1 октябрдан нималар ўзгаради

preview

2021 йил 1 октябрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар тўғрисида norma.uz портали ёзди.

 

Солиқ ставкалари ўзгаради

  • Айрим ишлаб чиқариладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари турларига солиқ ставкалари оширилади. Тафсилотлар тегишинча бу ерда ва бу ерда;
  • цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғининг ставкаси 20 дан 15%гача пасайтирилади.

 

ҚҚС суммаларини ҳисобга олишнинг янги тартиби жорий этилади

Экспорт қилинадиган товарлар ишлаб чиқарувчиси Ўзбекистондаги банк ҳисобварағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъи назар кирувчи ҚҚСни ҳиcобга олиши мумкин .

 

Янги солиқ ва маъмурий енгилликлар

Қуйидагилар бекор қилинади:

  • қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДС тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;
  • алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;
  • давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бир қатор назорат функциялари.   

 

Экспортни қўллаб-қувватлаш 

  • Экспортни рағбатлантириш агентлиги йиллик экспорт ҳажми $20 млн дан ошган корхоналарга бир марталик молиявий ресурслар $5 млн  гача миқдорда тақдим этишни бошлайди. Ресурслар экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир йилгача муддатга тақдим этилади;
  • охирги 12 ой давомида $1 млн  дан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналар асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятига эга бўлишди;
  • юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хом ашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.

 

Божхона соҳасида янгиликлар 

  • ДБҚнинг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида тоифадан ташқари мақомга эга бўлган масофавий электрон декларациялаш божхона постлари очилади.

 

ККУни унинг қурувчиси бошқаради

Қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи 2 йилда унинг қурувчиси зиммасига юкланади, мазкур муддатга уй-жойдан фойдаланишнинг кафолат муддати жорий қилинади.

 

 Юридик хизматлар - давлат даражасида

  • Бутун республика бўйича Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади;
  • "Е-huquqshunos" электрон тизими босқичма-босқич жорий этилади. У давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш имконини беради.

 

Коррупция устидан қўшимча назорат

Барча давлат ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилади. Уларнинг вазифалари жумласига қуйидагилар киради:

  • коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш;
  • уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш;
  • манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик; 
  • коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш.

 

Инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш

 Инвесторнинг қиймати 200 млрд сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25%дан кам бўлмаган лойиҳалари зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади.

 

Электрон онлайн-аукционларни ўтказишнинг янги қоидалари

Аукцион натижалари бўйича пул маблағлари «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУКнинг махсус ҳисобрақамида йиғилади ва аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг, улар буюртмачи ҳисобрақамига ўтказилади.

 

 Имтиёз олувчилар даволашни янги схема бўйича оладилар

  • Давлат тиббиёт муассасаларида (кейинги ўринларда – тиббиёт муассасалари) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёз олувчиларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади. Уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади;
  • Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ихтисослаштирилган муассасаларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузилган шартномалар асосида базавий нархларда молиялаштириш механизми жорий этилади;
  • ихтисослаштирилган муассасалар расмий веб-сайтларида бўлимлар кесимида мавжуд ўринлар сони, шу жумладан, бўш ўринлар сони, кўрсатиладиган тиббий хизматлар турлари ва нархлари жойлаштиради ва мунтазам янгилаб боради.

 

Кам таъминланган  шахслар тўғрисида маълумотлар идоралараро даражада алмашинади

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилади.

 

Агросаноат электрон портални очади

Электрон агросаноат бозори портали тест режимида ишга туширилади. Унда қишлоқ хўжалиги ва асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқлари тўғрисида маълумот акс эттирилади, уларнинг нархини кузатиб бориш ҳамда товарларни онлайн сотиш имкони бўлади.

 

Norma.uz материаллари асосида