Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

"Ўзкоммунхизмат"агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.02.2001 й. 74-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 13 февралдаги

74-сон қарорига

1-ИЛОВА



“Ўзкоммунхизмат” агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Кейинги ўринларда Агентлик деб юритиладиган “Ўзкоммунхизмат” агентлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.


2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


3. Агентлик коммунал хизмат кўрсатишни ислоҳ қилиш, бозор иқтисодиёти шароитларида коммунал хизмат кўрсатишни самарали бошқариш бўйича тажриба ўрганиш ва айирбошлаш масалалари юзасидан халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалашга вакил қилинган орган ҳисобланади.


4. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва банк ҳисоб рақамларига эгадир.



II. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Қуйидагилар агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, минтақалараро сув қувурларининг барқарор ва ишончли ишлашини таъминлаш;

минтақалараро сув қувурларини, коммунал газ сотиш тармоқларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш соҳасида ягона техника сиёсатини шакллантириш ва ўтказиш, улар қурилиши бўйича буюртмачи функциясини бажариш;

коммунал хизмат кўрсатиш тизимини ислоҳ қилиш ишларини мувофиқлаштириш, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, техник-иқтисодий шартларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

давлат бошқаруви маҳаллий органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларига, белгиланган техник шартлар ва талабларга риоя қилинишини назорат қилиш;

маиший чиқитларни тўплаш, фойдали суратда ишлатиш ва қайта ишлаш масалалари бўйича ягона сиёсатни шакллантириш ва унинг ҳолатини ўрганиш;

тармоққа хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш, шу жумладан қўшма корхоналар ташкил этиш ҳисобига жалб этиш.



III. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

комплекс техник-иқтисодий таҳлил асосида коммунал газ сотиш хўжалигидаги ишларнинг аҳволини ва минтақавий сув қувурлари ишини таҳлил қилади, уларни ривожлантириш тенденцияларини ўрганади ва қонуниятларини умумлаштиради, ушбу соҳада ягона техника сиёсатини шакллантиради ва амалга оширади;

Молия вазирлиги билан биргаликда аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашга доир тариф сиёсатини шакллантиришда қатнашади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига киритади, уй-жой-коммунал муносабатлар бўйича комплекс давлат дастурлари, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

маблағ билан таъминлаш манбаларидан қатъи назар белгиланган тартибда олиб келувчи ва посёлкалараро газ тармоқлари қурилиши, шунингдек Ҳукуматнинг топшириғи бўйича коммунал мақсаддаги бошқа объектлар қурилиши бўйича буюртмачи функциясини бажаради;

коммунал мақсадлардаги илғор технологиялар, асбоб-ускуналар, приборлар, машина ва механизмлар жорий этилиши юзасидан таклифлар тайёрлайди, уларни ишлаб чиқиш ва жиҳозлаш ишларини ташкил этади, Ўзбекистон Республикаси коммунал хўжалиги эҳтиёжлари учун янги машиналар, асбоб-ускуналар ва приборлар яратиш бўйича буюртмачи бўлади;

бевосита Агентлик бошқарувига кирувчи коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари ва ташкилотларини хусусийлаштириш масалалари юзасидан таклифлар тайёрлайди ва уларни ҳал этишда қатнашади, коммунал хизматлар кўрсатиш, инжиниринг, консалтинг, аудиторлик соҳасида ва уй-жой-коммунал тармоқнинг бошқа ташкилотларида рақобат муҳити яратилишига кўмаклашади;

коммунал хўжалик ҳамда машиналар, приборлар, асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш масалалари бўйича хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан илмий- техник ва иқтисодий ҳамкорлик қилади, хорижий фирмалар ҳамда бошқа корхоналар ва ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилишида маҳаллий корхоналар ва ташкилотларга кўмаклашади;

тармоққа хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб қилиш, шу жумладан қўшма корхоналар ташкил этиш, Ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб қилиш ишини таъминлайди ва мувофиқлаштиради;

