• beta

Товарларни маркировкалаш: қандай жорий этилади

05.09.2019

Сентябрь ойида товарларни маркировкалаш ва кузатиш тизимини босқичма-босқич жорий этишнинг пилот лойиҳасини бошлаш режалаштирилмоқда. Бу ДСҚ томонидан ишлаб чиқилиб, ҚҲТБТ порталида муҳокама қилиш учун жойлаштирилган ҳужжат лойиҳасидан келиб чиқади.

2019 йил сентябрдан сигареталарни маркировкалашни бошлаш режалаштирилмоқда, октябрдан эса маркировкаланадиган маҳсулотлар рўйхатида 3 та позиция бўлади. 5 та йирик ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган алкоголь маҳсулотлари ҳамда пластик ва шиша идишларда, шунингдек бочкачаларда (кегаларда) чиқариладиган қизилмия илдизидан тайёрланган пиво қўшилади. Товарлар лойиҳа доирасида генерацияланган махсус штрих-кодлар билан маркировкаланади.

Пилот лойиҳа Ўзбекистон ДСҚ ва «Истиқболли технологияларни ривожлантириш маркази» МЧЖ (Россия Федерацияси) томонидан имзоланган меморандум доирасида амалга оширилади.

Товарларни маркировкалаш ва кузатиш ахборот тизимини (кейинги ўринларда – ТМК АТ) жорий этиш мўлжалланмоқда. Пилот лойиҳа давомида унинг оператори этиб муассиси «Истиқболли технологияларни ривожлантириш маркази» МЧЖ ҳисобланган «CRPT TURON» МЧЖни тайинлаш таклиф этилмоқда.

ДСҚ пилот лойиҳа иштирокчиларини, шунингдек маҳсулотларини маркировкалаш лозим бўлган тадбиркорлик субъектларини аниқлайди.

Лойиҳада иштирок этаётган ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар ўз маҳсулотларини Маҳсулотлар реестрига киритиши лозим бўлади. Бунинг учун улар алоқа каналлари орқали ёки ТМК АТ расмий сайти ёрдамида ТМК АТ маъмурига рўйхатдан ўтиш тўғрисида аризани юборишлари керак. Буюртмада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

  • маҳсулот номи;
  • товар коди, GS1-128 штрих-коди, шунингдек ўрам турига (идишига) мувофиқ товар кодлари;
  • ўрам (идиш) тури.

Ушбу маълумот асосида ТМК АТ маъмури иштирокчилар учун маркировкалашга ноёб штрих-кодларни генерациялайди. Ишлаб чиқарувчилар уларни бевосита ишлаб чиқариш линияларида қўядилар. Импорт қилувчилар ишлаб чиқарувчи билан ушбу штрих-кодларни қўйиш ёки мустақил равишда божхона омборида буни амалга ошириш ҳақида келишиб олишларига тўғри келади.

Ишлаб чиқарувчилар (импорт қилувчилар), улгуржи савдо ташкилотлари маҳсулотга эгалик ҳуқуқи товарни муомалага киритувчи бир субъектдан бошқасига ўтаётганлиги ҳақида ТМК АТ маъмурини хабардор қилиши лозим. Бунинг учун маъмурга бошланғич ҳужжатни илова қилган ҳолда товар юкхатини юбориш керак. Мазкур маълумот электрон ҳисобварақ-фактурадаги маълумотлар билан бирлаштирилади.

Чакана савдо корхоналари, яъни товарни реализация қилувчи якуний бўғин онлайн-НКМ билан жиҳозланган бўлиши лозим. Улар ТМК АТ маъмурига сотган товарлари ҳақидаги маълумот онлайн-НКМ фискал маълумотлар оператори томонидан узатилади.

Таъкидлаш жоизки, лойиҳа иштирокчиларининг чекларида товар коди ва идентификациялаш коди ҳақида маълумот келтирилади.

Мамлакатда онлайн-НКМ тизими жорий этиш босқичида турганлиги боис лойиҳада яна бир таклиф – улгуржи сотувчи маҳсулотларни онлайн-НКМга эга бўлмаган чакана савдо корхоналарига реализация қиладиган ҳолатлар учун алоҳида тартиб жорий қилиниши илгари сурилган. Мазкур ҳолатда улгуржи сотувчи штрих-кодларни сканерлаб, сотилган товар сифатида тизимга киритиши лозим бўлади.

Товар яроқсиз ҳолга келганда, эгаси уни ҳисобдан чиқариши ва ТМК АТга қуйидагилар қайд этилган маълумотни юбориши керак:

  • оборотдан чиқарилаётган товар коди ва идентификация коди;
  • товарнинг чиқиб кетиши расмийлаштирилган ҳужжатнинг номи, санаси ва рақами;
  • товар оборотдан чиқарилган майдончанинг манзили;
  • товарнинг оборотдан чиқарилиш сабаблари.

Ишга туширилаётган тизимнинг энг асосий функцияларидан бири – истеъмолчиларни контрабанда ва контрафакт товарлардан ҳимоялаш. Шу боис истеъмолчиларга мобиль алоқа қурилмалари ёрдамида товарнинг асллилик даражасини текшириш имконияти берилади. У идентификациялаш сканерловчи воситасини бепул мобиль иловаси ёрдамида ўтказиб, ТМК АТ маъмуридан жавоб олади. Маълумотларнинг номувофиқлиги аниқланганда, ушбу мобиль илова орқали МТК АТга кейинчалик чора кўрилиши учун хабарнома юборилади.

Товар ҳаракати тўғрисидаги маълумотлардан ДСҚ хабардор бўлади. Бу тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқлар тўғри ҳисобланиши ва тўланиши устидан назоратни кучайтиришга имкон беради.

Лойиҳани амалга ошириш якунлари бўйича 2020 йил 31 мартга қадар Вазирлар Маҳкамасига идентификация воситалари билан товарларни маркировкалаш ва кейинчалик кузатиш тизимини янада такомиллаштиришга доир, қуйидагилар назарда тутилган таклифлар киритилиши лозим:

  • идентификация воситалари билан маркировкаланиши ва кейинчалик кузатилиши лозим бўлган товарлар рўйхатини босқичма-босқич кенгайтириш;
  • Давлат солиқ қўмитаси қошида ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган маҳсулотларни ҳисобга олиш электрон базасини яратиш.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Олег Гаевой.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал