Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.06.2011 й. 172-сон қарорига илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2011 йил 13 июндаги
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
ҳузуридаги Олий таълим муассасаларининг
моддий-техника базасини ривожлантириш
жамғармаси маблағларини шакллантириш
ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, шунингдек Жамғарма маблағларини бошқариш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 20 майдаги ПҚ-1533-сон қарори билан тасдиқланган 2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизациялаш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш Дастурини амалга ошириш учун ташкил этилган.
3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди.
ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ
4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
замонавий технология ускуналари билан жиҳозлаш учун жалб этиладиган халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари;
халқаро донорлар грантлари, васийлар ва мамлакатимиздаги ҳомийлар маблағлари;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар Жамғармага ҳар ойда, олий таълим муассасаларининг ўқув-лаборатория корпуслари, спорт заллари ва талабалар турар жойларини, шу жумладан, биргаликда фойдаланиладиган олий таълим муассасалариаро илмий-лаборатория комплексларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини молиялаштириш учун маблағларга бўлган эҳтиёжга қараб ажратилади.
6. Халқаро молия ташкилотлари ҳамда донорларнинг грантлари ва имтиёзли кредитлари, ҳомийларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари маблағлари Жамғарманинг ғазначилик ҳисоб рақамларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тушади.
7. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Бош бошқармаси ҳисоб-китоб касса марказида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан очиладиган ғазначилик ҳисоб рақамларида жамланади.
ФОЙДАЛАНИШНИНГ АСОСИЙ
ЙЎНАЛИШЛАРИ
8. 2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизациялаш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш Дастурини амалга ошириш доирасида Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
олий таълим муассасаларининг ўқув-лаборатория корпуслари, спорт заллари ва талабалар турар жойларини ҳамда бошқа инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини молиялаштириш;
олий таълим муассасаларининг ўқув-лаборатория корпуслари, спорт заллари ва талабалар турар жойларини ҳамда биргаликда фойдаланиладиган олий таълим муассасалариаро илмий-лаборатория комплексларини мебеллар, замонавий ўқув-лаборатория ва илмий ускуналар, ахборот-коммуникация техникаси ва спорт анжомлари билан жиҳозлашни (кейинги ўринларда жиҳозлаш деб аталади) молиялаштириш.
IV. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ
9. Жамғарма маблағларини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестициялар бошқармасининг Жамғарма маблағларини бошқариш бўлими томонидан амалга оширилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестициялар бошқармасининг Жамғарма маблағларини бошқариш бўлими:
2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини модернизациялаш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш Дастурини амалга ошириш бўйича Махсус комиссияга (кейинги ўринларда Махсус комиссия деб аталади) тақдим этиш учун Жамғарма даромадлари ва харажатлари прогнозини ҳамда чораклар ва ойлар бўйича тақсимлаган ҳолда унинг бир йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлайди;
Махсус комиссияга, молиялаштириш манбалари билан боғлаган ҳолда, асосий йўналишлар (қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш) бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланишга доир таклифлар киритади;
олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг аниқ манзилли рўйхатлари бажарилишини таҳлил қилади ва унинг мониторингини олиб боради ҳамда тегишли материалларни Махсус комиссияга киритади;
зарурият бўлганда, жойларга борган ҳолда, олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг ҳар йилги дастурларини шакллантиришда қатнашади;
Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ойлар бўйича рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги раҳбариятига тасдиқлаш учун киритади;
Жамғарманинг олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун назарда тутилган маблағлари ҳисоби юритилишини таъминлайди.
V. ЖАМҒАРМА ДАРОМАДЛАРИ ВА ХАРАЖАТЛАРИ
ПРОГНОЗИНИ ТАЙЁРЛАШ, КЎРИБ ЧИҚИШ
ВА ТАСДИҚЛАШ
11. Жамғарма даромадлари ва харажатлари прогнозини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш ушбу Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури ва Давлат бюджети лойиҳаларини тайёрлаш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади.
12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда ҳар йили келгуси йил учун - Давлат бюджетидан ва бошқа манбалардан, шу жумладан, халқаро ташкилотларнинг грантлари ва кредитлари, ҳомийлар ва мамлакатимиз хайр-саховат қилувчилари маблағлари жалб этилишидан тушумлар прогнозларини тайёрлайди.
13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 июлгача Молия вазирлигига келгуси йил учун Жамғарманинг барча йўналишлар бўйича харажатлари прогнозини ҳамда олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг аниқ манзилли рўйхатлари лойиҳаларини тақдим этади.
14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғармага тушадиган прогнозлаштириладиган маблағлар доирасида, Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда келгуси йил учун олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг аниқ манзилли рўйхатларининг узил-кесил параметрларини шакллантиради ва 1 августгача уни Махсус комиссияга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади.
