Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ОМ 26.04.1996 й. 232-I-сон қарори билан тасдиқланган)
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлисининг
1996 йил 26 апрелдаги
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза
қилиш давлат қўмитаси тўғрисида
НИЗОМ
1. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат назорати ҳамда тармоқлараро бошқарувни амалга оширувчи, идоралардан устун турувчи ва мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органдир.
2. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига бўйсунади ва унга ҳисобдордир.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари, туманлараро, туман ва шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари (инспекциялари), шунингдек уларга қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ягона тизимни ташкил этади.
4. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорларни республиканинг барча вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар ижро этишлари шарт. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қарорлари зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг бошқа вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари билан биргаликда ёки улар билан келишилган ҳолда қабул қилинади.
5. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида давлат назорати ва тармоқлараро бошқарувни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро келишган ҳолда амалга оширади.
6. Табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўз ваколатлари доирасида бошқа давлатларнинг тегишли табиатни муҳофаза қилиш органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг табиатни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан фойдаланиш борасидаги фаолиятларида улар бажаришлари лозим бўлган ишларни ўз зиммасига олмайди.
8. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекциясининг, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг давлат экологик назорати борасидаги фаолиятини, шунингдек бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг табиатни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
9. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси жамоат бирлашмалари ва аҳоли билан ҳамкорликда иш юритади, табиатни муҳофаза қилиш фаолиятларида уларга услубий ёрдам кўрсатади ва кўмаклашади.
10. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қарорлари унинг ўз нашрларида чоп этилади, зарур ҳолларда эса оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли эътиборига етказилади.
11. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
атроф табиат муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини тармоқлараро комплекс бошқариш;
табиатни муҳофаза қилиш ва ресурсларни тежаш борасида ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
атроф-муҳитнинг экологик ҳолати қулай бўлишини таъминлаш, экологик вазиятни соғломлаштириш.
12. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ:
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг кўпроқ иқтисодий усулларини кенг қўллаш, ресурсларни тежайдиган, камчиқит ва чиқитсиз технологиялар барча жойларда қўлланилишини рағбатлантириш, чиқиндиларни хўжалик оборотига жалб этиш, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги фан-техника тараққиёти ютуқларини жорий этиш асосида табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини комплекс бошқаради;
табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш юзасидан республика экология нормативлари, қоида ва стандартлари ишлаб чиқилишини ташкил этади ва уларни тасдиқлайди, тармоқларнинг ана шундай нормативлари, қоида ва стандартларини ўзаро мувофиқлаштиради, уларнинг фондларини шакллантиради ва юритади;
табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини метрология жиҳатидан таъминлаш юзасидан иш олиб боради, табиий муҳит объектларининг ифлосланишини назорат қилиш бўйича услубий раҳбарликни амалга оширади;
барча турдаги табиий ресурсларни хўжалик оборотига жалб этиш кўламларини тартибга солиб туриш мақсадида атроф табиий муҳит ҳолатига антропоген фаолиятнинг таъсирини таҳлил қилади;
Олий Мажлисга, Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига атроф-муҳит ҳолатига доир узоқ муддатли ва бир йиллик тахминлар лойиҳаларига киритиш учун табиатдан фойдаланувчилар табиатни муҳофаза қилишнинг зарур чора-тадбирларини бажаришларига қаратилган таклифларни, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш мажмуида иқтисодий ислоҳотлар қандай бораётганлигининг таҳлили учун белгиланган ҳисоботларни тақдим этади;
вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва табиатдан фойдаланувчи бошқа ташкилотларнинг табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари ва табиатни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан фойдаланиш юзасидан олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишлари дастурларини, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги низомларини мувофиқлаштиради;
атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш ҳамда оқизишнинг йўл қўйиладиган нормативларини ва чиқиндиларни жойлаштириш лимитларини белгилайди, атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловлари ундиради ва улардан белгиланган тартибда фойдаланади;
атроф табиий муҳит сифатининг нормаларини белгилаш ишини ташкил этади, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар билан биргаликда ифлослантирувчи манбалар ва улар атроф-муҳитга кўрсатадиган зарарли таъсирнинг (жисмоний таъсирдан ташқари) ҳисобини юритади;
