Очиқ мулоқот – 2025: Президент Фармонида қандай чоралар белгиланди

preview

19 августда Президент билан V очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармон имзоланди.

Учрашувнинг дастлабки якунлари ҚҚС бўйича «амнистия» ва 2026 йилдан бошлаб тадбиркорларни ер солиғи, мол-мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва ЖШДС бўйича ҳисоботлар тузиш мажбуриятидан озод қилиш таклифи билан қизиқтирди. Энди ушбу чора-тадбирлар Фармонда қандай ифодаланганини кўрамиз:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм каналимизга обуна бўлинг.

 

Фармондан энг катта қизиқиш уйғотган парчаларни эълон қиламиз:

 

1. Туризм, жойлаштириш воситалари

  • Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун устав капиталида давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш ва ундиришга 2027 йил 1 январга қадар мораторий жорий этилади. Бунда мораторий даврида муддати ўтган дебитор қарздорлик бартараф этилганда қўлланилган жарималар бекор қилинади

*Таҳр. изоҳи: биз буни шундай тушундикки, мораторий даврида жарималар барибир ҳисобланади, лекин 2027 йил 1 январгача ундирилмайди.

  • 2026 йилдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи Туризмни ривожлантириш дастури жорий этилади:

– 2026–2028 йилларда жойлаштириш воситаларини ташкил қилиш учун камида 5 минг гектар ер участкаларини электрон онлайн аукционга чиқариш;

 – ер участкаларининг аукционда шаклланган нархидан келиб чиқиб, қуриладиган меҳмонхона УФ (УК)нинг 50 фоизидан ошмаган қисмигача давлат улуши билан кириш юзасидан шериклик битимлари тузиш механизми;

– давлат улушини 10 йил давомида бозор қийматида мулк иштирокчиси ёки бошқа салоҳиятли инвесторларга реализация қилиш имконияти;

– 2026–2028 йилларда тижорат банклари томонидан барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача имтиёзли кредитлар: вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, туризм ихтисослашган туман (шаҳар)ларда қурилаётган меҳмонхоналар учун – 30 млрд сўмгача; бошқа ҳудудларда – 10 млрд сўмгача;

– ҳар йили сайёҳларнинг энг кўп эътиборини қозонган ва нуфузли халқаро платформаларда ижобий эътироф этилган жойлаштириш воситаларини аниқлаш ва тақдирлаш бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларига тенг танлов.

  • 2026 йил 1 январдан бошлаб:

– республика туман ва шаҳарларида (вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган туризм салоҳияти юқори бўлган туман (шаҳар)лар ва туристик зоналар бундан мустасно) жойлашган жойлаштириш воситалари учун туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби бекор қилинади;

– оилавий меҳмон уйи сифатида тан олиш учун бир вақтнинг ўзида вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатиш мумкин бўлган ташриф буюрувчилар (туристлар) сони бўйича белгиланган чегара миқдори 2 баравар оширилади.

  • 2026 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун кетган харажатларининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш тизими меҳмонхонани қўшимча бино ва иншоотлар қуриш орқали кенгайтириш, мавжуд бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини меҳмонхона фаолиятига ўзгартиришга ҳам татбиқ этилади.
  • 2026 йилдан бошлаб давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори мазкур ҳудудда шаклланган ижара тўловининг минимал бозор нархидан келиб чиқиб аниқланади. Давлат кўчмас мулкини ижарага бериш муддати 3 йилдан 5 йилгача оширилади.

 

2. Солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чоралари

  • 2026 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта ҚҚС тўловига ўтган хўжалик юритувчи субъектларга қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилади:

 – 1 йил муддатга фойда солиғини тўлашдан озод қилиш;

– 1 йил давомида ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлламаслик;

– 6 ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларининг ҳар ойда МҲЭКМнинг 3,5 бараваридан ошмаган қисмини тўлаётган солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташлаш.

  • 2026 йил 1 январдан бошлаб солиқ мажбуриятини бажаришнинг қуйидаги проактив тартиби жорий этилади:

юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботларини шакллантириш вазифасини солиқ органларига ўтказиш, ушбу мажбуриятни солиқ тўловчилар учун бекор қилиш;

– солиқ тўловчи солиқ органлари томонидан тайёрланган солиқ ҳисоботига 5 иш куни ичида зарур тузатишларни киритиш ва тузатиш киритилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқига эга.

  • Фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмга оширилади.
  • Хўжалик юритувчи субъектлар ўз маблағлари ҳисобидан ижтимоий инфратузилма объектларини қуриб, беғараз топширганда, ушбу объектлар учун қилинган харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини камайтиради.
  • 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар учун белгиланган жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нақд пулга харид қилинганда, ушбу товарлар учун электрон чеклар бериш тартиби барча хўжалик юритувчи субъектларга татбиқ этилади.
  • Тадбиркорлик субъектларининг солиқ аудити натижалари бўйича молиявий санкцияларни 6 ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкцияларга ҳам татбиқ этилади.
  • 2026 йил 1 январдан бошлаб сайёр солиқ текширувини ўтказишда мобиль видеокамерадан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади. Мобиль видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
  • Солиқ қўмитасига 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш топширилди:

– солиқ ҳисоботини (декларациясини) белгиланган муддатда тақдим этмаганлик учун маъмурий жарима миқдорини кичик тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларига нисбатан БҲМнинг 10 бараваридан 3 бараварига ва фуқаролар учун 3 бараваридан 1 бараварига тушириш;

– ҳисобот даврида бир нечта солиқ турлари бўйича солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаган ҳолатда, барча тақдим этилмаган ҳисоботлар бўйича умумий битта жарима қўллаш;

охирги 3 ойда солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этиб келган хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жаримани 5 кунгача қўлламаслик.

  • Солиқ қўмитасига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 июлдан бошлаб солиқлар бўйича тўловларни амалга ошириш, ортиқча тўлов ва қарздорлик суммаларини ягона ғазначилик ҳисобварағи орқали ўзаро ҳисобга олиш тизимини жорий қилиш топширилди.
  • Олий судга бизнес-омбудсман билан биргаликда 2025 йил якунига қадар тадбиркорлик субъектларига иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш имкониятини яратиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топширилди.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text210132_ochiq_muloqot_-_2025_prezident_farmonida_qanday_choralar_belgilandi