Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 30.12.2010 й. 2175-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 30.11.2010 й. 102-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 30 декабрда 2175-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2010 йил 30 ноябрдаги

102-сон буйруғига

ИЛОВА


Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш

бўйича компенсация пул тўловларининг

механизми тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация (бундан буён матнда - компенсация деб юритилади) пул тўловларининг механизмини белгилайди.


I. ИМТИЁЗЛИ ШАХСЛАР ТОИФАСИ ВА КОМПЕНСАЦИЯ

ПУЛ ТЎЛОВЛАРИ МИҚДОРЛАРИ


1. Қуйидагилар пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари ҳисобланади:

а) 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва унинг қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар. Уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва унинг қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар доираси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1 ва 2-иловаларида белгиланган;

в) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва "Слава" орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;

г) фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;

д) Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;

е) кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

ж) Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;

з) ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар.

1-1. 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслардан ташқари, пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 50 фоизи миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари ҳисобланади.

2. Пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 25 фоизи миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари деб 1941-1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчилари ҳисобланади.


II. КОМПЕНСАЦИЯ ПУЛ ТЎЛОВЛАРИНИ

ТЎЛАШ ТАРТИБИ ВА МУДДАТЛАРИ


3. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ, уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари жами даромад таркибига киритилади ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси (бундан буён матнда - Пенсия жамғармаси деб юритилади) орқали пенсиялар тўланадиган тартиб ва муддатларда тўланади.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан пенсия олувчи пенсионерларга компенсациялар пенсияларни тўлаш муддатларида пенсия тайинланган ташкилот орқали тўланади.

5. Компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга компенсация уни олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни илова қилган ҳолда компенсация тайинлаш тўғрисида ариза топширилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан тайинланади.

Бунда, ушбу Низомнинг 1-банди "е" ва "з" кичик бандларида келтирилган имтиёзли шахслар томонидан компенсация тайинлаш тўғрисида ариза берилганда, аризага компенсация олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни илова қилиш талаб этилмасдан ушбу шахсларнинг компенсация олиш ҳуқуқи "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан олинган электрон кўринишдаги маълумотлар ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 31 майдаги 188-сон қарори билан тасдиқланган Ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида хизматни ўтаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг рўйхати асосида аниқланади.

7. Бир неча асосга кўра компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга уларнинг танлаши бўйича энг кўп миқдордаги битта компенсация тўланади.


8. Меҳнат таътилида, таълим олиш муносабати билан таътилда, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилда бўлиш вақти учун, шунингдек вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври, бола икки ёшга етишига қадар уни парвариш қилиш бўйича ходимлар таътилда бўлган давр учун ҳам компенсациялар тўланади.


9. Олувчига тегишли бўлган ва унинг вафот этиши муносабати билан тўлиқ олинмай қолган компенсация суммаси у вафот этган кунда бирга яшаган оила аъзоларига тўланади. Мазкур ҳолда компенсация вафот этган кунига қадар тўланади.

11. Тайинланган компенсацияни тўлаш:

пенсия (нафақа) тўлаш муддати тамом бўлганда;

кетма-кет уч ойдан ортиқ вақт мобайнида компенсацияни етказиб бериш (топшириш) юклатилган ташкилот орқали компенсация олинмаганда;

фуқаро озодликдан маҳрум этилганда;

фуқаро руҳий беморлар интернат уйларида яшаганда;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали Пенсия жамғармасининг "Пенсия" ахборот тизимига нафақа олувчининг нафақа тўлови тўхтатиб турилгани тўғрисидаги электрон маълумотлар келиб тушганида;

компенсацияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида фуқаро томонидан ариза берилганда тўхтатиб турилади.

Тайинланган компенсацияни тўлаш қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб турилиши мумкин.

Компенсацияни тўлаш фуқаро ёки унинг васийси томонидан компенсацияни тўлашни тиклаш тўғрисида ариза тақдим этилгандан, шунингдек шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган кундан бошлаб тикланади.

Фуқаронинг суд ҳукми бўйича озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлган вақти учун компенсация тўланмайди. Фуқаро озод бўлгандан кейин компенсация тўлаш компенсацияни тўлашни тиклаш тўғрисида ариза берилган кундан бошлаб тикланади.

11-1. Тайинланган компенсацияни тўлаш:

фуқаро вафот этганда;

тайинланган компенсацияга ҳуқуқлар йўқолганда;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали Пенсия жамғармасининг "Пенсия" ахборот тизимига нафақа олувчининг нафақа тўлови тўхтатилгани тўғрисидаги электрон маълумотлар келиб тушганида;

доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетилганда тўхтатилади.

13. Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича қонунчилик ҳужжатларига кўра алоҳида тоифадаги фуқароларга бериладиган имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация пул тўловлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда кўрсатилган тўловлар бўйича харажатларни молиялаштириш Пенсия жамғармаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари орқали амалга оширилади.


III. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


14. Компенсацияларни тайинлаш ва тўлаш устидан назорат Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати инспекцияси ҳамда Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширилади.

15. Ушбу Низом бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 52-сон, 531-модда.