Сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш учун қандай имтиёзлар олиш мумкин

preview

Президентнинг ПҚ-189-сон қарорида сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантирувчи инвесторлар учун салмоқли имтиёзлар пакети, шу жумладан ҚҚС ва фойда солиғи бўйича имтиёзлар назарда тутилган.

Тафсилотлар - buxgalter.uz шарҳида:

Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

22.10.2025 йилдаги ПҚ-189-сон «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга мувофиқ 2026 йил 1 январдан сунъий интеллект технологияларини жорий этишни назарда тутувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва техник шартлар Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан мажбурий равишда келишилиши лозим.

Бунда, Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириладиган қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган лойиҳаларга эга инвесторлар учун ҚҚС, фойда солиғи ва ЖШДС бўйича қуйидаги имтиёз ва преференциялар назарда тутилмоқда:

 

1. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича ҚҚСдан озод қилинадиган айланма

Агар СКнинг 260-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, телекоммуникациялар тармоқларида тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларини, шунингдек улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича хизматларни реализация қилиш айланмаси солиқ солишдан озод қилинади.

 

2. ҚҚСдан озод қилинган товарларни Ўзбекистонга олиб кириш

Қуйидагиларни республика ҳудудига олиб кириш солиқ солишдан озод қилинади:

– тасдиқланган рўйхат бўйича олиб кириладиган, ўхшаши Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар;

– телекоммуникация операторлари ва тезкор-қидирув тадбирлари тизимларининг техник воситаларини сертификатлаштириш бўйича махсус орган томонидан сотиб олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимларининг техник воситалари – махсус ваколатли давлат органининг ёзма тасдиғи мавжуд бўлганда.

 

3. Инвестициявий чегирма

Солиқ тўловчи амортизация қилинадиган активлар бўйича инвестициявий чегирмаларни СКнинг 308-моддасида белгиланган тартибда ва шартларда, СКнинг 306-моддасига мувофиқ аниқланадиган активнинг бошланғич қийматидан келиб чиққан ҳолда қўллашга ҳақли.

Инвестициявий чегирма:

– амортизация харажатлари сифатида тан олинади:

– қуйидаги миқдорда қўлланилади:

ахборот тизимларини яратиш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида янги технологик асбоб-ускуналар қийматининг, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва (ёки) технологик қайта жиҳозлаш харажатларининг ва (ёки) маҳаллий ишлаб чиқарилган ДТни сотиб олишга йўналтириладиган маблағлар суммасининг 20 фоизи.

 

4. ҚҚС, фойда солиғи, ЖШДС бўйича вақтинчалик имтиёзлар

  • Бюджет ташкилотлари, шунингдек, давлат корхоналари ва юридик шахслар томонидан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ва жалб қилинадиган ташқи қарз (Ўзбекистон банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган маблағлар бундан мустасно), инфратузилма лойиҳалари учун техник ёрдам (грантлар) ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида харид қилинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ва жалб қилинадиган ташқи қарз ҳисобига тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида харид қилинадиган товарларни 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлатдан УФ (УК) га олиб кириш 2028 йил 1 январга қадар ҚҚСдан озод қилинади. Ушбу имтиёз лойиҳа иштирокчиларига ҳам қўлланилади.
  • 2025 йил 1 февралдан 2030 йил 1 январгача календарь йил давомида экспорт хизматлари ҳажми 10 миллион АҚШ долларидан ошган Ўзбекистон норезидентлари бўлган юридик шахсларнинг (Ўзбекистон билан икки томонлама солиққа тортишдан қочиш тўғрисида битим тузган давлатларнинг солиқ резидентлари бундан мустасно) Технопарк резидентларига ахборот технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлари (шу жумладан улар бўйича роялти тўланадиган) қисми фойда солиғи тўлашдан озод қилинади.
  • 2025 йил 1 февралдан 2040 йил 1 январгача Технопарк резидентлари – жисмоний ва юридик шахслар – Ўзбекистон норезидентларининг жами даромад таркибида экспорт ҳажми 50 фоиздан ошадиган дивидендлар кўринишидаги даромадларига нисбатан ЖШДС ва фойда солиғи Ўзбекистон резидентлари учун белгиланган ставкалар бўйича ҳисобланади.
  • 2028 йил 1 январдан 2040 йил 1 январгача Технопарк резидентлари барча солиқларни (ҚҚСдан ташқари) тўлашдан озод этилади. Имтиёз юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади:

– Технопарк резидентлари учун рухсат этилган фаолият турлари бўйича календарь йил давомида жами даромад таркибида экспорт ҳажми 50 фоиздан ошганда;

– IT-таълим хизматларини кўрсатувчи, 18 ёшдан ошган битирувчиларнинг 50 фоизи календарь йили давомида Технопарк резиденти бўлган экспорт қилувчи корхоналарга ишга жойлашганда.

Эътибор беринг

Инвесторлар учун 22.10.2025 йилдаги ПҚ-189-сон қарор доирасида бошқа имтиёзлар бўйича Buxgalter Pro да батафсил тушунтиришлар тайёрлаймиз.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text211451_suniy_intellekt_infratuzilmasini_rivojlantirish_uchun_qanday_imtiezlar_olish_mumkin