ДИЛШОД СУЛТОНОВ ЖАВОБ БЕРАДИ: доимий муассасалар учун ҳисобга туриш ва ҚҚС ҳисоб-китоби

preview

Buxgalter.uz молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг Молия вазирлиги билан қўшма акция доирасида ўқувчиларимиз йўллаган саволларига жавобларини беришни бошлайди. Ушбу савол-жавоблар чет эл юридик шахсларининг доимий муассасаларини ҳисобга қўйиш ва ҚҚС ҳисоб-китоби тартибига бағишланган.

1. Чет эл юридик шахси Ўзбекистонда доимий муассаса (ДМ) орқали фаолият юритади. 2020 йил 1 январдан бошлаб ДМ ҚҚС тўловчиси бўлди. Улар солиқни мустақил равишда ёки солиқ агентлари орқали тўлайдиларми?

- Солиқ кодексининг 36-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида доимий муассасани ташкил этишга олиб келувчи фаолиятни амалга ошираётган чет эл юридик шахслари солиқ тўловчи сифатида солиқ органида рўйхатдан ўтиши (СТИР олиши) шарт.

Бунда ДМ ҚҚС тўловчи сифатида алоҳида ҳисобга қўйилади ва ҚҚС тўловчининг алоҳида рўйхатдан ўтиш рақамини олади.

2020 йил 1 январь ҳолатига ДМга эга бўлган чет эл юридик шахси 2020 йил 1 январдан ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга туриши лозим. Бунинг учун ДМ 2020 йил 1 февралга қадар жойлашган жойи бўйича солиқ органларига ҳисобга туриш тўғрисидаги аризани тақдим этиши керак.

Солиқ органларида ДМ сифатида ҳисобга турмайдиган чет эл юридик шахси томонидан реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланган товарларни (хизматларни) реализация қилиш чоғида солиқ агентлари – ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчилар ҚҚС тўлайдилар. Ўзбекистон юридик шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлари, шунингдек чет эл юридик шахсларининг  доимий муассасалари солиқ агенти бўлиши мумкин.  Солиқ агентлари чет эл юридик шахсининг солиқ мажбуриятларининг бажаришлари сабабли солиқ органларида алоҳида рўйхатдан ўтишлари талаб этилмайди.

Жисмоний шахсларга электрон шаклда хизмат кўрсатадиган юридик шахслар истисно этилади. Мазкур тоифадаги солиқ тўловчилар ҚҚС тўловчи сифатида мустақил равишда ҳисобга туришлари лозим.

2. Чет эл юридик шахси Ўзбекистонда бир нечта шартномани амалга оширади. У фаолиятни амалга ошириш жойидаги бир ДСИда бир нечта ДМни рўйхатдан ўтказган. Ҳар бир ДМни ҚҚС тўловчи сифатида алоҳида рўйхатдан ўтказиш зарурми?

- Ўзбекистонда фаолиятни ваколатхона ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим. Шу тариқа, ҳар бир мустақил ДМ махсус рақам олган ҳолда ҚҚС тўловчи сифатида алоҳида ҳисобга туриши лозим.

Бунда, чет эл юридик шахси битта солиқ органида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган икки ва ундан ортиқ доимий муассаса ташкил этилишига олиб келувчи тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, битта доимий муассаса барча шундай доимий муассасалар гуруҳи бўйича рўйхатдан ўтказилиши лозим.  Тегишинча, ушбу ҳолатда ҚҚС тўловчи сифатида махсус рўйхатдан бир марта ўтилади.

