосида кўрсатилган 500 млн сўм эмас, балки 100 млн сўм миқдорида белгилади.
Бу базага 12% солиқ ставкасини қўллаб, қуйидагини оламиз: 100 млн сўм × 12% = 12 млн сўм.
Бу суднинг фикрича, солиқ хизмати даъвосида кўрсатилган 60 млн сўм ўрнига фуқаро А. тўлаши керак бўлган солиқ суммаси,
Қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар
Албатта, бир уйни бошқа шунга ўхшаш уй қийматидан 10 баробар кам суммага сотиш асосли шубҳаларни уйғотади ва бозор нархлари шаклланиши тамойилининг бузилишини кўрсатиши мумкин.
Ушбу вазиятда қуйидагиларни тахмин қилиш мумкин:
1) битим нархининг пасайтирилиши эҳтимоли. Бу солиққа тортиладиган базани камайтириш ёки даромаднинг бир қисмини яшириш уриниши бўлиши мумкин;
2) ўзаро боғлиқ шахслар ўртасидаги битим. Пасайтирилган нархда сотиш қариндош ёки аффилланган шахсга амалга оширилган бўлиши мумкин;
3) расмий шартномада акс эттирилмаган яширин шартларнинг мавжудлиги.
Солиқ қонунчилиги тамойилларига мувофиқ битимлар бозор нархларида амалга оширилиши керак. Бироқ амалдаги қонунчиликда бозор нархидан сезиларли фарқ қилган ҳолларда солиқ органларига объектнинг бозор қийматидан келиб чиқиб солиқларни қўшимча ҳисоблаш имконини берувчи императив нормалар мавжуд эмас. Қонун чиқарувчига бу ерда ўйлаб кўрадиган нарса бор.
Ушбу суд қарори контекстида бу жиҳатга эътибор қаратилмаганлиги жиддий камчилик бўлиши мумкин. Нархлардаги бундай катта фарқнинг сабаблари тўғрисида қўшимча тушунтиришлар сўраш ва балки объектларнинг ҳақиқий бозор қийматини аниқлаш учун экспертиза тайинлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Манипуляцияларнинг олдини олиш ва адолатли солиққа тортишни таъминлаш учун солиқ қонунчилиги ва маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар қатори самарали восита бўлиши мумкин.
Қуйидагиларни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:
1. Объектлар битта битим доирасида сотиладими ёки йўқми, бундан қатъи назар ҳар бир кўчмас мулк объекти учун солиқ базасини алоҳида ҳисоблаш талабини қонунчиликда мустаҳкамлаш.
2. Ҳар бир турдаги кўчмас мулк объекти учун унинг индивидуал хусусиятларига (майдони, жойлашуви, ҳолати ва ҳ.к.) асосланиб, минимал солиқ қийматини аниқлаш қоидаларини ўрнатиш. Бунинг учун – минимал нархни аниқроқ белгилаш мақсадида ҳар бир объектнинг қийматига таъсир қилиши мумкин бўлган ноёб хусусиятларини ҳисобга олиш методикасини ишлаб чиқиш.
3. Ҳар бир объект нархини ушбу ҳудуддаги шунга ўхшаш кўчмас мулкнинг жорий бозор нархлари билан таққослаш механизмини ишлаб чиқиш.
4. Агар нарх бозор ёки кадастр қийматидан сезиларли фарқ қилса, ҳар бир объект учун нарх асосланишини тақдим этиш талабини киритиш.
5. Сотувчиларни, ҳатто агар улар битта битим доирасида сотилган бўлса ҳам, ҳар бир сотилган кўчмас мулк объекти бўйича батафсил ҳисобот тақдим этишга мажбурлаш.
6. Ҳар бир объект нархининг бозор нархларига мувофиқлигини автоматик текшириш тизимини жорий этиш.
7. Ҳар бир сотилган объект ва унинг нархи тўғрисидаги маълумотлар акс эттириладиган кўчмас мулк битимларининг оммавий реестрини яратиш.
8. Кўп объектли битимлар доирасида алоҳида объектларнинг қиймати тўғрисида нотўғри маълумот тақдим этганлик учун санкциялар киритиш.
Ушбу чораларнинг амалга оширилиши кўчмас мулк битимларини солиққа тортишнинг янада адолатли ва шаффоф тизимини яратиш имконини беради, манипуляциялар учун имкониятларни қийинлаштиради.
![]()