Йирик солиқ тўловчилар қайси мезонлар бўйича танланади

preview

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси тақдим этилди.

Лойиҳа амалдаги Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3023, 18.06.2018 йил) ўрнига тайёрланди.

Лойиҳада назарда тутилишича, йирик солиқ тўловчилар – ДСҚ томонидан белгиланган мезонлардан келиб чиққан ҳолда, солиқ маъмуриятчилигига мансуб бўладиган айрим тоифадаги юридик шахслардир (Солиқ кодексининг 22-2-моддаси). Ҳудудлараро инспекцияга жойлашган жойи ва амалга ошираётган фаолиятидан қатъи назар, йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш вазифаси юкланади (ВМнинг 17.04.2019 йилдаги 320-сон қарорига 2-илова).

Қуйидаги мезонларга мос келадиган юридик шахслар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади:

  • акциз тўланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган корхоналар;
  • Марказий ва тижорат банклари, шунингдек  қимматли қоғозлар бўйича биржа фаолиятини амалга оширадиган корхоналар;
  • Навоий КМК ДК, Олмалиқ КМК АК, шунингдек уларнинг таркибига кирадиган ташкилотлар;
  • Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимлар доирасида ишларни бажарадиган ташкилотлар;
  • Аввалги календарь йил якунлари бўйича товарларни (ишлар, хизматларни) реализация қилишдан ялпи тушуми 100,0 млрд сўмдан ошадиган юридик шахслар.

Илгари йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар календарь йил якунларига кўра юқорида айтиб ўтилган мезонларга мос келмаса, улар 3 йил мобайнида йирик солиқ тўловчилар тоифасида қолдирилади.

Мазкур Низом татбиқ этиладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати ҳар йили ДСҚ томонидан солиқ даври бошланишидан бир ой олдин тасдиқланади.

 Жорилла Абдуллаев,  

«Norma» МЧЖ етакчи эксперти.