Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1995 й. 108-I-сон "Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида"ги Қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
30.08.1995 й.
N 108-I
ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА
ЭРКИНЛИКЛАРИНИ БУЗАДИГАН
ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАР ВА ҚАРОРЛАР
УСТИДАН СУДГА ШИКОЯТ ҚИЛИШ
ТЎҒРИСИДА
Ҳар бир фуқаро давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) билан ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилган деб ҳисобласа, шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, чет эллик фуқаролар ушбу Қонунда белгиланган тартибда судга шикоят билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Қонунга мувофиқ судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
2-модда. Судга шикоят берилишига лойиқ
хатти-ҳаракатлар (қарорлар)
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларнинг судга шикоят қилишга лойиқ коллегиал ёки якка тартибдаги хатти-ҳаракатлари (қарорлари) жумласига:
фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузган;
фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқаришига монелик туғдирган;
фуқаро зиммасига қонунга хилоф равишда қандайдир мажбурият юклатилишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) киради.
Ушбу Қонунга мувофиқ судлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки эркинликларини бузадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан берилган шикоятларни кўриб чиқадилар, бундан:
текширилиши қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мутлақ ваколатлари доирасига киритилган хатти-ҳаракатлар (қарорлар);
қонун ҳужжатларида устидан судга шикоят қилишнинг ўзгача тартиби белгиланган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) мустаснодир.
Фуқаро ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан шикоят билан бевосита судга ёки тобелик тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Тобелик тартибида юқори турувчи орган, мансабдор шахс шикоятни бир ойлик муддатда кўриб чиқишлари шарт. Агар фуқаронинг шикоятини қаноатлантириш рад қилинган бўлса ёки у шикоят берган кундан бошлаб бир ой мобайнида жавоб олмаган бўлса, судга шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли.
Шикоятни ҳуқуқлари, эркинликлари бузилган фуқаро ёки унинг вакили, шунингдек фуқаронинг илтимосига кўра жамоат бирлашмасининг, меҳнат жамоасининг ваколат берилган вакили бериши мумкин.
Шикоят фуқаронинг хоҳишига қараб ё у яшайдиган жойдаги судга ёки орган жойлашган ердаги, ёхуд хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят қилинаётган мансабдор шахснинг иш жойидаги судга берилади.
Ҳарбий хизматчи ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ҳарбий бошқарув органлари ва ҳарбий мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят билан ҳарбий судга, шунингдек юқори турувчи мансабдор шахсларга ушбу моддада кўзда тутилган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.
Суд шикоятни кўриб чиқишга қабул қилгач:
тегишли органлар ва мансабдор шахслардан зарур материалларни талаб қилиб олади;
фуқаронинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан шикоят қилинишига сабаб бўлган хатти-ҳаракат (қарор)нинг ижросини тўхтатиб туриш масаласини ҳал қилади.
Судга шикоят билан мурожаат қилиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:
фуқаро ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлигидан хабар топган кундан бошлаб уч ой;
фуқаро юқори турувчи орган, мансабдор шахснинг шикоятни қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ёзма билдиришини олган кундан бошлаб бир ой;
агар фуқаро ўз шикоятига ёзма жавоб олмаган бўлса, шикоят берганидан кейин бир ой муддат ўтган кундан бошлаб бир ой.
Шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.
Фуқаронинг давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикояти суд томонидан фуқаровий судлов ишларини юритиш қоидалари асосида кўриб чиқилади.
Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича суд қарор чиқаради. Суд шикоятнинг асослилигини аниқлагач, устидан шикоят берилган хатти-ҳаракатни (қарорни) қонунсиз деб топади, фуқаронинг талабларини қаноатлантириш мажбуриятини юклайди ёки унинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини ўзгача йўл билан тиклайди.
Агар устидан шикоят берилган хатти-ҳаракатни (қарорни) суд фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузмайдиган қонуний хатти-ҳаракат (қарор) деб топса, у шикоятни қаноатлантиришни рад этади.
Суднинг қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори судга шикоят берилиши мумкин.
Суднинг қонуний кучга кирган қарори барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурий ва уни бажариш шарт.
Суднинг қарори хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят берилган орган ёки мансабдор шахсга, шунингдек фуқарога қарор қонуний кучга киргач кечи билан ўн кун ичида юборилади.
Қарор бажарилганлиги ҳақида судга ва фуқарога суд қарори олинган кундан бошлаб кечи билан бир ой ичида хабар қилиниши шарт. Қарор бажарилмаган тақдирда суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган чора-тадбирларни кўради.
10-модда. Шикоятни кўриб чиқиш билан
боғлиқ суд харажатларини юклатиш
Шикоятни кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган суд харажатлари, суд шикоятни қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор чиқарган тақдирда фуқаро зиммасига ёки суд орган ёхуд мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари)ни қонуний эмас деб топган тақдирда улар зиммасига юклатилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1995 йил, 9-сон, 183-модда