минтақалараро сув қувурларини, газ сотиш ташкилотларини ва шартнома асосида бошқа корхоналар ва ташкилотларни энг муҳим моддий-техника ресурслари билан таъминлайди;

Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси билан биргаликда тасдиқланган нормативлар бўйича улгуржи ва турли истеъмолчилар (аҳоли)нинг табиий ва суюлтирилган газни истеъмол қилиш балансини тузишда қатнашади;

Даромад (фойда) солиғини ҳисоблаб чиқириш ва тўлаш бўйича Давлат бюджети билан ўзаро ҳисоб-китобларни марказлаштирилган тартибда амалга оширади;

ушбу сектор корхоналари фаолиятини мунтазам равишда мониторинг қилиш, ривожланиш тенденцияларини ва илғор тажрибани ўрганиш йўли билан маиший чиқитларни тўплаш, уларни фойдали суратда ишлатиш ва қайта ишлаш масалалари бўйича ягона техника сиёсатини амалга оширади, унинг жорий этилишига кўмаклашади;

ўз ваколатлари доирасида коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун мутахассислар, шу жумладан шартнома асосида ўқитилиши, тайёрланиши ва қайта тайёрланишини ҳамда кадрлар малакасини оширишни ташкил этади;

техника сиёсатини ўтказади, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда Агентлик таркибига кирувчи бўлинмаларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларига методик раҳбарлик қилади, ўлимга олиб келган гуруҳли бахтсиз ҳодисаларни текширишда қатнашади, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида илғор тажрибани ўрганади ва умумлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириғига кўра:

газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти, санитария билан боғлиқ тозалаш, ирригация ва ҳудудлар, аҳоли пунктлари дренажи тизимининг концепциясини, истиқболли дастурларини ва ривожлантириш схемаларини ишлаб чиқади, улар амалга оширилишини мониторинг қилади;

манфаатдор республика бошқарув органлари ва жойлардаги ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорликда уй-жой-коммунал хизматларнинг тариф сиёсатини, истеъмол нормаларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш юзасидан методолик иш олиб боради;

минтақалараро сув қувурлари объектлари ва коммунал газ сотиш тармоғи бўйича илмий-тадқиқот ва лойиҳа-қидирув ишларини амалга ошириш стратегиясини шакллантиради ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Агентликка юкланган бошқа функцияларни бажаради.



IV. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


7. Агентлик қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

ўз ваколатлари доирасида барча вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий юридик ва жисмоний шахслар, уларнинг идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи на зар, бажариши мажбурий бўлган коммунал хизмат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

зарур ҳолларда республика вазирликлари ва идоралари билан биргаликда белгиланган тартибда қарорлар қабул қилиш ва коммунал хизмат кўрсатиш масалалари бўйича қўшма норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чиқариш;

коммунал соҳасидаги энг муҳим муаммоларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссиялар ва кенгашлар ташкил этиш. Материалларни ишлаб чиқишга илмий-тадқиқот, технология, лойиҳа-конструкторлик ташкилотларини, олий ўқув юртлари ва бошқа муассасаларнинг ходимларини, шунингдек алоҳида олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш;

статистика органларидан, “Ўзгеодезкадастр” бош бошқармасидан ўз фаолияти учун зарур бўлган статистика ахборотини ва бошқа ахборотларни белгиланган тартибда олиш;

корхоналар, ташкилотларнинг ҳамда Агентлик таркибига кирувчи бошқа тузилмаларнинг статистика, бухгалтерия ҳисоботлари ва бошқа ҳисоботларини олиш ва кўриб чиқиш;

Агентлик ҳузурида белгиланган тартибда хўжалик ҳисобидаги корхоналар ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тузилмалар ташкил этиш;

амалдаги тартибга мувофиқ давлат бошқаруви маҳаллий органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларига, белгиланган техник шартлар ва талабларга риоя қилиниши устидан назорат қилиш.



V. ЖАВОБГАРЛИК


8. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва қабул қилинган қарорлар бажарилиши учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида жавоб беради.



VI. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош директор бошчилик қилади.