республика ишлаб чиқарувчи кучларини жойлаштириш ҳамда уларни ривожлантириш дастурлари, концепциялари, асосий йўналишлари ва схемалари лойиҳаларини, лойиҳалашга тайёргарлик ва лойиҳа ҳужжатларини, йўриқнома-услубий ҳамда норматив-техникавий ҳужжатларни, айрим минтақалар, жойлар ва ишлаб турган объектлардаги экологик вазиятни, шунингдек атроф-муҳит ҳолатига таъсир кўрсатувчи янги техника, технологиялар, материаллар ва моддаларни давлат экологик экспертизасидан ўтказади;
атроф табиий муҳит мониторингининг тузилиши, мазмуни ва уни амалга ошириш тартибини ишлаб чиқади, вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа манфаатдор органлар билан биргаликда атроф-муҳит ифлосланишининг аҳволи ва унга бошқача зарарли таъсирлар, табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларнинг республика ягона экологик ахборот банкини ташкил этади ва юритади;
мамлакатда қўриқхоналарга доир ишга раҳбарлик қилади, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг давлат кадастрини юритади, янги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тўғрисида таклифлар киритади;
янги (қайта қурилган) объектларни, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш объектлари ва иншоотларини қабул қилиб олиш ва ишга тушириш бўйича давлат комиссиялари ишида қатнашади, барча турдаги хўжалик фаолияти учун жой танлаш ва ер ажратишга доир материалларни мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби тўғрисидаги Низомни, уни юритиш бўйича Идоралараро комиссиянинг шахсий таркибини, бу комиссия тўғрисидаги Низомни (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда), шунингдек Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг ваколат доирасига кирадиган масалалар бўйича бошқа идоралараро комиссияларнинг таркиби ва улар тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари, туманлараро, туман ва шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари (инспекциялари) низомларини тасдиқлайди;
белгиланган тартибда ўз корхоналарини, муассасалари, ташкилотлари ва бошқа таркибий бўлинмаларини тузади, қайта ташкил этади ва тугатади, уларнинг уставларини тасдиқлайди;
фуқароларни табиатни, табиий ресурсларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялаш ишини, табиат тўғрисидаги билимларни тарғиб қилишни ва оммалаштиришни ташкил этади, экологик таълим савиясини оширишга кўмаклашади, бу соҳада танловлар, кўргазмалар, бошқа тадбирлар ўтказади;
ўз тизими ходимларининг малакасини оширишни ташкил этади, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасидаги ишига услубий раҳбарлик қилади;
ифлослантирувчи моддаларни атроф-муҳитга чиқариб ташлаш ва оқизиш, сувдан махсус фойдаланиш, сув чиқариш учун қудуқ қазиш, экологик нормаларни жорий этиш ишларини бажаришга белгиланган тартибда рухсатномалар, зарарли моддалар, радиоактив чиқиндилар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини кўмиш учун ер остидан фойдаланиш ҳуқуқини, овчилик ва балиқчилик хўжалиги юритиш, шунингдек Қизил китобга киритилган турларидан ташқари ҳайвонот дунёсидан (шу жумладан, балиқлардан) ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш, ёввойи дори-дармон гиёҳлари, озуқа ўсимликлари ва манзарали ўсимликларни, техникавий хом ашё ва бошқа табиий ҳосилаларни (шу жумладан, мўмиёни) йиғиш (тайёрлаш), уларни республика ҳудудидан олиб чиқиш ва республикага олиб кириш ҳуқуқини беради;
овчилик ва балиқчилик хўжалиги ташкил этиш ва юритиш, ҳайвонот дунёсини (шу жумладан, балиқларни) ва ўсимлик дунёсини (шу жумладан, ўрмонларни) муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширади, ҳайвонот дунёсини (шу жумладан, балиқларни) ва ўсимлик дунёсини (шу жумладан, ўрмонларни) муҳофаза қилиш, тартибга солиш ва улардан фойдаланишга доир норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;
зарур ҳолларда, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш масалалари юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ҳисоботларини қараб чиқиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
ҳайъат мажлисларида табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш масалалари юзасидан вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар раҳбарларининг, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисоботларини эшитади, йўл қўйилган қоидабузарликлар учун раҳбарларни жазолаш тўғрисида тегишли органлар олдига масала қўяди;
табиатни ифлослантирганлик ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаганлик натижасида унга етказилган зиённи қоплаш тўғрисида юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан даъво қўзғатади; ундириб олинган суммаларни табиатни муҳофаза қилиш фондлари ва махсус, бюджетдан ташқари ҳисобварақларга ўтказади;
банк муассасаларига табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда иш олиб борилаётган саноат объектларини ва бошқа мақсадларга мўлжалланган объектларни лойиҳалаш, куриш, қайта қуриш ёки кенгайтиршп ишларини маблағ билан таъминлашни тўхтатиш тўғрисида, шунингдек тегишли органларга қонун ҳужжатлари, экологик нормативлар, қоида ва стандартлар бузилганлиги учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларини жавобгарликка тортиш, шу жумладан, хўжалик фаолияти якунлари бўйича бериладиган мукофотлардан маҳрум этиш тўғрисида тақдимномалар киритади;
