Газни ҳисобга олиш приборларини сотиб олиш, уларни квартираларда ва якка тартибдаги уйларда ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.03.2002 й. 99-сон қарорига 4-илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 28 мартдаги
4-ИЛОВА
Газни ҳисобга олиш приборларини сотиб олиш,
уларни квартираларда ва якка тартибдаги уйларда
ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом газни ҳисобга олиш приборларини маблағ билан таъминлаш, сотиб олиш, квартираларда ва якка тартибдаги уйларда ўрнатиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек газни ҳисобга олиш приборларини етказиб берувчи ташкилотлар, газни етказиб берувчи ва истеъмол қилувчи корхоналар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги атамалар ва тушунчалардан фойдаланилади:
Газни ҳисобга олиш приборлари - қувурлар кесими орқали ўтадиган газнинг аниқ миқдорини бевосита ҳисобга оладиган ҳисоблаш қурилмаси. Приборлар Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган бирликларда ифодаланган шкалага эга бўлиши, газнинг турли миқдордаги оқимларини ўлчаш учун зарур ва етарли бўлган градациялар бўйича ишлаб чиқарилган бўлиши ҳамда техника хавфсизлиги, фойдаланиш, таъмирлашга яроқлилик, ўзаро алмаштирувчанлик бўйича техник регламентлар ёки стандартларни қондирадиган, индикатор қурилмалари осон кўринадиган бўлиши керак.
Газни етказиб берувчи - "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг ҳудудлараро унитар корхоналари ва газни бевосита истеъмолчиларга етказиб берувчи бошқа ташкилотлар.
Газни ҳисобга олиш приборларини етказиб берувчи - Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги газни ҳисобга олиш приборлари ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг хорижий етказиб берувчилари.
Истеъмолчи - уй-жойнинг эгаси, уй-жойни ижарага олувчи, уй-жой эгалари ширкати.
3. Газни ҳисобга олиш приборларини маблағ билан таъминлаш, сотиб олиш, ўрнатиш ва улардан фойдаланиш илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.
II. ГАЗНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ПРИБОРЛАРИГА
ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
4. Газ ҳажмини ҳисобга олиш учун "Ўзстандарт" агентлиги томонидан синовдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган, Истеъмолчилар газ таъминоти тармоқларининг кириш жойларига ўрнатиладиган газни ҳисобга олиш приборлари қўлланади.
5. Ўрнатиш учун техник шартларни қондирадиган, ўлчанадиган газ ҳажмига мувофиқ бўлган ва ушбу минтақада ихтисослашган таъмирлаш ҳамда текшириш жиҳозлари билан таъминланган барча турдаги газни ҳисобга олиш приборлари қўлланади.
6. Газни ҳисобга олиш приборлари газ ҳажмини ўлчашнинг аниқлиги бўйича Истеъмолчини ва Етказиб берувчини қондириши ҳамда назарда тутилаётган энг кўп истеъмол градацияларига мувофиқ бўлиши керак.
7. Ҳисобга олиш приборлари шкаласининг ўлчов бирликлари Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган Халқаро бирликлар тизими бўйича миқдорларда ифодаланади.
8. Приборлар шкалаларидаги ёзувлар давлат тилида ўзбек тилида бўлиши керак. Шкалаларидаги ёзувлар рус ва инглиз тилларида бўлган газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатилишига йўл қўйилади.
9. Газни ҳисобга олиш приборлари индивидуал паспортга эга бўлиши ва уни тайёрлаган завод ёки уларнинг техник регламентлар ёки стандартларга мувофиқлигини текширган корхона томонидан пломбаланган бўлиши керак. Газни ҳисобга олиш приборининг ҳар бир турини текшириб кўриш даврлари "Ўзстандарт" агентлиги томонидан белгиланади.
10. Текшириб кўриш муддати ўтган приборлар носоз ҳисобланади ва фойдаланишга қўйилмайди.
11. Газни ҳисобга олиш прибори панелида қуйидагилар кўрсатилган ёзувлар бўлиши керак:
приборнинг тартиб рақами ва тайёрланган санаси;
тайёрлаган завод ёки фирма, тайёрланган мамлакат;
приборнинг марка белгиси (фирма ва кодланган номи);
энг кўп газ ўтказиш қуввати;
энг кам газ ўтказиш қуввати;
энг юқори ишлаш босими.