Эътибор беринг
Мазкур қоида қурилиш майдони, қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объекти ёхуд улар билан боғлиқ кузатув (назорат қилиш) фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди. Мазкур ҳолатда ДМлар алоҳида рўйхатдан ўтказилади, солиқларни ҳисоблайди ва ҳисобот ҳам алоҳида топширилади.
Мисол
Норезидент бир туманда турли субъектларга хизматлар кўрсатади
Норезидент Тошкент шаҳрида Миробод туман ДСИда рўйхатдан ўтказилган «А» Ўзбекистон корхонасига хизмат кўрсатади. Ушбу хизматлар бўйича норезидент амалга ошираётган фаолият Миробод туман ДСИда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган ДМ ташкил этишга олиб келади. Шу билан бирга, норезидент Миробод туман ДСИда рўйхатдан ўтказилган бошқа «Б» Ўзбекистон корхонасига ҳам шундай хизматлар кўрсатади, норезидентнинг ушбу фаолияти ҳам ДМ ташкил этишга олиб келади. «А» корхонаси ҳам, «Б» корхонаси ҳам бир тумандаги солиқ органида рўйхатдан ўтказилганлиги сабабли Солиқ кодексининг 36-моддаси 17-қисмидаги нормаларга мувофиқ бундай норезидент бир ДМни ушбу туманда битта СТИР ва битта ҚҚС тўловчи рўйхат рақамини олган ҳолда рўйхатдан ўтказиши лозим.
Мисол
Норезидент бир туманда турли буюртмачилар учун бир нечта объектларни қуради
Норезидент Бухоро вилояти Олот туманида «А» компанияси учун қурилишни амалга оширмоқда. Шу норезидент яна Бухоро вилояти Олот туманида «Б» компанияси учун ҳам қурилиш ишларини олиб бормоқда. Солиқ кодексининг 36-моддаси 17-қисмидаги нормалар қурилиш майдони, қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объекти ёхуд улар билан боғлиқ кузатув (назорат қилиш) фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди. Бинобарин, ушбу норезидент «А» ва «Б» компаниялари бўйича ҳар бир қурилиш майдонини алоҳида-алоҳида ҳисобга қўяди, шунингдек солиқ суммасини алоҳида ҳисоблайди ва солиқ ҳисоботини топширади.

3. Чет эл юридик шахси Ўзбекистонда бир нечта шартномалар бўйича ишларни амалга оширади, шу муносабат билан бир неча ДМни Ўзбекистоннинг турли минтақаларида рўйхатдан ўтказган. Мазкур ҳолатда ҳар бир ДМни ҚҚС тўловчи сифатида алоҳида рўйхатдан ўтказиш зарурми?

- Чет эл юридик шахсининг бир нечта ДМни ташкил этишга олиб келувчи Ўзбекистонда амалга оширган фаолияти Ўзбекистоннинг турли минтақаларида амалга ошириладиган бўлса,  ҳар бир ДМ бўйича солиқ органларида алоҳида ҳисобга қўйилиши лозим. Шу тариқа ҚҚС сифатида рўйхатдан ўтилади: ҳар бир ДМ мустақил равишда ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга туриши ва махсус рақам олиши лозим.

Мисол
Норезидент турли туманда ҳар хил субъектларга хизматлар кўрсатади
Норезидент Тошкент шаҳрида Миробод туман ДСИда рўйхатдан ўтказилган «А» Ўзбекистон корхонасига, шунингдек Бухоро вилояти Олот туманида «Б» компаниясига хизматлар кўрсатади. Ушбу хизматлар бўйича норезидент амалга ошираётган фаолият иккита ДМ ташкил этилишига олиб келади: биттаси Тошкент шаҳар Миробод ДСИда, иккинчиси эса – Бухоро вилояти Олот туман ДСИда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Ҳар бир ДМга СТИР ва ҚҚС тўловчининг рўйхат рақами берилади.

4. Чет эл юридик шахсига қарашли ДМда ҚҚС бўйича солиқ базаси қандай аниқланади?

- Чет эл юридик шахсига қарашли ДМ товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмасидан келиб чиққан ҳолда ҚҚС ҳисоблайди ва тўлайди. ҚҚС бўйича солиқ базасини у томонлар белгилаган битим нархидан келиб чиқиб, акциз солиғини ҳисобга олган ҳолда (акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ва унга ҚҚСни киритмасдан реализация қилинган товарлар қиймати сифатида аниқлайди.

Мисол
ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаймиз
Чет эл юридик шахси буюртмачи – Ўзбекистон корхонаси билан шартнома бўйича Ўзбекистонда объект қурмоқда ва шу муносабат билан ДМни рўйхатдан ўтказди. Смета бўйича ишлар қиймати ҚҚС бўйича солиқ базаси бўлади ва 200 минг АҚШ долларини ташкил этади. Шартнома бўйича умумий ишлар қиймати 15%лик ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 230 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Чет эл юридик шахси солиқ тўловчи сифатида солиқ органларида рўйхатдан ўтмаган бўлса, солиқ агенти – ушбу чет эл юридик шахсининг товарлар (харидлар) сотиб олувчиси чет эллик шахснинг даромадларидан ҚҚС суммасини ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт, чет эллик шахс – сотувчи эса унга берилиши лозим бўлган даромад суммасини ҚҚСни чегирган ҳолда ўтказади. Бунда Солиқ кодексининг 240 ва 241-моддаларига мувофиқ товарларни (хизматларни) реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилади.

5. Чет эл юридик шахси ДМ учун ҚҚС бўйича ҳисобот тақдим этишнинг қандай муддатлари белгиланган? Бажарилган ишлар далолатномаси тарафлар томонидан имзоланган, бироқ буюртмачилар пул маблағлари олинмаган бўлса, ҳисобот қандай тартибда тақдим этилади?

