Бухгалтер ва кадрлар хизмати ходими янги МК ҳақида нималарни билиши лозим

preview

Янги Меҳнат кодекси чиқарилиши ҳақида кўпчилик билади. Ушбу Кодекс қабул қилиниши билан бухгалтерлар, кадрлар хизмати ходимлари ва HR-менежерларнинг фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлади? 

buxgalter.uz илтимосига кўра МК янги таҳририни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи аъзоси, эксперт Алексей НИЯЗМЕТОВ энг асосий янгиликлар ҳақида гапириб берди:

1. Ишга тўғри қабул қиламиз

1.1. Танлов ўтказамиз

МКда иш берувчининг талабгорларни ишга қабул қилишда суҳбат ўтказиш ва танлов асосида қабул қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланади.

Бунинг учун ишга танлов асосида қабул қилиш тартибини ишлаб чиқинг, касаба уюшмаси билан келишинг ва тасдиқланг. Унда ташкилотингизнинг (тармоқ) ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда талабгорларни танлаш мезонларини назарда тутинг.

Номзодларнинг фақат ишбилармонлик ва/ёки профессионал сифатларига малакавий талабларгина мезон бўлиши мумкин. Баъзи ҳолатларда (агар, масалан, жисмоний меҳнат ёки ишлаб чиқаришдаги зарарли шароитлар ҳақида сўз борганда) ходимнинг соғлиғи ҳолати ёки умумий жисмоний қобилияти юзасидан қўшимча шартлар белгиланиши мумкин.

Танлов тўғрисидаги қоидаларда (бошқа локал ҳужжатларда) шахсни камситувчи, масалан, жинсига, ёшига, ирқига нисбатан талаблар белгиланишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек ҳужжатда танлов ўтказиш вақти бўйича даврийликни ёки бошқа шартларни қайд этинг. Талабгорларни камида бир ҳафта олдин танлов ўтказиладиган сана ҳақида хабардор қилинг.

Buxgalter.uz тавсия қилади
Танлов мезонларига жиддий ёндашинг ҳамда улардан қай бирини бўлса ҳам келгусида меҳнат инспекцияси ёки суд олдида асослаб беришингизга тўғри келишига тайёр туринг.


1.2. Мутахассисларни таклиф этамиз

Кодексга «иш тўғрисидаги таклиф» (job offer) тушунчаси киритилади.

Ташкилотингиз талабгорни ишга таклиф қилган бўлса, меҳнат шартномасини тузишингиз лозим. Рад қилсангиз – ушбу шахс ишга қабул қилишни рад этиш ноқонуний деб шикоят қилади. Ходим эмас, балки иш берувчи ишга қабул қилишни рад этиш қонунийлигини исботлаб бериши кераклигини инобатга олинг. Кейинчалик моддий ва маънавий зарарни қоплашга тўғри келади.

Таклифда унинг қайси муддатгача амал қилишини кўрсатиб ўтинг. Буни кўрсатмаган бўлсангиз, бир ойга меҳнат шартномасини тузишингиз лозим. Муддатни таклиф юборилган санадан бошлаб ҳисоблаймиз.

Эътибор беринг
Иш тўғрисидаги таклиф директор томонидан имзоланмаган бўлса ҳам, кучга эга бўлади. Асосийси, мансабдор шахс талабгорни ишга таклиф қилиш ваколатига эга бўлиши лозим. Дарвоқе, буни нафақат ёзма шаклда, балки электрон ёки ҳатто оғзаки шаклда (агар буни тасдиқлаш мумкин бўлса) амалга ошириш мумкин. Амалиётда, масалан, ходимлар билан ишлаш хизмати бошлиғи томонидан электрон почта орқали ишга таклифни юборишнинг ўзи етарли бўлади.

Чет эллик шахсни ишга таклиф этиш мумкин, бунда ташкилотда хорижий ишчи кучини жалб этишга рухсатнома бўлиши, номзод эса Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.


1.3. Талабгорларни «ички тартиб» билан таништирамиз

Ўзингизга мос келадиган номзодни топдингиз ва ишга таклиф қилдингиз. Меҳнат шартномаси имзолангунга қадар уни қуйидагилар билан таништиринг:

  • ташкилотда айнан қандай ишни бажариши (ишнинг моҳияти, лавозим йўриқномаси ва ҳ.к.) билан;
  • иш бажариладиган меҳнат шароитлари билан;
  • ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномаси ҳамда номзоднинг ишига тааллуқли бўлган бошқа локал ҳужжатлар билан.

Ҳужжатларингиз билан имзо чектирган ҳолда таништиринг. Дарвоқе ҳар доим номзоддан (талабгордан, ходимдан) нафақат имзо қўйишини, балки Ф.И.О.ни ҳам ёзишини илтимос қилинг. Бундай усул муайян шахснинг дастхати эканлигини исботлашга тўғри келган ҳолатларда (графологик экспертиза) суд муҳокамаларида сизга ёрдам бериши мумкин.


1.4. Расмийлаштириш учун ҳужжатларни талаб қиламиз

Асосий рўйхат ўзгартирилмаган. Юзага келган ҳуқуқни қўллаш амалиётига боғлиқ ўзгартиришлар киритилди.