12. Прибор унинг техник регламентлари ёки стандартлари ва турига мувофиқ (вертикал, горизонтал) ҳолатда ўрнатилади.
III. ГАЗНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ПРИБОРЛАРИ БИЛАН
ЖИҲОЗЛАШ ҚАТНАШЧИЛАРИНИНГ АСОСИЙ
ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ
13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
"Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда газни ҳисобга олиш приборларини сотиб олиш ва ўрнатишни маблағ билан таъминлаш, шунингдек хорижий кредитларга хизмат кўрсатиш бўйича манбаларни белгилайди;
"Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси билан биргаликда, ишлаб чиқариш таннархи ва хизмат кўрсатишдан олинадиган ялпи фойдадан келиб чиққан ҳолда, газ етказиб бериш бўйича нархлар (тарифлар)ни белгиланган тартибда шакллантирилади.
14. Газни ҳисобга олиш приборларини етказиб берувчилар "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси билан тузиладиган контрактларга мувофиқ сертификатланган, Ўзбекистон Республикасининг техник талабларига жавоб берадиган газни ҳисобга олиш приборларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни амалга оширадилар.
15. "Ўзстандарт" агентлиги республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт бўйича келтириладиган газни ҳисобга олиш приборларини белгиланган тартибда сертификатлашни ва ўлчов воситалари давлат реестрига киритишни ташкил этади. Тегишли ташкилотлар ёки корхоналарга газни ҳисобга олиш маиший приборларини текшириб кўриш ҳуқуқи юзасидан рухсатнома беради.
16. "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси:
Ўзбекистон Республикаси "Ўзкоммунхизмат" агентлиги ҳудудлараро унитар корхоналар бўйича уй-жой фондини газни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш дастурини бажариш бўйича буюртмачи ҳисобланади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда "Ўзкоммунхизмат" агентлиги ҳудудий газ таъминоти корхоналари бўйича уй-жой фондини газни ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлаш дастури топшириқларининг бажарилиши таъминланиши учун тўлиқ жавоб беради;
газни ҳисобга олиш приборлари етказиб берувчилар, газни ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш бўйича ихтисослашган монтаж ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан ҳисоб-китобларни ташкил этишни амалга оширади;
газни ҳисобга олиш приборларини сотиб олиш ва ўрнатиш учун олинадиган кредитларни жалб этиш ва қайтаришни белгиланган тартибда амалга оширади.
17. "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг ҳудудлараро унитар корхоналари:
газни ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш бўйича ишларни бажариш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослашган монтаж ташкилотларини жалб этган ҳолда шартнома асосида истеъмолчиларга газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатишни амалга оширадилар;
газни ҳисобга олиш приборларидан фойдаланиш устидан техника назоратини амалга оширадилар;
газни ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган янги қурилган, шунингдек мавжуд уй-жойлар (квартиралар)нинг газ тармоқига уланишига, шунингдек тайёрловчи завод ёки текширувчи корхона томонидан пломбаланмаган, техник регламентлар ва стандартларга мувофиқлиги текшириш синовидан ўтмаган газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатилишига йўл қўйилмаслиги учун жавоб берадилар;
Истеъмолчи талабига биноан, прибордаги мавжуд бўлиши мумкин бўлган носозликларни аниқлаш учун, Истеъмолчига ўрнатилган газни ҳисобга олиш приборини текширишдан ўтказишга мажбурдирлар;
Истеъмолчига боғлиқ бўлмаган сабаб билан ишдан чиққан ва фойдаланишнинг кафолатли муддатидан олдин яроқсиз бўлиб қолган приборлар етказиб берувчи ҳисобига ўз вақтида алмаштирилишини таъминлайдилар;
газни ҳисобга олиш приборларини сотиб олиш ва ўрнатиш учун истеъмолчилардан маблағлар йиғишни таъминлайдилар;
газни ҳолиш приборлари ўрнатганлик учун ихтисослашган монтаж ташкилотлари билан ўзаро ҳисоб-китоб қилинишини таъминлайдилар.
