СК-2022: фойда солиғи бўйича 11 та ўзгартиришлар

preview

Тузатишларни ўрганишда давом этамиз. Фойда солиғи бўйича солиқ тўловчилар тоифалари, солиқ ставкалари ва ҳисоблаб чиқариш тартиби, солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари сақлаб қолинди. Биз 11 та муҳим тузатишларни ҳисобладик:

  

1. Амортизация қилинадиган активларни эътироф этиш тартиби аниқланди

Фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадларида:

а) қуйидаги мол-мулк асосий восита деб эътироф этилади:

  • қиймати бирлик (тўплам) учун БҲМнинг 50 бараваридан юқори бўлган;
  • солиқ тўловчида мулк хукуқи асосида турган;
  • товарларни ишлаб чиқаришда (хизматлар кўрсатишда) ёки маъмурий-бошқарув эҳтиёжлари учун 12 ойдан ортиқ вақт мобайнида фойдаланиладиган.

Ташкилот солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида мол-мулк қийматини АВлар таркибида ҳисобга олиш учун мол-мулкнинг энг кам чегарасини белгилашга ҳақли.

б) солиқ тўловчининг товарлар ишлаб чиқаришда (хизматлар кўрсатишда) ёки маъмурий-бошқарув эҳтиёжлари учун 12 ойдан ортиқ вақт мобайнида фойдаланиладиган интеллектуал фаолият натижалари ва бошқа интеллектуал мулк объектлари (уларга бўлган мутлақ ҳукуклар) номоддий активлар деб эътироф этилади. 

2. Амортизация қилинадиган активнинг бошланғич қийматини аниқлаш ва уни ўзгартириш тартиби ошкор қилинди

Амортизация қилинадиган активларнинг бошланғич қийматига қарз мажбуриятлари бўйича фоизлар қўшилмайди.

Ижарага олувчи (қарз олувчи) томонидан активларга амортизация қилинадиган капитал қўйилмалар, ижарага ва (ёки) бепул фойдаланишга берилган активлар амортизация қилинадиган активларга киритилди. Бунда амортизация қилинадиган активлар эътироф этилади, агар капитал қўйилмалар:

·        амортизация қилинадиган активга ажратиб бўлмайдиган яхшилаш шаклида амалга оширилган бўлса;

·        ижарага берувчининг розилиги билан (қарз берувчининг розилиги билан) амалга оширилган бўлса;

·        ижарага берувчи (қарз берувчи) томонидан ўрни қопланмаса.

3. Амортизация қилинадиган активлар бўйича амортизация ҳисоблаш тартиби ўзгартирилди ва аниқлаштирилди

12 ойдан ортиқ вақт реконструкция қилишда ёки модернизациялашда бўлганда амортизация ҳисоблаш вақтинча тўхтатиб турилади. Бундан реконструкция қилиш ёки модернизациялаш жараёнида бундай активдан ташкилот томонидан ўз фаолиятида фойдаланилиши давом эттириладиган ҳоллар мустасно.

Амортизация қилинадиган активлар гуруҳлари Ўзбекистоннинг асосий фондлари таснифларига мувофиқ келтирилди.

Амортизация нормалари ўртача 2 баравар оширилди.

Гуруҳ тартиб рақами

Кичик гуруҳ тартиб рақами

Амортизация гуруҳларининг (кичик гуруҳларининг)номи

Амортизациянинг нормаси, фоизларда

Бўлган эди

 Бўлди

I

 

Бинолар ва иншоотлар

 

 

 

1

Бинолар

3

5

 

2

Иншоотлар

5

10

II

 

Қувурлар, электр узатиш ва телекоммуникациялар линиялари

8

15

III

 

Машиналар ва ускуналар (транспорт ускуналаридан ташкари)

8,15

20

IV

 

Транспорт ускуналари

 

 

 

1

Ҳаво ва космик учиш аппаратлари ва улар билан боғлиқ ускуналар, кемалар ва қайиқлар, локомотивлар ва ҳаракатдаги таркиб (темир йўл таркиби)

4

10

 

2

Автотранспорт воситалари, автомобиль кузовлари (корпуслари), тиркамалар ва ярим тиркамалар, бошқа транспорт ускуналари

20

20

V

 

Компьютерлар ва периферия ускуналари

20

40

VI

 

Бошка гуруҳларга киритилмаган амортизация килинадиган активлар

15

15

Эътибор беринг
Мазкур амортизациянинг нормалари фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадларида қўлланилади. Бунда бухгалтерия ҳисобида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган амортизация ҳисоблаш усуллари қўлланилади.

Ташкилотлар амортизацияни СКда белгиланганидан пастроқ нормалар бўйича -  бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоблашга ҳақли.

