Диққат! ЭҲФни расмийлаштириш қоидалари ўзгартирилди

preview

2022 йил 2 ноябрдан бошлаб мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни етказиб берувчиларнинг ҳисобварақ-фактураларини 1 календарь кун ичида кўриб чиқиш зарур. Харидор ҳужжатни тасдиқлаши ёки, унда кўрсатилган маълумотларга қўшилмаса, уни рад этиши мумкин. Асосийси – бунга календарь сутка давомида улгуриш керак.

01.11.2022 йилдаги 631-сон ВМҚга 6-илованинг 6-банди билан Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 63-бандига тегишли ўзгартириш киритилган.

 

Қолган товарлар учун етказиб берувчи тақдим этган ҳисобварақ-фактураларни харидор томонидан кўриб чиқиш муддати аввалгидек – тақдим этилган кундан бошлаб 10 календарь кунлигича қолган. 

Барча ҳисобварақ-фактуралар учун белгиланган қуйидаги қоидалар ўзгармайди:

  • харидор томонидан белгиланган муддатда тасдиқланмаган ёки рад этилмаган электрон ҳисобварақ-фактура тасдиқланган ҳисобланади;
  • ҳақиқатда амалга оширилмаган хўжалик операциялари бўйича расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар товарлар жўнатилганлигини ёки хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олинмайди.

Қуйидаги НҲҲ билан танишиб чиқиб, товарларингиз мажбурий рақамли маркировкаланиши лозимлигини билиб олишингиз мумкин:

Товарлар

Маркировкалашни тартибга солувчи НҲҲ

Фильтрли сигареталар

31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ

Фильтрсиз сигареталар

31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ

Бошқа турдаги чекиладиган тамаки маҳсулотлари, чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, никотинли тамакисиз снюс, таркибида никотин мавжуд суюқликлар ва никотинли электрон сигареталар   

31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ

Алкоголли маҳсулотлар (пиво маҳсулотлари ва металл, шу жумладан, алюмин идишдаги алкоголли маҳсулотлардан ташқари)

31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ

Пиво маҳсулотлари 

31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ

Металл, шу жумладан, алюмин идишдаги алкоголли маҳсулотлар

31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ

Чангютгич, кир ювиш машинаси, совуткичлар, музлаткичлар, телевизор, монитор

02.04.2022 йилдаги 148-сон ВМҚ

Маиший газ печи, ошхона дудбўрони, духовка ва печка, микротўлқинли печ, дазмол, сув иситгич  

02.04.2022 йилдаги 148-сон ВМҚ

Сув иситиш қозонлари, кондиционер, ўрнатилган электр моторли маиший техника (сок чиқазгич, блендер, миксер, кофе янчгич, гўшт майдалагич), барча турдаги лампалар

02.04.2022 йилдаги 148-сон ВМҚ

Иккиламчи (ташқи) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари (орфан дори воситаларидан ташқари)

 

Бирламчи (ички) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари (агар иккиламчи (ташқи) ўрам мавжуд эмас бўлса) ва доривор ангро-маҳсулотлари (орфан дори воситаларидан ташқари)

02.04.2022 йилдаги 149-сон ВМҚ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган орфан дори воситалари, шунингдек хорижда амалга оширилган рўйхатга олиш натижаларини тан олиш тартиби доирасида дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникасининг Давлат реестрига киритилган дори воситалари

02.04.2022 йилдаги 149-сон ВМҚ

ДСҚ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур маҳсулотларни рақамли маркировкалаш бўйича пилот лойиҳаси натижаларига асосан белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатга киритилган тиббий буюмлар  

02.04.2022 йилдаги 149-сон ВМҚ

Ачитилмаган ва таркибида спирт қўшилмаган, шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган мева шарбатлари (узум шираси бундан мустасно) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек газланган ҳамда газланмаган сувлар ва ичимликлар

01.11.2022 йилдаги 631-сон ВМҚ

Металл, шу жумладан, алюмин идишдаги сув ва салқин ичимликлар

01.11.2022 йилдаги 631-сон ВМҚ

Манбага қаранг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.