Янги Фармон бўйича экспортчиларни қўллаб-қувватлаш учун 5 та янгилик

preview

Президент томонидан 2021 йил 7 сентябрь куни “Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Ҳужжат кредитлар ажратиш, божхона тўловлари бўйича кечиктириш, жарима санкцияларини тўхтатиш ва транспорт харажатларининг бир қисмини компенсация қилишни назарда тутади. Тафсилотлар - buxgalter.uz шарҳида.

 

1. Кредитлаш ва божхона тўловлари бўйича кечиктириш (Фармоннинг 2-б.)

2021 йил 1 октябрдан бошлаб йиллик экспорт ҳажми $20 млн дан ошган корхоналар бир йилгача муддатга $5 млн  гача миқдорда кредит олишлари мумкин. Маблағлар экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш учун ажратилади.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб экспортчилар божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятидан фойдаланишлари мумкин. Ушбу преференциядан охирги 12 ой давомида $1 млн  дан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналар асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар олиб киришда фойдаланишлари мумкин.

Шунингдек, Фармонда товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда унинг тўловчилари учун ҚҚСни тўлаш бўйича кечиктириш тақдим этиш назарда тутилган. Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш топширилди.

 

2. Жарима санкциялари (Фармоннинг 3-б.)

2021 йил 31 декабрга қадар ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар қўлланилиши, шунингдек, ушбу Фармон кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши тўхтатилади.

 

3. Импортда миллий сертификат (Фармоннинг 3-б.)

2021 йил 1 октябрдан юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хом ашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида тадбиркорлар миллий сертификат олишлари шарт эмас.

 

4. Транспорт харажатлари (Фармоннинг 4-б.)

Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига Европа мамлакатларига қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50%ини компенсация қилиш тизимини жорий этиш топширилди - 1 йил муддатга.

 

5. Муайян маҳсулотларни экспорт қилишга рухсатнома

Янги Фармонга асосан тариқ (ТИФ ТН кодлари 1008 21 000 0, 1008 29 000 0), қуритилган дуккакли экинлардан олинган ун ва кукун (ТИФ ТН коди 1106 10 000 0), мева ва ёнғоқлардан олинган ун ва кукун (ТИФ ТН коди 1106 30 900 0) экспорти учун Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайди.