Нима учун аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида шартнома тузишда тендер керак эмас

preview

“МҲХСга ўтдик, аудиторлик текшируви ўтказилиши керак. Бир нечта аудиторлик компаниялари билан музокаралар ўтказдик, дастлабки ҳолда бизнинг аудиторлик текширувимиз қийматини 1 млрд сўм миқдорида баҳолашмоқда. Бинобарин, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ биз аудиторлик компаниясини танлаш бўйича тендер ўтказишимиз керак. Аммо  позициямиз биз музокаралар ўтказган айрим аудиторлик компаниялари томонидан тушунмовчиликка учради, улар тендер керак эмаслигини таъкидлашмоқда”. 

Қандай тўғри йўл тутиш лозимлигини buxgalter.uz илтимосига биноан “TRI-S-AUDIT” аудиторлик компанияси директори Светлана ГОЛОСОВА тушунтирди:

 

– Ҳозир бу жуда кенг тарқалган вазият. Аудиторлик текшируви ўтказилиши лозим бўлган ташкилотлар “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 64-моддасини ўқиганда нима учундир товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича БҲМнинг 25 минг бараваридан ортиқ (бюджет буюртмачилари учун БҲМнинг 6 минг бараваридан ортиқ) миқдорни ташкил этганда тендер ўтказиш лозимлиги ҳақидаги хатбошига эътибор беришади. Ва шартнома суммаси белгиланган қийматдан ошганини кўрганлари заҳоти – тендерга тайёрланишни бошлашади.

Менинг ҳам бир нечта шундай компанияларга дуч келишимга тўғри келган, улар тўғридан-тўғри тендер ўтказилишини талаб қилишади, акс ҳолда юқори турувчи раҳбарият билан кўнгилсизлик бўлишидан қўрқишади. Аммо улар қаттиқ адашадилар.

Моддани диққат билан ўқиб чиқинг! Айтилган мезон – фақатгина тендерни ташкил этиш учун мажбурий тартибда бажарилиши керак бўлган иккита мезондан бири.

Иккинчи мезонда бундай дейилган: “ғолибни аниқлаш мезонлари товарнинг (ишнинг, хизматнинг) нафақат пул билан баҳоланишини, балки миқдорий ва сифат жиҳатидан баҳоланишини ҳам ўз ичига олади”. Аудиторлик, консалтинг ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар мана шу мезон остига тушмайди, сабаби шартнома тузиш пайтида  уларнинг сифат жиҳатидан баҳоланишини ўтказиш ҳақиқатга тўғри келмайди.

Бинобарин, тендер ўтказиш керак эмас деган аудиторлик ташкилотларининг мутахассислари ҳақдир.

Боз устига – мазкур вазиятда тендер ўтказиш Аудитнинг халқаро стандартлари нуқтаи назаридан ҳам имконсиз. Акс ҳолда қандай қилиб аудиторлик компанияси ўзи текшириши лозим бўлган ташкилотни танлаш ҳуқуқини амалга оширади? Ахир бу ерда нафақат текширилувчи, балки текширувчи ҳам танлайди.

Қонун ҳужжатлари нормаларидан келиб чиқиб, аудиторлик компаниясида, ҳатто сиз айнан шу аудиторлик ташкилоти сизни текширишини жуда хоҳласангиз ҳам, сизга рад этиши шарт бўлган асослар мавжуд.

Аудиторлик текширувини ўтказиш тўғрисида шартнома – бу музокаралар натижаси бўлиб, унинг асносида томонлар ўз имкониятларини, биринчи навбатда, аудиторлик текширувини ўтказиш шартлари ва нормаларини бузмаслик учун баҳолайдилар.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

Аудит Аудит Аудит /ru/publish/doc/text190432_nima_uchun_auditorlik_tekshiruvini_utkazish_tugrisida_shartnoma_tuzishda_tender_kerak_emas