Газни ҳисобга олиш приборларига эга бўлмаган истеъмолчиларга 2005 йил 1 сентябрдан бошлаб газ беришмайди.
18. Газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатадиган ихтисослашган монтаж ташкилотлари "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг ҳудудлараро унитар корхоналари билан тузилган контрактларга мувофиқ истеъмолчиларга газни ҳисобга олиш приборларини монтаж қилиш ва ўрнатишни амалга оширадилар. Бажарилган ишлар учун ўзаро ҳисоб-китоблар ҳудудлараро унитар корхоналар билан амалга оширилади.
19. Истеъмолчилар (аҳоли):
ўрнатилган газни ҳисобга олиш приборларининг сақланиши ва зарур даражада фойдаланилиши учун жавоб берадилар;
газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатилгани учун шартнома асосида ўз вақтида тўловни, шунингдек газни ҳисобга олиш прибори қийматини шартномада белгиланган муддатларда тўлайдилар;
олинган газ қийматини приборлар кўрсаткичларига биноан, амалдаги тарифларга мувофиқ, белгиланган муддатларда тўлайдилар;
газни ҳисобга олиш прибори қиймати тўлиқ тўлангач, унга эгалик ҳуқуқини оладилар.
20. Уй-жой эгалари ширкатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
Газ етказиб берувчининг вакиллари билан биргаликда аҳоли ўртасида газдан фойдаланишда аниқ тежамга эришиш учун газни ҳисобга олиш приборларини жорий этишнинг зарурлиги тўғрисида тарғибот-тушунтириш ишларини амалга оширадилар;
кам таъминланган оилаларга газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатиш учун тўлов бўйича уларга амалдаги Тартибга мувофиқ моддий ёрдам кўрсатиш шаклида қоплов йўли билан ёрдам кўрсатадилар;
ширкат аъзоларига (маҳалла аҳолисига) ўрнатиладиган газни ҳисобга олиш приборлари қийматини тўлаш бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан кафил бўладилар;
"Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг ҳудудлараро унитар корхоналари билан биргаликда 1991 йилгача қурилган кўп квартирали уй-жойларни тўлиқ таъмирлаш вақтида уларда газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатилишини таъминлайдилар.
ПРИБОРЛАРИНИ СОТИБ ОЛИШ
21. Газни ҳисобга олиш приборлари уларни Етказиб берувчилар томонидан ишлаб чиқарилади ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясига етказиб берилади.
22. Газни ҳисобга олиш приборлари "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси томонидан:
ўз маблақлари ҳисобига;
мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан газни ҳисобга олиш приборлари сотиб олиш учун 2002-2004 йилларда "Ўзкоммунхизмат" агентлигига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан, қайтариш асосида ҳар йили ажратиладиган айланма маблағлар ҳисобига;
мамлакатимиз ва чет эл банклари ҳамда бошқа молия институтларининг кредитлари ҳисобига сотиб олинади.
ПРИБОРЛАРИНИ ЎРНАТИШ
23. "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси томонидан сотиб олинган газни ҳисобга олиш приборлари аҳоли квартираларига ва якка тартибдаги уйларга ўрнатилади, кейинчалик уларнинг қиймати Истеъмолчи томонидан кафолатли муддат мобайнида, лекин газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатилган кундан бошлаб кўпи билан 5 йилда тўланади.
24. Истеъмолчи томонидан газни ҳисобга олиш приборлари қийматини тўлаш шартлари "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг ҳудудлараро унитар корхоналари билан аҳоли ўртасида газни ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш, унга техник хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш юзасидан тузилган шартномада белгиланади.
25. Газни ҳисобга олиш приборлари прибор қиймати Истеъмолчи томонидан тўлиқ тўлангунга қадар "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг мулки ҳисобланади.
Газни ҳисобга олиш приборининг қиймати тўлиқ тўлангандан кейин унга мулкчилик ҳуқуқи Истеъмолчига ўтади.
