2021 йил якунига қадар божхонада нима ўзгаради

preview

Президентнинг 10.09.2021 йилдаги ПФ-6310-сон Фармони бир қатор божхона тартиб-таомилларини соддалаштиради. “Норма” портали янгиликлар ҳақида батафсил ёзди.

 

2021 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • масофавий электрон декларациялаш божхона постлари - ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон божхона юк декларацияларининг масофавий божхона расмийлаштируви ташкил этилади. 1 октябрдан бошлаб - ДБҚнинг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб - ДБҚнинг бошқа ҳудудий бошқармаларида босқичма-босқич.

2021 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида:

  • ветеринария ва фитосанитария органларининг товарларга тегишли ҳужжатларни текшириш ва расмийлаштириш вазифалари "Ягона дарча" божхона ахборот тизими ёки унга интеграциялашган ахборот тизимлари орқали амалга оширилади;
  • ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва уларни рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади;
  • тўланадиган барча йиғимларни транспорт воситалари чегара пунктига киргунга қадар ягона ҳисобварақ асосида олдиндан тўлаш амалиёти жорий этилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб:

  • ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини божхона органлари томонидан қайтариш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг ушбу маблағлар ТИФ иштирокчиларига 3 иш куни давомида қайтарилади;
  • божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддати 14 кун этиб белгиланади. Ушбу муддатда фоизлар ундирилмайди, бунда кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддатидан ортганда тўлиқ давр учун фоизлар ҳисобланади;
  • қўшимча ҳисобланган божхона тўловларининг ундирилмайдиган ва қайтарилмайдиган миқдори БҲМнинг 20%игачани ташкил этади;
  • товарларнинг ТИФ товарлар номенклатураси бўйича кодини аниқлаш юзасидан божхона органи томонидан тайинланган экспертиза якунлангунга қадар товарларни божхона тўловлари тўланишини таъминлаш орқали шартли чиқариб юбориш амалиёти жорий этилади;
  • ТИФ иштирокчилари бир нечта божхона операциялари доирасидаги божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятларини бажаришни таъминлаш учун ягона таъминот тақдим этишлари мумкин бўлади;
  • божхона органлари товарлар бўйича тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари миқдорини аниқлаш учун ТИФ қатнашчисининг аризасига асосан дастлабки қарорни қабул қилади.

ДБҚ тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга Марказий божхона лабораторияси пайдо бўлади. У никотин сақловчи маҳсулотлар ва спиртли ичимликлар таркибини аниқлайди, товарларни экспертизадан ўтказиш ва сертификациялаш билан боғлиқ бўлган хизматларни кўрсатади, шунингдек божхонанинг бошқа вазифаларини ҳал этади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.09.2021 йилдан кучга кирди.

Norma.uz материаллари асосида