Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолият, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари комплекси раҳбарининг мақоми ва вазифалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.12.2009 й. 315-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 15 декабрдаги

315-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

ўринбосари - Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар

ва савдо вазири - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолият, хорижий

инвестицияларни жалб этиш ва ишлаб чиқаришни

маҳаллийлаштириш масалалари комплекси

раҳбарининг мақоми ва вазифалари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Вазирлар Маҳкамасининг тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири лавозимини киритиш тўғрисида" 2009 йил 13 ноябрдаги ПҚ-1226-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда янгидан жорий этилаётган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири лавозимининг мақоми ва вазифаларини белгилайди.



II. МАҚОМИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Президиуми таркибига киради.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Президиуми мажлисларида бевосита иштирок этади. Ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради.


4. Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолият, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари комплексига раҳбарлик қилади.


5. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг лавозим вазифаларини сўзсиз бажариш;

ягона ташқи иқтисодий сиёсатнинг ўтказилишини, биринчи навбатда, ташқи савдо айланмасининг балансланганлигини кучайтириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, Ўзбекистон Республикасига товарлар ва хизматлар импорти ҳажмлари ва таркибини мақбуллаштириш бўйича таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширувчи вазирликлар, идоралар, тижорат тузилмалари, компаниялар, уюшмалар, фирмалар, корхоналар ва ташкилотлар ишларининг мувофиқлаштирилиши ва келишилишини таъминлаш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар ва преференциялар яратиш;

мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларидан ва жаҳон бозоридаги конъюнктуранинг ўзгариши таҳлилидан келиб чиққан ҳолда хорижий давлатлар, халқаро молия ва иқтисодиёт институтлари, хорижий компаниялар, фирмалар ва банклар билан ташқи иқтисодий ҳамда ташқи савдо ҳамкорлигининг устувор вазифалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

мамлакатимиз олдида турган стратегик вазифаларга эришиш ишларида ўтказилаётган ташқи иқтисодий сиёсатнинг ролини кучайтириш ва самарадорлигини ошириш;

иқтисодиётни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш;

ташқи савдо айланмаси таркибини янада мақбуллаштириш ва ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштирилишини чуқурлаштириш;

инвестиция ва ташқи савдо шартномалари (контрактлари) лойиҳалари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, маълумотларнинг тизимлаштирилган банки шакллантирилишини ва юритилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатларга ташрифлари, шунингдек хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар бошлиқларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари давомида имзоланган инвестиция ва ташқи савдо шартномалари мониторингини олиб бориш.


6. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири:

Ташқи иқтисодий фаолият, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади;

Идоралараро божхона - тариф Кенгаши (ИБТК)нинг, Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг, шунингдек бошқа комиссияларнинг ишларини бошқаради;

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ташқи савдо компаниялари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш юзасидан таклифларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, "Ўзбектуризм" миллий компанияси, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг ташқи иқтисодий фаолиятига мутасаддилик қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари иштирокида хорижий мамлакатлар билан ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, республиканинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, товарлар ва хизматлар экспорти бўйича белгиланган вазифаларни бажариш, ташқи савдо айланмасини кўпайтириш ва унинг таркибини мақбуллаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари бўйича якуний ва мунтазам йиғилишлар ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига биноан республиканинг алоҳида олинган минтақаларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устувор вазифалари ва дастурларининг, иқтисодий ислоҳотларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради.


7. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг ўз тасарруфидаги масалалар бўйича топшириқларининг вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.



III. ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 50-51-сон, 543-модда.