26. Газни ҳисобга олиш приборини ўрнатиш, унга техник хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома:
ҳисобга олиш приборининг типи, маркаси, тартиб рақами ва қийматини;
ҳисобга олиш приборининг мансублилигини;
шартнома тузилган муддатни;
ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорини;
Истеъмолчи томонидан газни ҳисобга олиш прибори қийматини тўлаш шартларини;
ҳисобга олиш приборини сақлаш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш бўйича томонларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлигини;
томонларнинг аҳдлашувига кўра бошқа шартларни ўз ичига олиши керак.
Янгидан қурилаётган ва мавжуд турар жойда газни ҳисобга олиш приборлари лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ихтисослашган корхоналар томонидан ўрнатилади.
27. Ўрнатиладиган ҳар бир газни ҳисобга олиш приборига якка тартибдаги лойиҳа ёки такрорланадиган ечимни мувофиқлаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилади. Ишлаб чиқилган якка тартибдаги лойиҳа қиймати кқп квартирали турар жойнинг мукаммал таъмирланиши смета қийматига, такрорланадиган мувофиқлаштириш қиймати эса газни ҳисобга олиш приборини монтаж қилиш қийматига киритилади.
28. Мавжуд турар жой фондида газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатиш ишларнинг кўрсатиб ўтилган турларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослашган монтаж ташкилотлари томонидан контракт-шартнома асосида бажарилади.
29. Газни ҳисобга олиш приборлари уларнинг бутлигини ва техник ҳолатини кўз билан кўриб назорат қилиш учун хизмат кўрсатувчи ходимнинг приборнинг олдига бемалол бориши, шкала-рақамли қурилманинг кўрсаткичларини ёзиб олиш имкониятини таъминлайдиган, шунингдек хавфсизлик техникаси талабларига жавоб берувчи жойларга ўрнатилади.
30. Газни ҳисобга олиш приборини монтаж қилиш қиймати Истеъмолчи томонидан Газни ҳисобга олиш приборини ўрнатиш, унга техник хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш шартномасига мувофиқ тартибда ва муддатларда "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг ҳудудлараро унитар корхонасига тўланади.
ПРИБОРЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ
31. Газни ҳисобга олиш приборларидан фойдаланиш:
приборларнинг кўрсаткичлари ва техник ҳолатини назорат қилишни ўз ичига олувчи ҳисобга олиш приборларига техник хизмат кўрсатишни;
вақти-вақти билан текшириш ишларини;
приборларни таъмирлашни;
приборларни ўрнатишни ва ишдан чиққан приборларни алмаштиришни ўз ичига олади.
32. Истеъмолчи томонидан газни ҳисобга олиш прибори қиймати тўлиқ тўлангандан кейин газни ҳисобга олиш приборларига техник хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш газ етказиб бериш юзасидан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.
33. Газни ҳисобга олиш приборларидан фойдаланишни, шу жумладан ўрнатиш, алмаштириш, техник хизмат кўрсатиш ва кўрсаткичларни назорат қилишни "Ўзкоммунхизмат" агентлигининг ҳудудлараро унитар корхоналар амалга оширадилар.
34. Ҳисобга олиш приборларини текшириш ва таъмирлаш ишлари тегишли текшириш асбоб-ускуналарига ва кўрсатиб ўтилган ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
35. Газни ҳисобга олиш прибори Истеъмолчи томонидан тўлиқ сотиб олингунга қадар газни ҳисобга олиш приборидан фойдаланиш харажатлари "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси ҳисобидан тўланади.
36. Газни ҳисобга олиш прибори қийматини қоплаш ва уни ўрнатиш ҳақини тўлаш, газ учун ҳақ тўлаш, шу жумладан газни ҳисобга олиш приборларидан фойдаланганлик ва уларга техник хизмат кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлаш тартиби Истеъмолчи билан Газ етказиб берувчи ўртасида тузиладиган тегишли шартномаларда белгиланади.
