Мажбурий тартибда ҚҚС тўлашга ўтишда солиқ тўловчи гувоҳномаси қандай олинади

preview

Айланма 1 млрд сўмдан ошганда, ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини қандай олиш мумкин? Қандай муддатда солиқ органлари томонидан гувоҳнома берилади? «Янги» солиқ тўловчида солиқ хавфи даражаси қандай текширилади? Тизим бир мезон бўйича юқори хавф даражасини белгилаганда ва гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб қўйилганда нима қилиш керак?

Саволларга «Норма» ва buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚнинг ҚҚС бошқармаси катта солиқ инспектори Мунира СУЛАЙМОНОВА жавоб берди:

 

– ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини олиш ва солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш учун солиқ тўловчи мажбурий тартибда ҚҚС тўлашга ўтаётган ойнинг 5 иш куни ичида бу ҳақда ариза юбориши лозим .

«Юридик шахсларни ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга қўйиш» интерактив хизматининг «ҚҚС тўловчиларни рўйхатдан ўтказиш» йўриқномаси функционали ёрдамида ариза беринг.

Шаклни тўлдираётганда албатта қуйидагиларни кўрсатинг:

  • ҚҚС тўлашга ўтиш мажбурияти пайдо бўлган санани (СК 461-моддасига мувофиқ);
  • мажбурий тартибда ҚҚС тўлашга ўтилишини.

Мазкур ҳолатда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш ҳамда сизда ва контрагентларингизда солиқни ҳисобга олишда қийинчиликлар бўлмайди.

Мажбурий тартибда ҚҚС тўлашга ўтилган ҳолатларда ариза юборилган пайтдан бошлаб ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси берилгунгача одатда бир неча сониялар ўтади, яъни гувоҳнома дарҳол берилади . Сиз уни my3.soliq.uz  даги шахсий кабинетда «Юридик шахсларни ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш» интерактив хизматининг «Юборилган ариза ҳолати» бўлимида кўришингиз мумкин.

Сиз гувоҳномани олганингиздан кейин тизим автоматик равишда ҚҚС тўловчиларни махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бобида назарда тутилган хавф даражалари мавжудлиги юзасидан текширади. Текширув натижаларини my3.soliq.uz даги шахсий кабинетда «Юридик шахсларни ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш» интерактив хизматининг «Менинг ҳолатимни текшириш»  йўриқномасидан топасиз.

Гувоҳномани олгандан кейин ва ҳар куни иш кунини бошлаётганда йўриқномадаги маълумотларни кўриб чиқишни тавсия қиламиз.

 

Таҳлика-таҳлил тизимида аниқланган хатоликлар қандай тузатилади

Биринчи навбатда «ичида белги қўйилган қизил доира» белгиси билан қайд этилган мезонларга эътибор қаратинг. Бундай қизил рангли белги тизим ушбу мезон бўйича солиқ хавфининг юқори даражаси мавжудлигини аниқлаганини ва бу камчиликларни зудлик билан бартараф этиш кераклигини билдиради. Сизда 5 иш кунидан иборат муддат бўлади .

Агар солиқ тўловчи ушбу муддатда камчиликларни тузатишга улгурмаса, унинг гувоҳномасининг амал қилиши мазкур мезон бўйича хавфнинг юқори даражаси сабаблари бартараф этилмагунга қадар автоматик тарзда тўхтатиб турилади.

Бу қоидадан 2 та истисно мавжуд. Булар :

1) 3-мезон – солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган манзилда мавжуд бўлмаганлиги;

2) 7-мезон – электрон ҳисобварақ-фактуралар таҳлил қилинганда олинган маълумотларга асосан амалга оширилаётган битимлар (операциялар) уларнинг хусусиятига ва солиқ тўловчининг фаолияти турига, шунингдек харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мувофиқ келмаслиги.

Мезонлар бўйича солиқ тўловчилар автоматик режимда эмас, балки солиқ инспектори иштирокида текширилади. Агар инспектор томонидан ушбу бандлар бўйича қоидабузарликлар аниқланса, у текширув натижаларини солиқ органларининг ахборот тизимига киритганидан кейин дарҳол гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилади.

 

Гувоҳноманинг амал қилиши қандай тикланади

Мазкур жараён ҳам автоматлаштирилган. Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар солиқ тўловчи томонидан бартараф этилгандан ва ушбу ўзгаришлар маълумотлар базасида акс эттирилгандан сўнг 1 кун ичида гувоҳноманинг амал қилиши автоматик тарзда тикланади .

СКнинг 266-1-моддасига мувофиқ гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги муносабати билан ҳисобга олиш учун қабул қилинмаган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммаси гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилган санадан эътиборан солиқ тўловчида ва унинг харидорларида ҳисобга олинади.

Ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш учун гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврда расмийлаштирилган барча ЭҲФларга тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этинг. Тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш ҳуқуқи ҳисобварақ-фактура юборган тарафга берилади.

Buxgalter.uz тавсия қилади

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.