Очиқ мулоқот – 2025: дастлабки якунлар

preview

Тошкент шаҳрида Президент Шавкат МИРЗИЁЕВнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.

Давлат раҳбари қандай ташаббусларни эълон қилди?

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм каналимизга обуна бўлинг.

 

1. ҚҚС бўйича «амнистия»

Айланмадан олинадиган солиқдан ҚҚСга ўтаётган корхоналар 1 йил муддатга фойда солиғини тўлашдан озод этилади. Ҳисоботда хато мавжуд бўлса ҳам жарима қўлланилмайди, бухгалтерлар иш ҳақининг 5 млн сўмгача қисми 6 ойгача бундай корхона тўлаётган солиқдан чегириб ташланади.

Бугунги кунга келиб солиқ текширувлари 20 мингдан ортиқ тадбиркорда 16 трлн сўм миқдорида хато ва камчиликларни аниқлади. Бу уларнинг барқарорлик рейтингидаги позициясига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ушбу текширувлар якунлари бўйича ҳеч қандай жарима қўлланилмайди. Бунинг ўрнига тадбиркорларга 1 ноябргача барча хато ва камчиликларни ихтиёрий равишда тузатиш имконияти берилади.

 

2. Экспорт бўйича муддати ўтган қарздорлик учун жарималарга мораторий

Ташқи бозорлардаги тебранишлар, логистикадаги узилишлар экспорт тушумларининг кечикишига олиб келмоқда.

Тадбиркорлар ушбу муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар тўламоқла.

Президентнинг сўзларига кўра, давлат улуши бўлмаган корхоналарга экспорт бўйича муддати ўтган қарздорлик учун жарима ҳисоблаш ва ундиришга бир йиллик мораторий жорий этилади.

 

3. Саноат инфратузилмасини яхшилаш харажатларини солиқ базасидан чегириб ташлаш

Иқтисодиёт барқарор ўсгани сари янги инфратузилмага талаб ортиб боради. Ташқи инфратузилмани ўз ҳисобидан қилаётган тадбиркорларни давлат рағбатлантиради. Энди бундай харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасидан чегириб ташланади.

 

4. Фойда солиғи бўйича бўнак тўловларига ўтиш чегарасини ошириш

Амалдаги тартибга кўра жами даромади ўтган йил учун киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 10 млрд сўмдан ошадиган корхоналар бўнак тўловларини тўлайди . Кўпинча бу айланма маблағлар билан боғлиқ қийинчиликларга олиб келади.

Ушбу тартиб фақат йиллик айланмаси 20 млрд сўмдан ортиқ корхоналарга қўлланилиши эълон қилинди.

 

5. Меҳмонхоналар учун преференциялар

Келгуси 3 йилда меҳмонхона ва туризм масканлари ташкил этиш учун жами 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади. Бунда меҳмонхона қурмоқчи бўлган тадбиркорлар ерни сотиб олиш учун тўловни амалга оширишга мажбур бўлмайди. Эвазига давлат шу сумма билан лойиҳага улушдор бўлиб киради.

Тадбиркорлар 10 йил ичида исталган вақтда бу улушни қайта сотиб олиши мумкин бўлади. Агар тадбиркор ер қийматини дарҳол тўлашга розилик билдирса, 20 фоиз чегирма назарда тутилган.

Меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли кредитлар берилади (жойлашган жойига қараб 10 млрд сўмдан 30 млрд сўмгача).

Кўп тадбиркорлар давлат объектлари ва хусусий биноларни сотиб олиб, уларни меҳмонхонага айлантирмоқда. Энди янги меҳмонхона учун назарда тутилган субсидия уларга ҳам берилади.

Ҳозир меҳмонхона эгалари ҳар бир турист учун кунига 62 минг сўмгача туристик йиғим тўлашга мажбур. Эндиликда Тошкент, вилоятлар маркази ва йирик туристик ҳудудлардан ташқари бирорта жойдаги меҳмонхона бу йиғимни тўламайди.

Амалдаги тартибга кўра оилавий меҳмон уйлари кунига 10 нафардан ортиқ туристни қабул қилмаслиги керак. Энди бу чеклов 2 баравар оширилиб, 20 нафарга етказилади.

Шунингдек Президент маҳаллий меҳмонхоналар ва оилавий меҳмон уйлари ўртасида танлов ўтказишни таклиф қилди. Танловнинг мукофот жамғармаси 1 млн АҚШ долларини ташкил этади.

 

6. Ижарага берувчилар ва ижарага олувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Давлат объектлари ва ер участкалари учун йиллик ижара тўлови инфляция даражасидан юқори индексация қилинмайди.

2026 йилдан бошлаб давлат активлари 5 йилга ижарага берилади. Шартнома фақат ижарага олувчи ўзи хоҳласа ёки ўз мажбуриятларини бажармаса бекор қилиниши мумкин.

1991 йилда қабул қилинган «Ижара тўғрисида»ги Қонун асосан давлат органлари манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилганлиги қайд этилди. Шу боис ижарага берувчи ва ижарага олувчининг ҳуқуқларини бир хил ҳимоя қиладиган янги қонун ишлаб чиқилмоқда.

