ДСҚ Электрон ҳисоботларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга тузатишлар билан боғлиқ вазиятни тушунтирди

preview

Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топшириш билан боғлиқ ўзларининг муаммоларини жуда яхши эслаган ҳолда, бухгалтерлар ҚҲТБТда жойлаштирилган ДСҚ қарори лойиҳасидан ташвишланишда. Унда Низомнинг 8-бандидан электрон ҳисобот дастлабки тарзда камерал назорат қилинмасдан ва унинг мазмуни муҳокама этилмасдан қабул қилиниши тўғрисидаги нормани чиқариб ташлаш таклиф қилинмоқда.

Солиқ идораси ушбу масалада ўз позициясини тушунтирди:

- ОАВда ДСҚ Молиявий ва солиқ ҳисоботларини алоқанинг телекоммуникация каналлари воситасида давлат солиқ ҳизмати органларига тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритишни таклиф этаётганлиги ва ҳар қандай электрон ҳужжат фақат камерал назорат қилингандан кейин қабул қилиниши тўғрисидаги ахборот тарқатилди. Шу муносабат билан ДСҚ қуйидагиларни тушунтиради:

Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шакллар бўйича электрон ҳужжат тарзида тақдим этади, бунда солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас (СКнинг 82-моддаси учинчи ва тўққизинчи қисмлари асосида).

Бинобарин, юқорида айтиб ўтилган Низомнинг 8-бандига ўзгартиришлар киритиш мазкур банднинг нормаларини амалдаги солиқ қонунчилиги қоидаларига мувофиқлаштириш зарурати билан изоҳланади.

Шунингдек, қайд этиш жоизки, амалдаги Солиқ кодексида “камерал назорат” тушунчаси мавжуд эмас, балки солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи ва солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботи, молиявий ҳисобот, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотлар асосида ўтказиладиган “камерал солиқ текшируви” тушунчаси мавжуд .

Тегишлича, солиқ ҳисоботи белгиланган шаклда электрон ҳужжат тарзида тақдим этилганда, давлат солиқ хизмати органларининг дастурий-аппарат воситалари уни автоматик тарзда қабул қилинишини таъминлайди, камерал солиқ текшируви эса зарурат бўлганда солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботига нисбатан ўтказилади.