Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.11.2009 й. ПҚ-1226-сон "Вазирлар Маҳкамасининг тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири лавозимини киритиш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
13.11.2009 й.
N ПҚ-1226
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ТУЗИЛМАСИГА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИНИНГ
ЎРИНБОСАРИ - ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАР,
ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА САВДО ВАЗИРИ
ЛАВОЗИМИНИ КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Мамлакатимиз олдида турган стратегик вазифаларга эришиш ишида олиб борилаётган ташқи иқтисодий сиёсатнинг ролини янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда бундан манфаатдор тузилмаларнинг фаолиятини зарур даражада мувофиқлаштириш ва уйғунлигини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири лавозими киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири лавозими тугатилсин.
3. Янги киритилаётган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари лавозимининг энг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг лавозим вазифаларини сўзсиз бажариши билан бир қаторда, биринчи галда республика ҳудудида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган вазирликлар, идоралар, тижорат тузилмалари, компаниялар, уюшмалар, фирмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва уйғунлигини таъминлаш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар ва преференциялар яратиш.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М. Мирзиёев) ўн кун муддатда Ҳукумат тузилмасига зарур ўзгартишларни киритсин ва янги жорий этилаётган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг мавқеи ҳамда вазифалари тўғрисидаги Низомни тасдиқласин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2009 йил., 11-сон, 452-модда