 

7. Хусусий боғчалар учун имтиёзлар

Боғча қамрови 70-80 фоиздан паст бўлган республиканинг 80 та туманида тадбиркорларга имтиёзлар берилади:

  • ушбу туманларда бўш турган ерларда ДХШ асосида боғча қуришга рухсат берилади;
  • тадбиркорлардан ер учун ижара тўлови 30 йил давомида ундирилмайди, уларга давлат боғчасида ҳар бир болага назарда тутилган харажатларнинг ярми миқдорида субсидия берилади.

Ушбу туманлардаги бошқа аҳоли пунктларида боғча очишни режалаштираётган тадбиркорларга қуйидагилар берилади:

  • 7 йил муддатга йиллик 18 фоизли 5 млрд сўмгача имтиёзли кредит;
  • фаолият турини ўзгартирмаслик шарти билан ер текинга берилади;
  • 1 фоиз ставкада ижтимоий солиқ тўлаш имконияти;
  • тарбиячиларнинг иш ҳақи 3 йилгача тўлаб берилади.

 

8. Хусусий тиббиёт учун преференциялар

Чегара ҳудудларда клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораторияларни ўз ичига олган тиббиёт кластерлари ташкил этилади.

Уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 200 млн АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит линияси очилади.

Тиббиёт кластерларини ташкил этган тадбиркорларга 7 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан 17 фоизли кредит берилади.

 

9. Инвесторлар учун платформа

Лойиҳаларга соддалашган тартибда маблағ жалб қилиш учун инвестиция платформаси ишга туширилади. Барча корхоналар ўзининг лойиҳасини унда жойлаштиради, потенциал инвесторлар эса исталган лойиҳани танлаб, маблағлар киритиши мумкин бўлади.

Бунда инвестор таъсисчи эмас, балки улушдор сифатида даромадга шерик бўлади, киритган маблағи эса кафолатли ҳимояланади.

 

10. Ер солиғи, мол-мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва ЖШДС бўйича автоматик ҳисобот, кечиктирганлик учун жарималарни камайтириш

2026 йилдан бошлаб тадбиркорлар ер солиғи, мол-мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва ЖШДС бўйича ҳисоботларни шакллантириш мажбуриятидан озод этилади.

Ушбу ҳисоботлар солиқ органлари томонидан шакллантирилади, тадбиркорлар эса бундай ҳисоботга 5 кун ичида тузатишлар киритиши мумкин.

Солиқ ҳисоботини кечиктиргани учун кичик ва йирик бизнес бир хил жарима тўлаяпти, бунда ҳар бир ҳисобот тури учун алоҳида жарима ҳисобланади.

Солиқ қўмитасига 1 ноябрдан бошлаб тақдим этилмаган ёки кечиктирилган солиқ ҳисоботлари сонидан қатъи назар, ягона жарима қўллайдиган тизимни яратиш топширилди.

Бунда кичик бизнес учун жарималар 3 баравар камайтирилади.

 

11. Моддий зарарни ундириш бўйича суд қарорларини ижро этишни кечиктиргани учун пеня

Қарздорликни ундириш кечиктирилган ҳар бир кун учун тадбиркорнинг зарарига ишламоқда.

Шу боис халқаро тажриба асосида «астрент» (суд неустойкаси) тизими жорий этилади. Суд қарорида моддий зарарни қоплаш кечиктирилган ҳар бир кун учун қарздордан пеня ундириш аниқ кўрсатилади.

 

12. 10 турдаги лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш

2026 йилдан бошлаб яна 10 турдаги лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш режалаштирилган.

Хусусан, аудиторлик ташкилотлари, туризм соҳасидаги ҳунармандлар, туристик ахборот марказлари, транспорт техник кўригини амалга оширадиган тадбиркорлар фаолият бошланганлиги тўғрисида хабардор қилиш тартибига ўтказилади.

Ҳозирда лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш тартиби бузилганда корхонага ҳам, унинг раҳбарига ҳам жарима қўлланилмоқда.

Энди бундай ҳолатлар учун фақат корхона жарима тўлайди, мансабдор шахснинг жавобгарлигини эса корхонанинг бошқарув органи мустақил ҳал қилади.

 

13. «15 дақиқада бизнес бошлаш» тамойили

Тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг ўзида:

  • электрон рақамли имзо берилади;
  • банк ҳисобрақами очилади;
  • хоҳишига кўра ижара шартномаси расмийлаштирилади;
  • касса аппарати солиқ органида рўйхатдан ўтказилади;
  • тегишли масъул давлат органларига хабарнома юборилади.

Натижада ушбу тартиб-таомиллар учун зарур бўлган муддат 1 ҳафтадан 15 дақиқагача қисқартирилади.

 

14. Сертификатлаш ўрнига мувофиқликни декларациялаш

Кўчат, минерал ўғитлар, пойабзал, чорва озуқаси каби маҳсулот тоифалари учун санитария, ветеринария ва карантин назоратида бўлган 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификати бекор қилинади.

Мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхати қўшимча 288 позицияга қисқартирилади.

Умуман, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш ҳамда баҳолаш билан боғлиқ миллий инфратузилма тубдан ислоҳ қилинади ва халқаро стандартларга мослаштирилади. Биринчи навбатда – сертификатлаш ўрнига мувофиқликни декларациялаш амалиёти кенг жорий этилади.

 

Очиқ мулоқот давомида эълон қилинган бошқа ташаббуслар билан «O'zbekiston Respublikasi Prezidenti matbuot kotibining rasmiy kanali» телеграм каналида танишишингиз мумкин.

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text210118_ochiq_muloqot_-_2025_dastlabki_yakunlar