15. Жамғарма даромадлари ва харажатларининг йиллик параметрлари тасдиқлангандан кейин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғарма маблағларини олувчиларга (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга) келгуси йил учун уларга белгиланган харажатлар ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни 5 кун мобайнида етказади.
VI. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ САРФЛАШ ТАРТИБИ
16. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан очиладиган Молия вазирлигининг Ғазначилиги шахсий ҳисоб рақамлари орқали Жамғарманинг ғазначилик ҳисоб рақамидан сарфланади.
17. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган тегишли харажатлар сметалари асосида:
олий таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича тендер (танлов) савдолари натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати, шунингдек тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан;
олий таълим муассасалари объектларини жиҳозлаш бўйича - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган танлов савдолари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилади.
18. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича шартномаларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказади ҳамда улар бўйича қатъиян харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар доирасида ва олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича қурилишларнинг тасдиқланган аниқ манзилли рўйхатларига мувофиқ харажатларни тўлайди.
19. Олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича харажатларни тўлаш олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг аниқ манзилли рўйхатлари бўйича белгиланган лимитлар доирасида ҳамда тендер (танлов) савдолари натижалари ҳисобга олинган ҳолда тузилган шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизматининг, шунингдек тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг тўлов топшириқномалари асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги томонидан амалга оширилади. Шартномаларда қуйидагилар назарда тутилади:
қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг дастлабки икки ойи мобайнида қуришнинг прогнозлаштирилаётган йили учун тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича аниқланган ишлар қийматининг 30 фоизигача миқдорида аванс тўловларини тенг улушларда амалга ошириш;
ажратилган авансни пропорционал равишда ушлаб қолишни ҳисобга олган ҳолда, бажарилган ишлар қийматининг 95 фоизи миқдорида ҳар ойда жорий молиялаштириш;
қолган 5 фоизни пудратчига шартномада қайд этилган кафолат муддати тамом бўлгандан кейин тўлаш.
20. Олий таълим муассасаларини жиҳозлаш бўйича харажатларни тўлаш назарда тутилган маблағлар доирасида ва Молия вазирлигининг Ғазначилигида рўйхатдан ўтказилган тузилган шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг тўлов топшириқномалари асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги томонидан амалга оширилади. Шартномаларда қуйидагилар назарда тутилади:
шартнома умумий суммасининг 30 фоизи миқдорида аванс тўлаш;
ажратилган аванс тўловларини ушлаб қолган ҳолда, етказиб беришнинг амалдаги ҳажмидан келиб чиқиб, ҳар ойда жорий молиялаштириш.
21. Маблағларни (шу жумладан, товарларни етказиб берувчилар, ишларни бажарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги учун жарима санкцияларини қўллашдан олинган маблағларни) харажатлар сметасисиз, шунингдек Жамғарма харажатлари прогнозида назарда тутилмаган тадбирларга сарфлаш тақиқланади.
22. Қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг аниқ манзилли рўйхатларида назарда тутилган тўлиқ молиялаштирилмаган маблағлар жорий молиявий йил якунлари бўйича, Жамғарма даромадлари ва харажатлари мувозанатлилигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда навбатдаги молиявий йилда тўланади.
23. Жамғарма ҳисоб рақамларидан маблағларни ушбу Низомда назарда тутилмаган мақсадлар учун ўтказиш ва вақтинча олиб қўйиш тақиқланади.
ФОЙДАЛАНИШ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ,
ҲИСОБОТ БЕРИШ ВА НАЗОРАТ
24. Жамғарма маблағлари тушуми ва сарфи бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек ҳисобот тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
25. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-кунидан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган шакл бўйича олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, шунингдек жиҳозлаш учун ажратилган Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.
26. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
27. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича бажарилган ишлар ва тўланган маблағлар, амалда етказиб берилган мебеллар, ўқув-лаборатория ва илмий асбоб-ускуналар, ахборот-коммуникация техникаси ва спорт анжомлари, шу жумладан, тўланган маблағлар, шунингдек уларнинг бошланғич ҳужжатларга (счёт-фактураларга) ва амалда бажарилган ишларга (хизматларга) мувофиқлиги тўғрисида тақдим этилган ҳисобот маълумотлари асосида Жамғарма маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради.
28. Жамғарма маблағларидан тасдиқланган харажатлар сметаларига мувофиқ қатъиян мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан жавобгарлик Жамғарма маблағларини олувчиларга - Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар раҳбарларига юкланади.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 24-сон, 248-модда
"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 6-сон, 50-модда