Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси негизида фермер хўжалиги барпо этиш учун талабгорларни танлаш ва уларнинг танловини ўтказиш Тартиби (ЎзР ВМ 05.01.2002 й. 8-сон қарорига 5-илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 5 январдаги
5-ИЛОВА
Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги
корхонаси негизида фермер хўжалиги барпо
этиш учун талабгорларни танлаш ва
уларнинг танловини ўтказиш
ТАРТИБИ
1.1. Мазкур Тартиб қишлоқ хўжалик корхонасини фермер хўжаликларига айлантиришда талабгорларни танлаш ва уларнинг танловини ўтказиш шартларини белгилаб беради.
1.2. Мазкур Тартибда қуйидаги атамалардан фойдаланилади:
танлаш - фермер хўжалиги ташкил этиш ҳуқуқини олиш учун танловда иштирок этувчи талабгорларни танлаш шакли;
танлов - қобилиятли, тегишли билимлар ва кўникмаларга эга бўлган меҳнатсевар ва тадбиркор фуқароларга фермер хўжалиги ташкил этиш ҳуқуқини бериш мақсадида уларни аниқлаш;
танлов объекти - қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси мулкининг бир қисми берилган ҳолда муайян ер участкасида фермер хўжалиги ташкил этиш ҳуқуқи;
танлов ташкилотчиси - қишлоқ хўжалик корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссия
1.3. Ўтказилаётган танловнинг асосий мақсади фермер хўжаликлари ташкил этиш учун хўжаликнинг қобилиятли ва тадбиркор аъзоларини ва бошқа талабгорларни аниқлаш ҳисобланади.
Фермер хўжаликлари раҳбарлари "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида кўрсатиб ўтилган мезонлар бўйича белгиланади.
II. ТАНЛОВ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК
КЎРИШ ВА УНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ
2.1. Фермер хўжаликлари ташкил этиш учун талабгорларни танлашни ва уларни аниқлаш бўйича танлов ўтказишни ташкил этиш қишлоқ хўжалик корхонасини қайта ташкил этиш бўйича комиссияга юкланади.
Фермер хўжаликларига ер участкалари очиқ танлов асосида берилади.
2.2. Комиссия қишлоқ хўжалик корхонасининг хўжалик-молия фаолияти билан боғлиқ барча кўрсаткичларни ўрганиб чиқади ва хўжаликни комплекс хатловдан ўтказади (хўжаликка қарашли мол-мулкни, қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланишнинг аҳволини, алмашлаб экиш ва экинларнинг жойлаштирилишини, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини, хўжаликлараро ва хўжалик ички суғориш тизимлари ҳамда коллектор-дренаж тизимлари, қишлоқ хўжалик техникаси мавжудлигини, чорва моллари бош сонини, дебиторлик ва кредиторлик қарзларни аниқлайди).
2.3. Фермер хўжаликлари учун ер участкалари хариталарини шакллантириш учун ер фондининг мавжуд ҳолати ва тасдиқланган бош режалар ёки давлат дастурларида назарда тутилган аҳоли пунктларини ва деҳқон хўжаликларини, ирригация-мелиорация ва йўл тармоқларини, бошқа муҳандислик тармоқлари ва коммуникацияларини, қурилиш объектларини ривожлантириш истиқболларини таъминловчи ер майдонла рига бўлган эҳтиёжни, амалдаги чеклашлар ва сервитутларни, лойиҳага кўра ташкил этилаётган фермер хўжаликларига бевосита ижарага бериш назарда тутилмаган ердан фойдаланиш ва бириктиришнинг бошқа шартларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалик корхонасига қарашли ер фондини қайта тақсимлаш лойиҳаси (схемаси) асос қилиб олинади.
Лойиҳа (схема) туманлар ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари томонидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилади.
2.4. Ер участкалари танловга уларнинг майдони, мазкур ер участкаларига тўғри келувчи мулк улуши ва кредиторлик қарзлари аниқланганидан кейин қўйилади.
2.5. Комиссия танловда иштирок этиш хоҳишини билдирган фуқароларнинг аризаларини қабул қилиш муддатларини белгилайди.
Танлов ўтказилишидан бир ой олдин маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёки бошқа қулай шаклда қишлоқ хўжалик корхонасининг қайта ташкил этилиши ва танлов ўтказилиши тўғрисида эълон берилади.
