Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 06.12.2001 й. 306-II-сон "Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастури тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ
ҚАРОРИ
06.12.2001 й.
N 306-II
АҲОЛИНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ
ҚАТЛАМЛАРИНИ АНИҚ ЙЎНАЛТИРИЛГАН ТАРЗДА
ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИНГ 2002-2003 ЙИЛЛАРГА
МЎЛЖАЛЛАНГАН ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастурини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарз-да қўллаб-қувватланишнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастури маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлашга йўлланаётган бюджет маблағларидан улар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига йўналтирилганлигини кучайтиришни назарда тутган ҳолда фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга йўлланаётган маблағларнинг тақсимланиши учун масъул бўлган фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг молиявий негизини мустаҳкамлаш;
давлат ижтимоий мададини олувчилар қаторини бир йўла ана шундай ёрдамга муҳтожликни белгилашнинг қўшимча мезонларини жорий этган ҳолда кенгайтириш;
кам таъминланган оилаларнинг меҳнатга қобилиятли аъзолари иқтисодий фаоллигини ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга йўлланаётган кредит ресурсларининг ҳажмларини кўпайтириш ҳисобига аҳолининг анчагина қисмини кам таъминланганлар тоифасидан чиқариш;
ёшларни таълим жараёнига фаол жалб қилиш, янги типдаги ўқув юртларининг (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг) нуфузини ошириш, кам таъминланган оилаларга мансуб ўқувчиларнинг дарсликлар ва ўқув адабиётларидан эркин фойдалана олишини таъминлаш;
қишлоқ жойларда таълим жараёнининг сифат даражасини ошириш;
пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш ва кучайтириш;
давлат маблағларидан белгиланган мақсадда фойдаланиш устидан жиддий назоратни таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўрсинлар.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлисининг Раиси Э. Халилов
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2001 йил, 22-24-сон