Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартибида нима ўзгарди

preview

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (буйруқ рўйхат рақами 2667-3, 15.07.2021 й.) ўзгартиришлар киритди ва “касаллик варақаси”нинг янги шаклларини тасдиқлади. Тафсилотлар - buxgalter.uz шарҳида:


1. 
"Тиббий-меҳнат экспертизаси" (ТМЭК) деган сўзлар "тиббий-ижтимоий экспертиза" (ТИЭ) деган сўзлар билан алмаштирилди, бунда моҳияти илгаригидек қолди. Ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш билан шартланган.

2. Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномалари энди паспорт ёки идентификация ID-картасини (илгари - шахсни тасдиқловчи ҳужжат) тақдим этилганда расмийлаштирилади.

3. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (Йўриқномага 1-илова) шакллари ва

Мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (унга 2-илова) янгиланди. Ягона ўзгартириш: ҳужжатни берган орган энди ТМЭК эмас, балки тиббий-ижтимоий экспертиза деб номланади.

Эслатиб ўтамиз

Тиббий-ижтимоий экспертиза (илгари ТМЭК) хулосаси қуйидагиларни белгилаш учун зарур:

  • ҳаёт фаолияти, меҳнатга лаёқат чекланганлиги ҳолатини, ногиронликнинг гуруҳлари, сабаблари, бошланган вақти ва муддатларини аниқлаш;
  • меҳнат фаолиятини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлган ёки саломатлигини бошқача тарзда шикастлаган ишловчиларнинг меҳнатга лаёқати йўқотилганлиги даражасини, шунингдек уларнинг ёрдамнинг қўшимча турларига муҳтожлигини аниқлаш;
  • ногиронларнинг саломатлиги ва меҳнатга лаёқати ҳолатини ҳисобга олган ҳолда уларни тиббий ва ижтимоий-меҳнат бўйича реабилитация қилиш чора-тадбирларини белгилаш;
  • ногиронларни ишга жойлаштириш бўйича тавсиялар бериш.


Қачон ТИЭ хулосаси зарур

  • Корхонада VI разрядли чиланган-йиғувчи ишлайди, 46 ёшда. Иш юқори жисмоний юкламалар билан боғлиқ. Бироқ ходимда сурункали касаллик мавжуд, у тез-тез касаллик варақаси олади ва анча енгил ишга ўтказишни сўрайди. Бунинг учун у ТИЭ натижаларини тақдим этиши керак, улар кейинчалик меҳнат фаолиятида йўл қўйиладиган жисмоний юклама даражасини аниқлаш имконини беради.
  • Корхонада асосий иш жойи II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходим қабул қилинди.  Тиббий-ижтимоий экспертиза хулосаси унга ЖШДС бўйича имтиёздан фойдаланиш имконини беради .
  • 18.03.2019 йилдаги 229-сон ВМҚга асосан пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналар ижтимоий нафақа олишга ҳақли. Шахсларнинг мазкур тоифаси ПЖга мурожаат қилиши учун тиббий-ижтимоий экспертиза хулосаси талаб этилади.
  • Агар ходимнинг саломатлиги унга меҳнат вазифаларини бажариш имконини бермаса, тиббий-ижтимоий экспертиза ногиронлик мавжудлигини аниқлаш имконини беради. Бу ҳақда “Ходимни мунтазам “касаллик варақаси”да бўлиши учун ишдан бўшатиш мумкинми” материалида батафсил ўқинг.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади