Контрагентда “узилиш коэффициенти” юқори бўлса, нима қилиш керак

preview

“Менинг ҳолатимни текшириш”да тадбиркорда ҳеч қандай қизил белги, ҳатто сариқ белги ҳам йўқ. ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси - амал қилмоқда. Бироқ ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда “узилиш коэффициенти”нинг юқори даражаси чиқяпти. Қизил ранг контрагентларни хавотирлантиради, улар солиқ органи билан муаммога дуч келмаслик учун ишга доир муносабатларни давом эттиришни исташмайди.

Бундай вазиятда қандай ишлашни, buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:


– “Бу ерда гап турли мақсадларга эга мутлақо икки хил рангли белги ҳақида бормоқда.

ҚҚС занжирининг узилиш коэффициенти ҚҚС тўловчиси гувоҳномасига таъсир этмайди. Коэффициент юқори бўлганда тўловчининг гувоҳномаси амал қилиши мумкин, битим тарафлари ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланишади.

“Менинг ҳолатимни текшириш”да рангли белгилар бўйича - ҳеч бўлмаганда битта қизил белги мавжуд бўлган тақдирда, сиз ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини кўрмайсиз. Бинобарин, сизда ҳисобга олиш ҳуқуқи бўлмайди. Худди шундай  харидорларингиз ҳам сиздан харид қилинган товарлар бўйича ҚҚСни ҳисобга ололмайди.

“Менинг ҳолатимни текшириш”да рангли белгилар ундаги техник камчиликларга қарамай қандай ишлаши - тушунарли. Унинг ишлаш принциплари ҚҚС тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомда анча батафсил баён этилган.

ҚҚС занжирининг узилиш коэффициенти билан вазият бошқача. СКнинг 76-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси мазкур янгиликни қўллаш қоидалари аниқ баён этилган тартибни тасдиқлаши керак. Ҳозирча эса бундай ҳужжат йўқ, фақат ДСҚ вакилларининг тушунтиришларига таянишга тўғри келади. Бунда манбалар кўп эмас: расмий хабар, ДСҚнинг 2022 йил 17 январдаги матбуот конференциясидаги саволларга жавоблар ва идора мутахассисларининг оғзаки тушунтиришлари.

Солиқ узилиши деганда солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботида етказиб берувчилар-контрагентлардан олинган ҳисобварақ-фактуралар асосида ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС суммаларининг акс эттирилиши тушунилади. Бунда ушбу операциялар бўйича кўрсатилган контрагентлар бюджетга ҚҚС тўлашмаган, ушбу операцияларни ўзларининг ҳисобварақ-фактураларида акс эттиришмаган ёки солиқ органларига солиқ ҳисоботларини тақдим этишмаган.

Агар сизда узилиш коэффициенти нолга тенг бўлса, сизда ҳаммаси рисоладагидек. Агар сизда, айтайлик, “1” (тўқ-қизил ранг) юқори узилиш коэффициентига эга компания билан битим мавжуд бўлса, бу сизга ҳам таъсир этади. Энди сиз “0” узилиш коэффициентига эга бўлмайсиз.

Сариқ ва қизил ранг туси солиқни айнан сизнинг контрагентингиз ёки сиз ўзингиз тўламаганингизни билдирмайди. Бу сизнинг контрагентингизнинг бошқа контрагентларида муаммо борлигидан далолат бериши мумкин.

Шуни таъкидлашни истардимки, функционал охиригача созланмаган, сабаби ҚҚС бўйича солиқ имтиёзларига нисбатан қонуний ҳуқуққа эга бўлган айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар сариқ ва қизил ранг тусига эга бўлишади. “Қизил белгилилар” жумласига кўп сонли ҳамкорлар билан ишлайдиган деярли барча солиқ тўловчилар киритилди. Шу жумладан - деярли барча давлат корхоналари, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари, уларнинг хизматларидан воз кечиш қийин, баъзан имконсиз. Нима ҳам дердим - ҳатто ДСҚ ҳузуридаги  “Солиқ-сервис” ДУК ҳам - қип-қизил рангда...

Мен буларнинг барчасини адолатсиз деб ҳисоблайман, чунки солиқ тўловчининг ҳеч бўлмаганда обрўсига путур етади. Бундан ташқари, агар иш шундай давом этадиган бўлса, тез орада барча қизил рангга эга бўлади. У ҳолда бунда қандай маъно бор?

Нима қилиш керак

Мендан, агар “узилиш занжирида”ги контрагент сариқ ёки қизилга “бўялган” бўлса нима қилиш керак, деб сўрашади. У билан шартномани бекор қилиш - янги таъминот бозорларини излаш ёки ишлаб чиқариш ҳажмларини қисқартиришни англатади, бу ҳар доим ҳам рентабелли бўлмайди. Бунинг устига, янги мижоз орттириш осон иш эмас. Бундай контрагент томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни имзолаш керак эмасми? Бу ҳам нотўғри, сабаби бундай ЭҲФ бўйича сиз солиқни ҳисобга ололмайсиз. Умуман - бир томон имзоламаган ҳисобварақ-фактура - бу барча келиб чиқадиган оқибатлари билан охиригача расмийлаштирилмаган ҳужжат.

Солиқ қўмитаси бу борада шундай дейди: ҳечқиси йўқ, ҳозирча узилиш коэффициенти ҳеч қандай солиқ оқибатларига эга эмас. Бу гўё солиқ тўловчига у кимлар билан “дўстлашиши”ни кўриши учун керак.

Коэффициент ва рангнинг ўзи ҳеч нарсадан далолат бермаслиги боис улар фақат солиқ тўловчини асабийлаштиради, бухгалтерларни ташвишлантиради. Ушбу ахборот озгина бўлса ҳам солиқ тўловчига фойдали бўлиши учун уни чоп этиб тақдим этиш зарур, унда муаммоли ҳамкорларни кўриш мумкин бўлади.

 

Ҳозирча солиқ органлари бундай ахборотни оммавий тартибда йўлламаяпти, бироқ якка тартибда мурожаат қилиб, уни олиш мумкин. Хусусан, мен ва мижозимга  чоп этилган ахборотни Тошкент шаҳар ДСБда тақдим этишди. Тўғри, бунинг учун кўп меҳнат қилишга - телефон рақамлари орқали бир неча маротаба қўнғироқ қилишга тўғри келди. Бироқ бу чоп этилган ахборот билан ишимиз енгиллашмади.  Биз бевосита муаммоли солиқ тўловчилар билан ишламаслигимиз маълум бўлди. Ҳатто контрагентларимизнинг ҳамкорлари орасида ҳам муаммолилари йўқ. Кейин эса тўртинчи бўғинда манзарани бузадиганлар борлиги маълум бўлади. Фақат биз уларга қандай таъсир қилишимиз мумкинлиги тушунарсиз?  Биз ушбу “ҳамкорлар” билан ҳеч қандай муносабатда бўлмаганмиз - шахсан танимаймиз ва битимлар тузмаганмиз.

Нимани кутиш керак? 17 январда ўтказилган матбуот-конференциясида ДСҚ раиси Шерзод КУДБИЕВ 2021 йил I чорак ҳодисаларини эслатиб ўтди, унда ДСҚ “нақдлаштирувчилар”га қарши курашда тадбиркорларни олдиндан огоҳлантирмасдан ҚҚС суммасини ҳисобдан чиқарган. Унинг сўзларига кўра, “узилиш коэффициенти”  тадбиркорларга улар ким билан муносабатда бўлаётганликларини тушунишга, контрагентни танлашда  лозим даражада эҳтиёткорликни намоён қилишга ёрдам беради.

Унинг сўзлари зарур норматив ҳужжатлар қабул қилингунга қадар солиқчилар ҳаракатлари учун бошланғич нуқта бўлмайди, деб ишонишни хоҳлардим: “Агар занжирда солиқ узилишини кўрсак, ҚҚСни қайтаришда жавоб қуйидагича бўлади: биз солиқ узилиши суммасини ҳисоблаб чиқамиз ва солиқ узилишидан ортиқча қисмини қайтарамиз. Агар солиқ узилиши суммаси ҚҚСни қайтариш учун аризада кўрсатилганидан юқори бўлса, ҚҚС қайтарилмайди. Мен шундай топшириқ бердим.  Биз 489-сон ВМҚга асосан иш кўрамиз - камерал текширув ўтказишимиз мумкин ва унинг доирасида солиқ тўловчининг у ёки бошқа контрагенти занжирда ҚҚС суммасини тўламаганлигини кўрсатамиз”.

Назаримда, ДСҚ “ҚҚС тўловчилар занжирининг узилиш коэффициенти”га нисбатан ўзининг барча ғояларини амалга оширишдан олдин Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган регламент пайдо бўлиши керак, у тасдиқлангунча жамоатчилик муҳокамасидан ўтади. Ҳужжатда “узилиш коэффициенти” ҳисоб-китоби формуласи ва солиқ тўловчини баҳолаш натижаларининг унинг контрагентларини баҳолашга таъсири мажбурий баён этилиши керак”.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади