Электрон тижоратда онлайн-НКМ қандай қўлланилади?

preview

Вазирлар Маҳкамаси онлайн-НКМ ва виртуал кассалар қўлланилишини регламентловчи 23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚнинг иловасига қўшимчалар киритди . Айни вақтга қадар ушбу НҲҲ мазкур қурилмаларни электрон тижоратда қўллашнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олмаган эди. Тузатишлар туфайли нималар ўзгарди?

Buxgalter.uz тушунтиради:

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари  ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомга электрон тижорат тушунчаси киритилди. Бу - ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган, товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга доир тадбиркорлик фаолияти.

Онлайн-НКМ, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган техник талаблар норма билан тўлдирилди, унга асосан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишни электрон тижорат орқали амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари фискал маълумотларни операторга узатишни ДСҚ томонидан ишлаб чиқилган виртуал касса дастурий маҳсулоти орқали амалга ошириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз: ПФ-5813-сон Фармонга мувофиқ виртуал касса дастурий маҳсулотининг асос қисми (базаси) ДСҚ томонидан бепул берилади.

Унда қуйидаги имкониятлар мавжуд:

  • маҳсулотларни кирим қилиш;
  • касса чекини шакллантириш;
  • фискал модул билан интеграция қилиш;
  • чекларни онлайн режимда операторга юбориш;
  • Z-ҳисоботни шакллантириш;
  • фойдаланувчиларни бошқариш;
  • оффлайн режимида ишлаш;
  • товарлар номенклатурасини юритиш;
  • умумий ҳисоботларни шакллантириш.

Асос қисмини тадбиркорлик субъекти ҳисобга қўйилган жой бўйича ДСИ ҳузуридаги “Солиқ сервис” ДУК филиалида олиш мумкин.

Электрон тижорат субъекти виртуал кассани ўрнатишда “Солиқ сервис” ДУК тимсолида ТХКМ билан виртуал кассага техник хизмат кўрсатиш шартномасини тузиши ва «Янги технологиялар» ИАМ тимсолида ФМОга фискал модуль (USB-токен) учун 1 БҲМ миқдорида тўловни амалга ошириш керак.

Олег ГАЕВОЙ