- 2020 йилдан ой ҚҚС бўйича солиқ даври ҳисобланади. Айнан ушбу давр ҳисобот даври ҳисобланади. Яъни ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи ҳар ойда - ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тақдим этилади. Бунда кўрсатилган хизматларга буюртмачи томонидан ҳақ тўланган ёки тўланмаганлиги аҳамиятга эга бўлмайди. Хизматлар бўйича реализация қилиш айланмаси амалга оширилган кун ҳисобварақ-фактура ёки хизматлар кўрсатилганини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат расмийлаштирилган (имзоланган) кун ҳисобланади.

6. Чет эл юридик шахсига қарашли ДМ 2019 йилда шартнома бўйича ишларнинг бир қисмини бажарди, улар бўйича далолатномалар имзоланган ва ҳақ тўланган. Ишларнинг бир қисми 2020 йилда бажарилмоқда. Мазкур ҳолатда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база қандай аниқланади?

- Чет эл юридик шахсига қарашли ДМ 2020 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС тўловчига айланганлиги сабабли 2020 йилда бажариладиган ишлар ҳажми бўйича уларҚҚС тўлаши лозим. Бунинг учун буюртмачилар билан шартномаларга қўшимча битимларни тузиш керак, унда шартнома суммасида ҚҚС ҳисобга олинмаганлиги ва кейинчалик ишлар қийматида солиқ суммасига киритилиши кўрсатилади. Ишлар ҳажми ҚҚСсиз аниқланган ва 2020 йил 1 январга қадар бажарилган бўлса, алоҳида кўрсатиш зарур.

Эслатма
2020 йил 1 январгача ишлар (хизматлар) харидорларига ҚҚС хусусий маблағлар ҳисобидан тўланган.
Мисол
Ишларнинг 2019 йилда бажарилган қисми бўйича ҚҚС солинадиган базани аниқлаймиз.
Буюртмачи объектидаги фаолияти ДМ ташкил этишга олиб келувчи чет эллик пудратчи умумий суммаси 200 минг АҚШ долларилик шартномага мувофиқ 2019 йилда ишларнинг бир қисмини (150 минг АҚШ доллари) бажарди.
2019 йил декабрда қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича натижа топширилди, 2020 йил январда ҳақ тўланди.
Ишларнинг қолган қисми (50 минг АҚШ долларига) 2020 йил январь-февраль ойларида бажарилади, далолатномалар 2020 йил мартда имзоланади.
ҚҚС ҳисоблаш учун солиқ солинадиган база қандай аниқланади?
Пудратчи 2019 йилда ҚҚС тўловчи ҳисобланмаган. Демак, далолатномалари 2019 йил декабрда имзоланган, 2019 йилда бажарилган ишлар ҳажми бўйича ҚҚСни у ҳисобламайди ва тўламайди. 2007 йилдаги таҳрирдаги Солиқ кодексининг талабларига мувофиқ ушбу ишлар бўйича ҚҚС уларнинг харидорлари томонидан тўланади.
2020 йил январда буюртмачидан ҳақ олинганда ДМ томонидан солиқ ҳисобланмайди.
1.01.2020 йилдан бошлаб норезидентга қарашли ДМ ҚҚС тўловчига айланади ҳамда ишлар ҳажми бўйича ҳисобот топшириши ва ҚҚС тўлаши шарт, ишлар бажарилганлиги тўғрисидаги далолатнома 2020 йил 1 январдан кейин имзоланади. Бу хизматларни реализация қилиш айланма амалга оширилган сана ҳисобварақ-фактура ёки хизматлар кўрсатилганини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилган (имзоланган) сана ҳисобланиши билан боғлиқдир.
Қоидага кўра, пудратчи ва буюртмачи ўртасида тузилган қўшимча битим 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги шартнома бўйича ишларнинг бажарилмаган қисмига ҚҚС суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги шарт кўрсатилган ҳолда имзоланади: жами – 57,5 минг АҚШ доллари тўланади, шу жумладан ҚҚС - 7,5 минг АҚШ доллари (50 х 15%).

8. Бюджетга тўланадиган ҚҚС суммасини ҳисоб-китоб қилишда чет эл юридик шахсига қарашли ДМ ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинми?

- Ҳа, мумкин. Бюджетга тўланадиган ҚҚС суммасини ҳисоб-китоб қилишда, ДМ ҳисобланган  ҚҚС суммасини ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланадиган) солиқ суммага камайтиришга ҳақлидир. Бунда Солиқ кодексининг 266 ва 267-моддасида назарда тутилган ҳисобга олиш шартлари бажарилиши лозим.