VII. ГАЗНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ПРИБОРЛАРИДАН
ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИ ВА НОРМАЛАРИ
БУЗИЛГАНЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
37. Газ етказиб берувчи газни ҳисобга олиш приборининг нормал ишлашини, унинг фойдаланиш хавфсизлиги техник регламентлари ёки стандартларига мувофиқлигини, Истеъмолчига етказиб бериладиган газ ҳажмини ўлчашнинг аниқлигини таъминлайдиган етказиб берилаётган газ сифати учун жавоб беради. Газ етказиб берувчи газни ҳисобга олиш приборининг техник кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни, улардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ва шартларини, хизмат кўрсатиш (яроқлилик) муддатини, техник кўрик ва текшириш синовлари даври ва муддатларини Истеъмолчига маълум қилиши шарт.
38. Пломбалар ва газ таъминотига техник ҳужжатларнинг сақланишини "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг ҳудудлараро унитар корхоналари назорат қиладилар.
39. Ҳисобга олиш прибори пломбасининг бузилганлиги ва техник ҳужжатларнинг сақланиши учун жавобгарлик Истеъмолчига юкланади.
40. Пломба бузилган ва газ таъминотига техник ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда Истеъмолчи газнинг назоратчининг охирги ташрифидан бошлаб бир суткада 24 соат ҳисобидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган газдан фойдаланиш жиҳозининг тўлиқ қиймати бўйича ҳисоблаб чиқилган қийматини, шунингдек такрорий текшириш синовлари ишлари қийматини тўлайди.
41. Ҳисобга олиш приборига кафолат муддати газни ҳисобга олиш прибори ўрнатилган вақтдан бошлаб белгиланади. Ҳисобга олиш приборида ишлаб чиқариш нуқсони ёки прибордан ўлчов воситаси сифатида фойдаланиб бўлмаслигига олиб келган носозлик аниқланган тақдирда ҳисобга олиш прибори "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг ҳудудлараро унитар корхоналари томонидан алмаштирилади.
42. "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг ҳудудлараро унитар корхоналари ва газни ҳисобга олиш приборларига техник хизмат кўрсатувчи бошқа ихтисослашган ташкилотлар уч кун муддатда таъмирлашлари ёки, таъмирлаш мумкин бўлмаган тақдирда, носоз приборни Ўзбекистон Республикаси учун сертификатланган соз приборга алмаштириши, Истеъмолчига приборнинг техник регламентлари ёки стандартларига мувофиқлигига доир такрорий текшириш синовларига доир барча материаллар ва маълумотларни бериши шарт.
Истеъмолчи газни ҳисобга олиш прибори носозлиги тўғрисидаги ариза билан Газ етказиб берувчига мурожаат қилган вақтдан бошлаб унинг тўлиқ тикланишигача бўлган даврда газ қийматини олдинги йилдаги ўртача мавсумий газ истеъмолидан келиб чиқиб тўлайди.
43. Истеъмолчи ўрнатилган газни ҳисобга олиш приборларига эҳтиётлик билан муносабатда бўлиши, хизмат кўрсатувчи ходимнинг прибор ўрнатилган жойга тўсиқсиз ўтишини таъминлаши ва приборнинг кўрсаткичлари бўйича олинган газ қийматини амалдаги тарифларга мувофиқ белгиланган муддатларда тўлаши шарт. Приборнинг носозлиги аниқланган тақдирда Истеъмолчи бу ҳақда дарҳол Газ етказиб берувчини хабардор қилиши керак.
44. Газни ҳисобга олиш приборлари қасддан ишдан чиқарилган тақдирда Истеъмолчи газ таъминоти тизимидан узиб қўйилади ва газ бериш бузилган газни ҳисобга олиш приборлари Истеъмолчи маблағлари ҳисобига тузатилгандан кейин тикланади.
Газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳоллари аниқланган тақдирда айбдор шахслар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий жазогача жавобгарликка тортиладилар.
45. Газ етказиб берувчи ва Истеъмолчи ўртасида пайдо бўлувчи низолар бўйсуниш тартибида юқори турувчи ташкилот ёки суд томонидан, белгиланган тартибда ҳал этилади.
46. Мазкур Низомнинг, шунингдек Истеъмолчи билан Газ етказиб берувчи ўртасида тузилган Газни ҳисобга олиш приборини ўрнатиш, унга техник хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш шартномаси шартларининг бузилиши белгиланган тартибда судга даъво аризалари бериш учун асос ҳисобланади.