ҚҚС ва акциз солиғи бўйича янги имтиёзлар

preview

25 октябрь куни акциз солиғи ва ҚҚС бўйича солиқ имтиёзларини жорий қилувчи бир йўла иккита ҳужжат қабул қилинди. Бу - Президентнинг “Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5267-сон қарори ва “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-725-сон Қонун. Янгиликлар моҳияти - norma.uz портали шарҳида:

 

Акциз солиғи, табиий ва суюлтирилган газ

2021 йил 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар томонидан Ўзбекистонга импорт қилинган табиий газни реализация қилишда акциз солиғининг ноль фоизлик ставкаси белгиланади.

2022 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан сотиладиган суюлтирилган газга акциз солиғи солинмайди.

Тадбиркорлик субъектларига табиий ва суюлтирилган газни Ўзбекистонга импорт қилишда ҚҚСни 120 кунгача муддатга фоизлар ҳисобланмаган ва унинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда, кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, қуйидагилар:

  • табиий газни, шунингдек, аҳолига суюлтирилган газни реализация қилиш тартибга солинадиган тарифлар (нархлар) бўйича амалга оширилиши;
  • уларни сотиб олиш нархидан (таннархидан) паст нархда реализация қилишда, солиқлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли органлар томонидан белгиланган нархдан келиб чиқиб ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.10.2021 йилдан кучга кирди.

 

ҚҚС, озиқ-овқат товарлари

Солиқ кодексининг 483-моддаси “Вақтинчалик солиқ имтиёзлари” 9-қисм билан тўлдирилди, унга мувофиқ 2021 йил 10 октябрдан 2021 йил 31 декабрга қадар қуйидагиларни реализация қилиш бўйича айланмалар, шунингдек республика ҳудудига олиб кириш ҚҚСдан озод қилинади:

  • гўшт (мол, қўй, товуқ);
  • тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотлари;
  • картошка;
  • музлатилган балиқ.

Ҳужжат “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ва 26.10.2021 йилдан кучга кирди.

Norma.uz материаллари асосида