Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.04.2008 й. ПҚ-834-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини қисман ўзгартириш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
09.04.2008 й.
N ПҚ-834
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ИЖРО
ЭТУВЧИ ТУЗИЛМАСИНИ ҚИСМАН
ЎЗГАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
"Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппарати таркибий бўлинмаларига раҳбарлик ва улар фаолиятини мувофиқлаштириш даражасини ошириш, таҳлилий материаллар ва ҳукумат қарорларининг лойиҳалари ҳар томонлама, чуқур ҳамда сифатли тайёрланишини таъминлаш, ижрочилик интизомини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қабул қилган қарорлар, Ўзбекистон Республикасининг имзоланган халқаро шартномалари, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан инвестициявий ва ташқи иқтисодий шартномалар ҳамда битимларнинг амалга оширилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида:
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аппарати бошқарувчиси ўз мавқеи, моддий таъминоти; ижтимоий-маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича вазирга тенглаштирилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан лавозимга тайинланади ва озод этилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аппарати бошқарувчиси зиммасига қуйидаги асосий ваколат ва вазифалар юклатилсин:
Вазирлар Маҳкамасининг аппарати фаолиятини ташкил этади ва ижро этувчи аппаратга юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун масъул ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари экспертизаси ҳамда сифатли тайёрланишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари билан яқин ҳамкорлиқда бўлади;
Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини, таҳлилий материалларни чуқур ва сифатли тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари лойиҳаларини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-таҳлил департаментлари фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлайди;
Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро шартномалари ва Ҳукуматда кўриб чиқилиши зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига киритилишида ижро этувчи органлар томонидан белгиланган регламент талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ижрочилик интизомини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва топшириқлари, Ҳукумат қарорларининг бажарилишини назорат қилиш чора-тадбирларини амалга оширади;
Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг унга бевосита бўйсунувчи таркибий бўлинмалари фаолиятига раҳбарлик қилади, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари аппаратлари ишини мувофиқлаштиради;
Ҳукумат қарорларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
3. Белгилансинки, Вазирлар Маҳкамасининг энг муҳим комплекслар, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва соҳалари бўйича Ахборот-таҳлил департаментлари ўз фаолиятида тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарларига бўйсунади ва айни вақтда уларнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар қуйидагиларни:
икки ой муддатда Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармасига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги халқаро шартномалари матнлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташрифлари давомида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзоланган, шунингдек хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасига қилган ташрифлари давомида имзоланган инвестиция ҳамда ташқи савдо шартномаларининг матнлари тақдим этилишини;
халқаро шартномалар тузилишига қараб уларнинг матнларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий ташрифлари давомида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзоланадиган, шунингдек хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари давомида имзоланадиган инвестиция ҳамда ташқи савдо шартномаларининг матнлари Бошқармага юборилишини;
Бошқарма сўровларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, инвестиция ва ташқи савдо шартномаларини бажариш масалалари бўйича зарур материаллар ва ҳужжатлар тақдим этилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати бошқарувчиси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Қарордан келиб чиқадиган ўзгартишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
9. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов
*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.