ЯММТда электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби жорий этилганлиги сабабли меҳнат стажига эга номзодлар қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини ёки охирги иш жойида тасдиқланган электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани тақдим этадилар.

Бундан ташқари, талабгордан СТИР ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини (ШЖБПҲ) тақдим этишни сўранг. 16 ёшгача бўлган болалар эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ўзини тақдим этадилар (турар жойидан маълумотнома талаб этилмайди).


1.5. Ходимга буйру
қ ҳақида маълум қиламиз

Меҳнат шартномасини тузиш ва имзо чектирган ҳолда ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни маълум қилиш тартиб-таомиллари унчалик ўзгартирилмаган. Бироқ янги таҳрирдаги МК қабул қилиниши билан ходим ҳақиқатда иш бошлаган кундан эътиборан 3 кун ичида буйруқ билан таништирилиши шарт бўлади.

Шунингдек ходим ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқнинг тасдиқланган нусхасини талаб қилиб олишга ҳақли бўлади. Уни олдиндан тайёрлаб қўйинг ва таништирув чоғида беринг.


1.6. Ишга олдингизми? Расмийлаштирамиз ва тўлаймиз 

Ходимни амалда ишлашига рухсат бериш тўғрисида амалдаги Меҳнат кодексида ҳам айтилган. Янги Кодексда ҳам ходимни ишга қабул қилишни лозим даражада расмийлаштириш талаб этилади: 3 кун ичида ёзма шаклдаги меҳнат шартномаси тузилиши ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ чиқарилиши лозим.

Ишга қабул қилишга ваколати бўлмаган шахс ходимни ишга қабул қилган тақдирда (масалан, цех бошлиғи янги тикувчини ишга таклиф қилган, директор ёки унинг ўринбосарининг эса бундан хабари йўқ), ёки меҳнат муносабатлари расмийлаштирилади ёхуд ходимга ҳақиқатда ишланган вақт (бажарилган иш) учун ҳақ тўланади.

Ушбу лавозимда ишлайдиган штатдаги ходимга қанча иш ҳақи тўланса, шунча ҳақ тўлашга тўғри келади.

Бундай ҳолат амалиётда учрамаганлиги сабабли, ходимга ҳақ тўлаш учун унинг тушунтириш хати ёки ишлашига рухсат берган ходимнинг (сизнинг ҳолатда цех бошлиғининг) рапорти асос бўлади деб тахмин қиламиз. Шунингдек вариант сифатида ишлашга рухсат берилганлиги далили тўғрисидаги далолатномани тузинг ва уни гувоҳ бўлган иккита ходимга имзолатинг. Ҳужжатларни раҳбарга имзолатинг (масалан, «ҳақ тўлансин» резолюциясини қўйдиринг).

Ишга қабул қилинган шахсдан СТИР, ШЖБПҲ ва паспорт нусхасини тақдим этишни сўранг (чунки сиз солиқ агенти ва тўлов манбаи ҳисобланасиз). Кейинчалик эса қуйидаги вариантлардан фойдаланиш мумкин:

a) тўлаш учун банкдаги ҳисобрақамни сўранг;

b) жами суммани нақд пулда беринг (назарий жиҳатдан оладиган бўлсак, касса тартиби бунга тўсқинлик қилади);

c) унга янги банк картасини очинг ва унга тўловни ўтказинг.

Эътибор беринг
Бошлиқнинг рухсатисиз бирор-бир ходимни ишга жалб қилган ходимни жазолаш мумкин. Биринчидан, – интизомий жазо қўлланилиши мумкин (ички меҳнат тартиби қоидаларида, лавозим йўриқномасида ёки бошқа локал ҳужжатларда иш жойида ишлашга рухсат бериш қоидалари қайд этилган бўлса). Иккинчидан, – моддий жазо тайинлаш мумкин (ишга жалб қилинган шахсга тўланган ҳақ айбдордан ундирилади).


1.7. Собиқ ходимларни қайтадан ишга қабул қилиш

Янги таҳрирдаги МКнинг алоҳида моддасида қайтадан ишга қабул қилиш тартиби келтирилган. Барча ҳолатларни кўриб чиқмаймиз, фақат амалиётда тез-тез учраб турадиган ҳолатларга тўхталамиз: штат қисқартирилиши (ходимлар сони ўзгартирилиши) сабабли меҳнат шартномасини бекор қилиш.

Бундай ўзгаришлар ташкилотда юз берган ва ходим ишдан бўшатилган бўлса, кейин эса сизда 6 ой давомида мазкур ходим эгаллаган мутахассислик ва малака бўйича бўш иш жойи пайдо бўлган тақдирда, уни қайтадан ишга қабул қилинг ва меҳнат шартномасини тузинг. Акс ҳолда сизга нисбатан юзага келиши мумкин бўлган барча оқибатлари билан ишга тиклаш тўғрисидаги даъво билдирилади.

Бунда меҳнат шартномаси янги тузилса-да, собиқ ходим ишга олинади. Шу боис қайтадан ишга қабул қилишда дастлабки синов белгиланмайди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳасида таклиф этилган бошқа ўзгартиришлар ҳақида кейинги материалларимизда айтиб ўтамиз.