2.6. Танлов ўтказилиши ҳақидаги хабарда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
танловга тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва уларга қўйиладиган талаблар;
танловга қўйилган ер участкалари майдонлари ва чорвачилик фермалари кўрсаткичлари ҳамда бошқа тегишли тавсифлар;
ҳар бир ер участкасига тегишли мол-мулк улуши ва кредиторлик қарзи миқдори;
танловни ўтказиш тартиби;
танловда иштирок этиш учун аризалар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилишнинг узил-кесил муддатлари;
танловнинг ўтказилиш санаси, вақти ва жойи;
танловни ўтказиш комиссиясининг манзили ва телефон рақами.
2.7. Танловни ўтказиш тўғрисидаги ахборот лўнда ва аҳоли учун тушунарли бўлиши лозим.
III. ТАНЛОВДА ИШТИРОК ЭТИШ ШАРТЛАРИ
3.1. Танловда иштирок этиш ҳуқуқига қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг аъзолари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари эгадир.
Қуйидагилар:
логистика марказлари (мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш бўйича қувватлар, қишлоқ хўжалиги техникаси), шунингдек, ички ва ташки бозорда мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш тажрибасига эга;
замоновий иссиқхона хўжаликлари ва интенсив боғлар яратиш ва улардан фойдаланиш тажрибасига эга;
қўшимча қийматлар занжири бўйича кластер усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун шахсий ва жалб қилинган молиявий маблағларига эга;
мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш, жумладан экспорт қилишни ташкил қилиш, замонавий ресурс ва сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш вазифаларини ўз зиммасига оладиган хўжалик юритувчи субъектлари (ўзаро боғлик корхоналар гуруҳи) чигитдан бўшаган ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини экишда биринчи навбатда ердан узоқ муддатли ижара шартларида фойдаланиш ҳуқуқига эга.
3.2. Фермер хўжаликларини ташкил этаётган талабгорлар танлаш ва танловда иштирок этиш учун комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари зарур:
танловда иштирок этишга талабгорнинг мазкур Тартибга 1-иловага мувофиқ намуна бўйича аризаси, унда муайян ер участкасининг тартиб рақами, бириктирилган ер майдонидан кўп йиллик ўртача кўрсаткичдан кам бўлмаган ҳосилдорликни таъминлаш, туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан тасдиқланган қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш схемасига риоя этган ҳолда 10 йил муддат мобайнида ишлаб чиқариш ихтисослашувини ўзгартирмаслик, алмашлаб экишга риоя этган ҳолда давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот сотиш кафолати, тупроқ унумдорлигини ошириш, кредиторлик қарзларни белгиланган муддатларда тўлаш, шунингдек комиссия томонидан қўйилган бошқа шартларни ўз вақтида бажариш тўғрисидаги мажбуриятлар кўрсатилади;
мутахассисликни, иш тажрибаси ва стажни тасдиқловчи ҳужжатлар;
бизнес-режа асосий иқтисодий кўрсаткичларининг ҳисоб-китоби;
тавсиянома хатлар (зарур ҳолларда).
3.3. Танловда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш танлов ўтказилишидан ўн кун олдин тўхтатилади.
3.4. Танловда иштирок этиш учун қатнашувчиларни танлаш икки босқичдан иборат бўлади:
биринчи босқичда ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва мазмуни текширилади;
иккинчи босқичда талабгорларнинг аризаларида баён қилинган таклифларнинг иқтисодий асосланганлиги ўрганиб чиқилади.
Танлов ўтказилгунга қадар комиссия муайян ер участкасида фермер хўжалиги ташкил этиш тўғрисида ариза тақдим этган талабгорларнинг таклифларини пухта ўрганиб чиқади, ҳар бир иштирокчининг лойиҳаси алоҳида баҳоланади. Бунда ариза берувчи ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг тўлиқлиги ва ҳақиқатга яқинлиги ҳамда уларни бажариш имкониятлари ҳисобга олинади.
3.5. Комиссия қарорига кўра танлаб олинган талабгорлар танловда иштирок этиш учун тавсия қилинади.
3.6. Танловда иштирок этишга қўйилган шахсларга танловни ўтказиш шартлари эълон қилинади.
3.7. Комиссия танловда иштирок этишга қўйилган шахслар тўғрисидаги тўлиқ ахборотни ёзма шаклда эълон қилиши, шунингдек танловда иштирок этишга қўйилмаган шахсларга ёзма шаклда асосли рад жавобларини йўллаши шарт.