қонун ҳужжатларини бузган ҳолда иш олиб борилаётган саноат объектлари ёки бошқа мақсадларга мўлжалланган объектларни лойиҳалаш ва қуриш, қайта қуриш ёки кенгайтиришни тақиқлайди, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш нормалари ва қоидаларини бузаётган саноат корхоналари ва бошқа корхоналарнинг, муассасалар ва ташкилотларнинг ишини тўхтатиб қўяди, фойдаланиш натижасида табиат объектлари ифлосланадиган ёки бузиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни тақиқлайди;
табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир материалларни ўз ваколатлари доирасида қараб чиқади ва айбдор шахсларга жарима солади ҳамда бошқа маъмурий чоралар кўради, зарурат бўлганда қараб чиқиш учун материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга оширади;
юридик ва жисмоний шахслардан табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишга тааллуқли зарур ахборот ва тушунтиришларни талаб қилади ҳамда уларни белгиланган шаклда бепул олади;
табиий муҳитнинг ҳолатини аниқлаш ва уни яхшилаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун идоралараро илмий-техникавий, эксперт кенгашлари ва бошқа кенгашлар, гуруҳлар ва комиссиялар тузади, табиатни муҳофаза қилиш вазифаларини ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида идоравий хўжалик ҳисобидаги илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари, институтлар, марказлар ва бошқа бўлинмалар тузади;
табиатни муҳофаза қилишнинг узоқ муддатли дастурларини, ҳудудий комплекс схемаларини, қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат экологик экспертизаси ўтказиш ҳамда табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш учун илмий-тадқиқот, лойиҳа, конструкторлик ташкилотларини, олий ўқув юртларини, илмий-техника ижодиёти ва ахборот марказларини, бошқа ташкилотларни, шунингдек айрим олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этади;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг раҳбарларидан, бошқа юридик шахслардан ўзларига қарашли объектларда атроф табиий муҳитни ифлослантирувчи моддалар чиқариб ташланишини (оқизилишини) узлуксиз назорат қилиб борувчи воситалар билан таъминланган пунктлар (постлар) ташкил этишни, бундай пунктлар (постлар) ишини назорат қилишни, мазкур пунктлар (постлар) Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органларига мунтазам ахборот бериб туришларини талаб қилади;
белгиланган тартибда маҳаллий ва республика табиатни муҳофаза қилиш фондларини ташкил этади ва улардан фойдаланади;
ўз бўлинмаларининг ва Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг махсус ҳисобварақларини очади, уларни таркиб топтириш ва улардан фойдаланиш қўмитанинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган қарорига биноан амалга оширилади;
табиатни муҳофаза қилиш бўйича штатсиз инспекторлар ва экспертлар тармоғини ташкил этади, уларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Табиатии муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳайъати тасдиқлайдиган низомларга мувофиқ тартибга солиб борилади;
табиатни муҳофаза қилишга доир журналлар, газеталар, илмий ишлар тўпламлари, ахборот бюллетенлари нашр этади;
хавфли юкларнинг транзити учун ўз ваколатлари доирасида хулоса беради.
13. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қуйидагилар устидан давлат назоратини олиб боради:
а) экология тизимлари, табиий генофонд, биологик мувозанатнинг, атмосфера ҳавосини, ер усти ва ер ости сувларини, тупроқни ифлослантирувчи манбаларнинг, ўсимлик дунёси (шу жумладан, ўрмонлар) ва биологик сув объектларининг, ёввойи ҳайвонлар яшаш муҳитининг ҳолати;
б) юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонун ҳужжатларининг:
ифлослантирувчи моддаларни атроф табиий муҳитга чиқариб ташлашнинг (оқизишнинг) белгиланган лимитлари ва йўл қўйилиши мумкин бўлган энг юқори нормативларига ҳамда бундай ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлашни (оқизишни) белгиланган нормативларга қадар камайтиришга доир келишилган чора-тадбирларга;
янги ва қайта қурилган корхоналар ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга туширишда экологик нормативлар, стандартлар ва талабларга;
фойдали қазилмаларни қазиб олиш, портлатиш ишларини ўтказиш, қазилма чиқиндихоналарини, терриконлар, қолдиқ жинслар уюмини ва ахлатхоналарни жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш чоғида атроф-муҳитни ифлосланишдан, булғанишдан ва қашшоқлашишдан муҳофаза этиш ҳамда табиий ресурслардан комплекс фойдаланиш талабларига;
ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи моддаларни, минерал ўғитларни, бошқа кимёвий моддалар ва дориларни ташиш, сақлаш ва қўллаш чоғида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига;
кенг тарқалган фойдали қазилмаларни қазиб олиш нормалари ва қоидаларига;
балиқчилик, балиқ захираларини муҳофаза этиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни урчитиш, балиқчиликни рағбатлантириш қоидаларига;
сувни муҳофаза қилиш объектларини, сув хўжалиги тизимлари, сув омборлари ва бошқа гидротехника иншоотларини ишлатиш қоидаларига доир қисмига риоя этиши ва уни бажариши;
хавфли юкларни транзит тарзда ташиш шартларини ўз ваколатига мувофиқ равишда бажариши;
в) атроф-муҳитни муҳофаза этиш, табиий ресурслардан комплекс фойдаланиш, уларни сақлаш ва қайта тиклаш дастурлари ва топшириқларини бажариш;
г) сув, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси давлат кадастрларини юритиш;