10. Агентлик бош директорининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган биринчи ўринбосари бўлади. Минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш бош дирекцияси директори мақомига кўра “Ўзкоммунхизмат” агентлиги бош директорининг ўринбосари ҳисобланади.

Ўринбосарлар ўртасида вазифаларни тақсимлаш Агентлик бош директори томонидан амалга оширилади.


11. Бош директор Агентлик зиммасига юкланган вазифалар ва мажбуриятлар бажарилиши учун шахсан жавоб беради, Агентлик фаолияти айрим йўналишларига раҳбарлик қилиш учун ўринбосарлар, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг жавобгарлиги даражасини белгилайди.


12. Агентлик бош директори:

Агентлик ишини ташкил этади;

ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Агентлик ходимлари, шунингдек Агентлик таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

давлат ҳокимияти органларида, шунингдек халқаро ташкилотларда Агентлик манфаатларини ифодалайди.

Агентлик тизимидаги алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни Ўзбекистон Респуб ликаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этади;

тармоқ ходимларини кўкрак нишонлари, Фахрий ёрлиқлар билан мукофотлайди ва рағбатлантиришнинг бошқа турларини қўллайди;

Агентлик бўсунишида бўлган давлат корхоналари, муассасалар ва ташкилотларнинг уставларини (низомларини) белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Агентлик бошқаруви аппаратига сарфланадиган сарф-харажатлар сметасини, унинг ходимлари штат жадвалини ҳамда бошқарув аппарати таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини ва рағбатлантириш тизимини белгилайди;

тасдиқланган номенклатурага мувофиқ Агентлик бошқарув аппарати ходимларини, Агентлик таркибига кирувчи давлат корхоналари ва ташкилотлари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Агентлик ходимларини хизмат сафарларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарларига юборади;

ўз ваколатлари доирасида Агентлик ходимларининг ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларини ҳал этади.


13. Агентликда таркибига бош директор (ҳайъат раиси) ва бош директор ўринбосарлари, шунингдек Агентлик ва унинг таркибий бўлинмаларининг бошқа раҳбар ходимлари кирган беш кишидан иборат ҳайъат ташкил этилади.

Агентлик ҳайъатининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат ва унинг иш тартиби тўғрисидаги низом Агентлик бош директори томонидан тасдиқланади.


14. Агентлик ҳайъати ўз мажлисларида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, минтақалараро сув қувурларининг барқарор ва ишончли ишлаши, минтақалараро сув қувурлари, коммунал газ сотиш тармоғидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш соҳасида ягона техник сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш, коммунал хизмат кўрсатишни ислоҳ қилиш ишларини мувофиқлаштиришнинг асосий масалаларини, давлат бошқаруви маҳаллий органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларига, белгиланган техник шартлар ва талабларга риоя қилинишини текшириш натижаларини кўриб чиқади.

Ҳайъат қарорлари, қоидага кўра, Агентлик бош директорининг буйруқлари билан ҳаётга жорий этилади. Бош директор (раис) ва ҳайъат ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекис-тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда ўз қарорини амалга оширади, ҳайъат аъзолари ўз навбатида ўз фикрларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.


15. Агентлик ҳузурида коммунал хизмат кўрсатиш ва тармоқнинг илмий-техник тараққиёти муаммоларини кўриб чиқиш ва мақбул ҳал этиш йўлларини излаш учун илмий-техник кенгаш ташкил этилади. Кенгашнинг шахсий таркиби ва у тўғрисидаги Низом Агентлик бош директори томонидан тасдиқланади, илмий-техник кенгашда ишлаш учун вазирликлар, идоралар хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг мутахассислари (келишув бўйича) жалб этилиши мумкин.


16. Агентлик марказий аппаратининг тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Агентлик бош директори марказий аппаратнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган сони доирасида ўзгартиришлар киритишга, ходимларнинг умумий сонидан ташқари хизмат кўрсатувчи ва ахборот хизматлари ташкил этишга ҳақлидир.


17. Агентлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.