3.8. Танловни ўтказиш қоидалари ва талабларига риоя этмаган, қонун ҳужжатларига асосан талабгорлар деб эътироф этилмаган, танловда иштирок этиш учун аризаларни ўз вақтида тақдим этмаган шахслар танловда иштирок этишга қўйилмайди.
4.1. Танлов ўтказиладиган куни комиссия барча талабгорлар иштирокида фермер хўжалигини ташкил этиш бўйича мажбуриятлар кўрсатилган аризаларни ўқиб эшиттиради.
Комиссия аъзолари танлаб олинган талабгорлар иштирокида улар томонидан тақдим этилган таклифларни муҳокама этади ва 10 балли шкала (тизим) бўйича баҳолайди.
4.2. Танловга қўйилган ҳар бир ер участкаси бўйича энг кўп балл тўплаган шахс танлов ғолиби деб ҳисобланади. Бошқа барча шартлар бўйича тенг балл тўпланган ҳолларда қайта ташкил этилаётган хўжалик аъзосига имтиёз берилади.
4.3. Танлов ғолиблари тўғрисидаги танлов йиғилиши тугаганидан кейинги якуний баённома комиссия томонидан икки нусхада тузилади ва хўжаликнинг юқори бошқарув органи томонидан тасдиқланади.
4.4. Танлов якунлари тўғрисидаги материаллар комиссия томонидан оммавий ахборот воситаларида ёки бошқа қулай шаклда эълон қилинади.
V. ЕР УЧАСТКАСИНИ ИЖАРАГА ОЛИШ ШАРТНОМАСИНИ
ВА ТАНЛОВ ҒОЛИБИНИНГ МУЛККА БЎЛГАН
ҲУҚУҚИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ
5.1. Танловда ғолиб чиққан шахс фермер хўжалигининг бошлиғи деб эътироф этилади.
5.2. Туман ҳокимининг қароридан кейин амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалик корхонасининг ер фондини қайта тақсимлаш лойиҳа (схема)си амалда рўёбга чиқарилади (фермер ва деҳқон хўжаликларига ерни ижарага ажратиш, фойдаланилмаётган ерларни захира ерлар тоифасига ўтказиш ва ҳоказо).
5.3. Фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олишнинг Намунавий шартномасига мувофиқ расмийлаштирилади.
1-ИЛОВА
____________________________________
(хўжалик номи)
хўжалигини қайта ташкил этиш
бўйича комиссия раиси
__________________________________ га
(Ф.И.О.)
__________________________ да яшовчи
__________________________ томонидан
(Ф.И.О.)
АРИЗА
Менга __________________________________________ даги
(ер участкасининг чегаралари ва жой тавсифи)
________ контурда жойлашган _____ гектар ер участкасида фермер хўжалиги ташкил этиш учун танловда қатнашишга рухсат беришингизни сўрайман.
Ўзим ҳақимда қуйидагиларни билдираман:
______________________________________________________
(маълумоти, мутахассислиги, иш тажрибаси ва стажи, шу жумладан қишлоқ хўжалигида)
______________________________________________________
Ташкил этиладиган фермер хўжалиги ходимлари тўғрисидаги маълумотлар:
______________________________________________________
(ходимлар сони, уларнинг билими, тажрибаси ва иш стажи, шу жумладан қишлоқ хўжалигида)
______________________________________________________
Ўз навбатида бириктириладиган ер участкасидан юқори ҳосил олиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини (уч йилда ўртача ҳисоблаганда) ернинг кадастр баҳосидан кам бўлмаган миқдорда таъминлаш, "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 35-1 ва 50-1-моддаларига мувофиқ сув объектларидан фойдаланиш мажбуриятларини бажариш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан Ер кодексининг 48-моддасига мувофиқ фойдаланиш мажбуриятларини бажариш, қишлоқ хўжалиги туман бўлимига томонидан тасдиқланган қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш схемасига риоя қилга ҳолда 10 мобайнида ишлаб чиқариш ихтисослашувини ўзгартирмаслик, алмашлаб экишга риоя қилган ҳолда давлат эҳтиёжлари учун маҳсулотлар сотиш, кредиторлик қарзларни муддатларида тўлаш, шунингдек комиссия томонидан қўйилган бошқа шартларни бажариш мажбуриятини ўз зиммамга оламан.
_________________ _________________
(сана) (имзо)
Аризага мутахассисликни, иш тажрибаси ва стажини тасдиқловчи ҳужжатлар, бизнес-режа асосий иқтисодий кўрсаткичларининг ҳисоб-китоби илова қилинади.