д) табиатдан фойдаланувчилар табиий ресурслардан фойдаланишнинг, атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддалар, чиқиндилар чиқариб ташлаш ва оқизишнинг ҳамда бошқа зарарли таъсирларнинг (жисмоний таъсирдан ташқари) дастлабки ҳисобини юритиши, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишга доир давлат статистика ҳисоботлари тўғри бўлишига риоя этилиши;
е) сув ресурсларидан фойдаланилиши, сувдан фойдаланишнинг белгиланган нормалари, қоидалари ва тартиботига риоя этилиши, ер усти ва ер ости сувларининг ифлосланиш, булғаниш ва қуриб қолишдан муҳофаза қилиниши, шунингдек сув объектларининг қирғоқ бўйларида (зоналарида) сувни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;
ж) ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар ер участкалари қайси мақсадлар учун берилган бўлса, шу мақсадларга мувофиқ фойдаланишлари ва тупроқни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўришлари;
з) вақтинча фойдаланишга берилиб, қурилиш, фойдали қазилмалар қазиб олиш ва бошқа таъсирлар натижасида бузилган ерларни фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш;
и) ўрмон ресурсларининг, қимматли табиий ландшафтларнинг, шунингдек ўрмон ўсимликларининг сувни муҳофаза қилиш, сувни бошқариб туриш, экин майдонларини ҳимоя қилиш ва бошқа ҳимоя вазифалари сақланишини таъминлаш;
к) қўриқхона ишларини юритиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тартиботини таъминлаш;
л) давлат овчилик фондини муҳофаза этиш, ов ва овчилик хўжалиги юритиш қоидаларига риоя этилиши;
м) қонун ҳужжатларида назарда тутилган табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасига доир бошқа масалаларнинг ҳал этилиши.
14. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати тайинлайдиган ва вазифасидан озод қиладиган Раис бошчилик қилади.
15. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Раиси:
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун, шунингдек Қўмитага қарашли органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг иши учун шахсан жавобгар бўлади, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси марказий аппаратининг тузилиши ва штат жадвалини тасдиқлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Раиси ва унинг ўринбосарларини тайинлаш ва вазифасидан озод қилиш учун розилик беради;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишгап ҳолда вилоятлар ва Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмиталарининг раислари ва уларнинг ўринбосарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.
16. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти девони билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
17. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қўмиталарининг раислари ва уларнинг ўринбосарлари ўзлари мутасадди бўлган йўналишлар бўйича тегишинча Ўзбекистон Республикасининг, Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг табиатни муҳофаза қилиш бош давлат инспекторларидир.
18. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Раиси (ҳайъат раиси), унинг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат кўмитасининг раиси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолияти асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.
Ҳайъатнинг миқдор таркиби ва шахсий таркиби, лавозимига кўра ҳайъат таркибига кирадиган шахслардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Раисининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенатининг Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Ҳайъат мажлислари, қоида тариқасида, ҳар ойда камида бир марта ўтказилади.
19. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўзига қарашли органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, йўриқномалар ва кўрсатмалар чиқаради, ўз қарорларининг бажарилишини ташкил этади ва текширади.
20. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида мувофиқлаштириш кенгаши, илмий-техника кенгаши, жамоатчилик кенгаши ва бошқа кенгашлар тузилиши мумкин.
Кенгашлар тўғрисидаги низомлар ва уларнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳайъати томонидан тасдиқланади.
21. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимининг мансабдор шахслари республика ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, бошқа объектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда киришга ҳақлидирлар. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги мансабдор шахслар ўзларининг хизмат вазифаларини бажараётганларида уларни хоналар, телефон алоқаси, транспорт билан ва объектни кўздан кечириш (текшириш) вақтида, заруратга қараб махсус кийим билан таъминлашлари шарт.
22. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизими ходимлари (ёрдамчи ишлардаги ходимлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Раиси томонидан тасдиқланадиган ягона намунадаги кийим ва фарқловчи белгилар билан таъминланадилар.
Уларга табель қуролини сақлаш ва олиб юришга белгиланган тартибда рухсат этилади.
23. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унга қарашли органлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлар ҳисобидан таъминланади.
24. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси марказий аппарати ходимларининг сони Олий Мажлис Сенатининг Кенгаши томонидан тасдиқланади.
25. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси юридик шахс бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эгадир.