 

4. Амортизация қилинадиган активнинг чиқиб кетишидан олинадиган молиявий натижани аниқлаш тартиби аниқлаштирилди

Амортизация қилинадиган активнинг чиқиб кетишидан олинадиган молиявий натижа чиқиб кетишидан олинадиган даромаддан унинг қолдиқ қийматини чегириб ташлаш орқали аниқланади.

Амортизация қилинадиган активларнинг қолдиқ қиймати:

  • 2020 йил 31 декабрь ҳолатига кўра ташкилотда мавжуд бўлган бундай активларнинг бошланғич (тикланиш) қиймати ва 2021 йил 1 январгача ҳисобланган амортизация суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади;
  • 2020 йилнинг 31 декабридан кейин ишга туширилган активлар учун - унинг бошланғич қиймати ва солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида ҳисобланган амортизация суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

 

5. Инвестициявий чегирма 2 баравар оширилади

Бир йўла инвестициявий чегирма миқдори оширилмоқда:

  • бинолар бўйича 5%дан 10%га;
  • янги технологик ускуналар бўйича 10%дан 20%га.

Инвестициявий чегирма амортизация қилинадиган активнинг бошланғич қийматига қўлланилади ва амортизация харажатлари тарзида акс эттирилади.

Эътибор беринг

Амортизация қилинадиган актив у бўйича инвестициявий чегирма қўлланилган санадан эътиборан 3 йил ичида реализация қилинган, бепул берилган ва бошқача тарзда чиқиб кетган тақдирда, бекор қилинади. Истисно - амортизация қилинадиган активнинг фавқулодда вазиятлар туфайли чиқиб кетиши.

Бекор қилишда инвестициявий чегирма бундай активнинг чиқиб кетиши рўй берган ҳисобот (солиқ) даврида жамғарилган амортизация суммасини камайтиради.

 

6. Зарарларни ўтказиш бўйича чекловлар олиб ташланди

Зарарларни 10 йил давомида ва жорий солиқ даври давомида 60%дан ошмайдиган миқдорда келгусига ўтказиш бўйича чекловлар бекор қилинади.

 

7. Тижорат банклари томонидан захиралар ташкил этишда чегириладиган харажатлар миқдори белгиланди

Тижорат банклари томонидан ташкил этиладиган захиралар фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда МБ томонидан белгиланган нормаларнинг 80%и миқдорида харажатлар жумласига киритилади.

 

8. Чегирилмайдиган харажатлар жумласидан чиқарилди

Ўқув-тарбия муассасаларига ёки етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга моддий ёрдам кўрсатиш харажатлари энди чегириладиган харажатлар ҳисобланади.

 

9. ДМнинг соф фойдаси дивидендларга тенглаштирилди

Фаолиятини ДМ орқали амалга оширувчи норезидентнинг солиқни тўлангандан кейин ўз тасарруфида қоладиган соф фойдаси дивидендларга тенглаштирилади ва унга 10% ставка бўйича солиқ солинади.

Соф фойда деганда жами даромад ва ДМ фаолияти билан боғлиқ харажатлар ўртасидаги фарқ тушунилади.

Бунда жорий солиқ даври учун ДМ соф фойдаси айни бир ДМ доирасида аввалги солиқ даврларида олинган зарарларнинг умумий суммасига, башарти илгари бундай зарарлар соф фойдани аниқлашда ҳисобга олинмаган бўлса, камайтирилади.

 

10. Фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда курсдаги фарқни ҳисобга олиш тартиби аниқланди

Курсдаги ижобий фарқ қуйидаги ҳолларда юзага келади:

  • валюта қимматликлари ва талаб қилиш тарзидаги мол-мулкни қўшимча баҳолашда;
  • валютада ифодаланган мажбуриятларнинг қийматини пасайтиришда.

Курсдаги салбий фарқ қуйидаги ҳолларда юзага келади:

  • валюта қимматликлари ва талаб қилиш тарзидаги мол-мулкнинг қийматини пасайтиришда;
  • валютада ифодаланган мажбуриятларни қўшимча баҳолашда.
Эътибор беринг
Берилган (олинган) бўнакларни қайта баҳолашдан юзага келадиган курсдаги фарқ ҳисобга олинмайди.

 

11. Агар битим нархи бозор нархига мувофиқ келмаса, фойда солиғи бўйича солиқ базасига тузатиш киритилиши мумкин

Солиқ органларига битим нархи товарлар (хизматлар)нинг бозор қийматидан паст бўлган тақдирда, фойда солиғи бўйича солиқ базасига ҚҚСга ўхшаш тарзда тузатиш киритиш ҳуқуқи берилди.