Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.03.2002 й. 74-сон "Уй-жой мулкдорлари ширкатларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
01.03.2002 й.
N 74
УЙ-ЖОЙ МУЛКДОРЛАРИ ШИРКАТЛАРИНИ
ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолиятини ривожлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2002 йил 26 февралдаги ПФ-3038-сон Фармонига мувофиқ ҳамда уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти учун зарур қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлари қониқарсиз деб эътироф этилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсинлар.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
бир ой муддатда уйлар атрофидаги ер участкалари ширкатларга улардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат далолатномаларини берган ҳолда қонунчилик тартибида бириктириб қўйилишини таъминласинлар, шунингдек уларни ишлаб чиқариш фаолияти учун турар жойга мўлжалланмаган бинолар билан таъминласинлар;
уй-жой фондида таъмирлаш-тиклаш ишлари таннархини пасайтириш мақсадида уй-жой мулкдорлари ширкатларини зарур моддий-техника ресурслари билан пулли асосда, марказлаштирилган тартибда таъминласинлар;
турар жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашни амалга оширишда газ, иссиқ ва совуқ сувни ҳисобга олиш квартира приборлари мажбурий тартибда ўрнатилишини таъминласинлар;
турар жойларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун пудратчиларни танлаш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ танловлар (тендерлар) ўтказилишини ташкил этсинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
2003-2006 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакллантиришда 1991 йилгача қурилган уй-жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий равишда фойдаланиладиган жойларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари учун ажратиладиган марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимити умумий ҳажмининг 3 фоизигача миқдорда маблағ ажратсинлар;
йил чораги якунлари бўйича маҳаллий бюджетлар даромад қисми маблағларининг прогноздан ортиқча тушумларининг бир қисмини 1991 йилгача қурилган уй-жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий равишда фойдаланиладиган жойларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга йўналтирсинлар;
уйлар атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш, мавзелар ичидаги йўллар, йўлаклар, ирригация тизимларини таъмирлаш, ташқи ёритиш ва уй-жой мулкдорлари ширкатларига бириктирилган зоналарни кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш учун бюджетдан ташқари маблағлар ва бошқа манбалар жалб этилишини таъминласинлар.
4. Белгилансинки, уй-жой мулкдорлари ширкатлари умумий йиғилишнинг розилиги билан фаолиятдан олинган даромадларини кейинчалик уй-жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий равишда фойдаланиладиган жойларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун махсус депозит ҳисоб рақамига мақсадли йўналтирган ҳолда спорт-соғломлаштириш ва болалар ўйинлари марказлари ва майдончалари қуриш ва улардан фойдаланишни пулли асосда амалга оширишлари мумкин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси ва "Ўзкоммунхизмат" агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
Уй-жой мулкдорлари ширкатларининг қўшимча фаолият турларидан олган даромадларининг махсус депозит ҳисоб рақамига тушиши ва улардан фойдаланиш тартибини;
1991 йилгача қурилган уй-жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий равишда фойдаланиладиган жойларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини маблағ билан таъминлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
6. Тижорат банкларига уй-жой фондини мукаммал таъмирлашда мақсадли фойдаланиш учун уй-жой мулкдорлари ширкатларига 2019 йил 31 декабрга қадар имтиёзли кредитлар ажратилишини назарда тутиш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда уй-жой мулкдорлари ширкатларига имтиёзли шартларда кредитлар ажратиш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва қабул қилсин.
2020 йил 1 январдан бошлаб кредитлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида, 2021 йил 1 январдан бошлаб тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда фоиз харажатларнинг бир қисмини компенсация қилиш механизмини қўллаш имконияти билан берилади.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ишлаб чиқилган 1991 йилгача қурилган уй-жойларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини ва умумий равишда фойдаланиладиган жойларини мукаммал таъмирлаш жадвали иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. "Ўзкоммунхизмат" агентлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банки билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг буюртманомаларига биноан 2002 йилнинг биринчи ярим йили мобайнида аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, молия-хўжалик фаолиятини юритиш масалалари бўйича уй-жой мулкдорлари ширкатлари бошқарувлари раислари ва бухгалтерларининг ўқишини ташкил этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги "Ўзкоммунхизмат" агентлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарорга мувофиқ амалдаги қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н. Тўлаганов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. Каримов
2002 йил 1 мартдаги
74-сон қарорига
ИЛОВА
1991 йилгача қурилган уй-жойларнинг
умумий равишда фойдаланиладиган жойларини
ва муҳандислик коммуникацияларини мукаммал
таъмирлашнинг 2002-2006 йилларга мўлжалланган
ЖАДВАЛИ
Минтақалар |
1991 йилгача қурилган, мукаммал таъмирла- ниши керак бўлган уйлар сони, ҳаммаси |
Зарур маблағлар миқдори (1991 йилги нархларда), минг сўм |
Шу жумладан (минг сўм) |
Таъмирланадиган уй-жойлар сонининг йиллар бўйича тақсимланиши |
|||||
бюджет маблағлари (70%) |
бюджетдан ташқари манбалар (30%) |
2002 йил |
2003 йил |
2004 йил |
2005 йил |
2006 йил |
|||
Қорақалпоғистон Республикаси |
504 |
16884 |
11819 |
5065 |
47 |
115 |
114 |
114 |
114 |
вилоятлар: |
|||||||||
Андижон |
653 |
24624 |
17237 |
7387 |
76 |
145 |
144 |
144 |
144 |
Бухоро |
593 |
33504 |
23453 |
10051 |
72 |
131 |
130 |
130 |
130 |
Жиззах |
422 |
11873 |
8311 |
3562 |
41 |
96 |
95 |
95 |
95 |
Қашқадарё |
803 |
30757 |
21530 |
9227 |
65 |
186 |
184 |
184 |
184 |
Навоий |
103 |
3967 |
2777 |
1190 |
25 |
21 |
19 |
19 |
19 |
Наманагн |
368 |
17318 |
12123 |
5195 |
46 |
82 |
80 |
80 |
80 |
Самарқанд |
915 |
25313 |
17719 |
7594 |
116 |
200 |
200 |
200 |
199 |
Сурхондарё |
350 |
8006 |
5604 |
2402 |
86 |
66 |
66 |
66 |
66 |
Сирдарё |
893 |
34703 |
24292 |
10411 |
70 |
206 |
206 |
205 |
206 |
Тошкент |
2651 |
85769 |
60039 |
25731 |
216 |
604 |
608 |
609 |
614 |
Фарғона |
579 |
19850 |
13895 |
5955 |
92 |
122 |
122 |
122 |
121 |
Хоразм |
865 |
26258 |
18380 |
7877 |
60 |
202 |
201 |
201 |
201 |
Тошкент шаҳри |
3647 |
180902 |
126631 |
54271 |
488 |
792 |
789 |
789 |
789 |
Ҳаммаси |
13346 |
519728 |
363810 |
155919 |
1500 |
2968 |
2958 |
2958 |
2962 |
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2002 й., 5-6-сон, 38-модда
"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2002 й., 3-сон, 13-модда.