1 январдан нималар ўзгаради

preview

2022 йил 1 январдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги ўзгартиришлар ҳақида norma.uz портали маълум қилди.

 

Солиқлар

  • Акциз солиғи маҳаллий ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига 1 сўм этиб белгиланди.
  • Алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумидан «Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратмалар миқдори 5%дан 3%га пасайтирилади. Мазкур ажратмалар бюджетга тўланадиган солиқ ва йиғимларга тенглаштирилади, солиқ органлари томонидан ундирилади ва импорт қилинадиган алкоголь маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
  • 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга пасайтирилади.
  • ҚҚСнинг салбий суммасини қоплаш (қайтариш) учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади.
  • Солиқ тўловчи тегишли солиқ даври учун солиқ ҳисоботини топширишда, солиқ органларини хабардор этган ҳолда ҚҚС салбий суммасини қоплаш (қайтариш) талабини билдиришга ҳақли бўлади.
  • Юридик шахслар ва ЯТТлар томонидан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорлик тўланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни 30 календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни  тўловчини бу ҳақда хабардор қилган ҳолда юборади.
  • Уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкаси 10%гача пасайтирилади.

 

Текширувлар

Назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади.

ССП аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти розилиги билан мазкур палата вакиллари иштирок этади.

 

Молиявий санкциялар

Қуйидагилар бекор қилинади:

  • камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар;
  • тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун жарималар. 

 

Божхона тартиб-таомиллари

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари божхона органлари томонидан қайтариш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг ушбу маблағлар ТИФ иштирокчисига 3 иш куни давомида қайтарилади.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддати 14 кун этиб белгиланади. Ушбу муддатда фоизлар ундирилмайди. Бунда кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддатидан ошганда фоизлар тўлиқ давр учун ҳисобланади.

Қўшимча ҳисобланган божхона тўловларининг ундирилмайдиган ва қайтарилмайдиган миқдори БҲМнинг 20%игача этиб белгиланади.

Товарларнинг ТИФ товарлар номенклатураси бўйича кодини аниқлаш юзасидан экспертиза якунлангунга қадар товарларни божхона тўловлари тўланишини таъминлаш орқали шартли чиқариб юбориш амалиёти жорий этилади.

Заҳарлилик даражаси «Евро-4» экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизель двигателлари билан жиҳозланган «М» ва «N» тоифаларидаги транспорт воситаларини «Вақтинча олиб кириш» ва «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштириш тақиқланади.

 

Бошқарувчи компания олдидаги қарздорлик 

Мулкдорларнинг бошқарувчи олдида қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, унинг миқдори нотариал идоралар томонидан уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштиришда тегишли шартномада кўрсатилади. Янги мулкдор ушбу қарздорлик ҳақида огоҳлантирилади.

 

Автомототранспорт ижара шартномаси 

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариусда тасдиқлаш талаб этилмайди. Бундай аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.

 

Ҳужжатлар сони камайтирилади

Давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан ва тадбиркорлик субъектларидан бир қатор маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади.

 

Суд тизими

Суд қарорлари тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади.

 

Тугалланмаган қурилиш

Қурилиш-монтаж ишлари якунланганлиги тўғрисида қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларининг фойдаланишга рухсати олинмаган объектларни  сақлаш учун Давлат бюджетидан маблағлар ажратилиши тақиқланади.

 

Фермерлар

Кўп тармоқли фаолиятни ўзлаштирмаган фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади.

 

Қарздорнинг мол-мулки

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади. Бунда мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўлмаганда қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси – қарздор зиммасида қолади.

Шартноманинг тарафи иккинчи тарафдан шартнома бўйича мажбуриятларни тўла ёки қисман бажаришини қабул қилган ёхуд шартноманинг амал қилишини бошқача тарзда тасдиқлаганда, ушбу шартномани кейинчалик ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга, агар бундай талаб ҳалоллик принципига зид бўлса, ҳақли эмас.

 

Коммунал хизматлар

Коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузилади.

 

Давлат хизматлари

Давлат хизматлари марказлари орқали қуйидагилар расмийлаштирилади 

  • Ўзбекистон фуқароси, республикада доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси ҳамда Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;
  • жисмоний шахсларга айрим фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатларини бериш ҳамда уларни ушбу мақсадда аттестациядан ўтказиш.

Norma.uz материаллари асосида.