Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 26.04.2012 й. ЎРҚ-327-сон "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 16.03.2012 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 23.03.2012 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz. По вопросам звоните на короткий номер 1172.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.04.2012 й.

N ЎРҚ-327



ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 16 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2012 йил 23 мартда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади оилавий тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Оилавий тадбиркорлик

тўғрисидаги қонунчилик

Оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Оилавий тадбиркорлик

Оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолиятидир.

Оилавий тадбиркорлик ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланади.

Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир.

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик субъектлари беш нафаргача доимий ишчини ёллаб, улар билан меҳнат шартномаси тузишга, шунингдек меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган бошқа яқин қариндошларини, шу жумладан болалари ва невараларининг эрини (хотинини), ака-укалари ва опа-сингилларини, уларнинг хотинини (эрини) ва болаларини юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги оилавий тадбиркорлик субъектининг иштирокчиси сифатида жалб этишга ҳақли.


4-модда. Оилавий корхона

Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) ва реализация қилишни амалга ошириш учун ихтиёрий асосда, оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк, шунингдек оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан биридир.

Оилавий корхона фаолиятни фақат юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириши мумкин. Оилавий корхона ўз мулкида алоҳида мол-мулкка эга бўлиши, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Оилавий корхона ўз мажбуриятлари бўйича қонунга мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради.

Оилавий корхона иштирокчилари корхона мол-мулки етарли бўлмаганда оилавий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан қонунчиликка мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади.

Оилавий корхона қонунчиликка мувофиқ ходимларни ёллашни амалга ошириши мумкин.

Оилавий корхона иштирокчиларининг ва унинг ёлланма ходимларининг умумий сони кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг қонунчиликда белгиланган ўртача йиллик сонидан кўп бўлиши мумкин эмас. Бунда оилавий корхона иштирокчиларининг энг кам сони икки кишидан оз бўлмаслиги керак.

Оилавий корхона тўлиқ фирма номига эга бўлиши лозим ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақли. Оилавий корхонанинг тўлиқ фирма номи унинг тўлиқ номини ва "oilaviy korxona" деган сўзларни ўз ичига олиши керак. Оилавий корхонанинг қисқартирилган фирма номи унинг қисқартирилган номини ва "oilaviy korxona" деган сўзларни ёки "ОК" аббревиатурасини ўз ичига олиши керак.


5-модда. Оилавий корхона иштирокчилари

Эр, хотин, уларнинг болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари) оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Фақат муомалага лаёқатли шахслар оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин.

Давлат органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонунчиликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин эмас.


6-модда. Оилавий корхона бошлиғи

Юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда оилавий корхона номидан унинг бошлиғи иш кўради.

Оилавий корхона иштирокчиларидан бири унинг бошлиғи бўлиши мумкин, унга оилавий корхонанинг барча иштирокчилари бир овоздан иш муомаласида ўз номларидан иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Оилавий корхона бошлиғи вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотган ёки узоқ вақт бўлмаган тақдирда, у ўз вазифасини вақтинча бажариб туриш ваколатини оилавий корхонанинг қолган иштирокчилари билан келишган ҳолда улардан бирига беришга ҳақли.



2-БОБ. ОИЛАВИЙ КОРХОНАНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ

7-модда. Оилавий корхонани ташкил этиш тартиби

Оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан ташкил этилади.

Оилавий корхона, агар унинг таъсис шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, номуайян муддатга ташкил этилади.



8-модда. Оилавий корхона иштирокчиларининг

умумий йиғилиши

Оилавий корхона иштирокчиларининг умумий йиғилиши оилавий корхонанинг юқори бошқарув органидир.

Оилавий корхона иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатларига қуйидагилар киради:

оилавий корхонанинг таъсис шартномасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

оилавий корхона бошлиғини сайлаш (тайинлаш) ва озод қилиш;

оилавий корхона фаолиятининг турларини белгилаш;

оилавий корхонанинг устав фондини белгилаш ва унинг миқдорига ўзгартишлар киритиш;

оилавий корхона иштирокчилари таркибини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ва ҳал қилиш;

оилавий корхона бошлиғининг оилавий корхона молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботини кўриб чиқиш;

таъсис шартномасига мувофиқ оилавий корхонанинг фойдасини тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;

оилавий корхонанинг мол-мулкига доир йирик битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш.

Оилавий корхона иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатларига таъсис шартномасида назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал этиш ҳам киритилиши мумкин.



9-модда. Оилавий корхонанинг таъсис шартномаси

Оилавий корхонанинг таъсис ҳужжати мазкур корхонанинг барча иштирокчилари томонидан тузиладиган таъсис шартномасидир.

Оилавий корхонанинг таъсис шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

оилавий корхона бошлиғининг ва оилавий корхона бошқа иштирокчиларининг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда яшаш жойи (манзили);

оилавий корхона устав фондининг миқдори;

оилавий корхона иштирокчилари томонидан унинг устав фондига киритиладиган мол-мулкни белгилаш тартиби;

оилавий корхонанинг фирма номи ва жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар;

оилавий корхона иштирокчилари ўртасида тадбиркорлик фаолиятидан олинган фойдани, шунингдек оилавий корхона тугатилганда мол-мулкни тақсимлаш тартиби;

оилавий корхона иштирокчиларининг оилавий корхона фойдаланишига берилаётган мол-мулки рўйхати;

оилавий корхонанинг мол-мулкига доир йирик битимнинг миқдори;

оилавий корхона иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби;

оилавий корхона иштирокчилари муҳим деб ҳисоблайдиган бошқа шартлар.

Таъсис шартномаси оилавий корхонанинг барча иштирокчилари томонидан имзоланади.

Оилавий корхона бошлиғи ўзгарган, иштирокчи оилавий корхона таркибига ихтиёрий равишда кирган (ундан чиқиб кетган), эр ва хотин ўртасидаги никоҳ бекор қилинган ёки оилавий корхона иштирокчиси вафот этган ва бу ҳоллар оилавий корхона балансига берилган оилавий корхона иштирокчиларининг мол-мулки рўйхатида ўзгаришларга сабаб бўлган тақдирда, таъсис шартномасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Бунда оилавий корхонани қайта давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди.


10-модда. Оилавий корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш

Оилавий корхона кичик тадбиркорлик субъектлари учун назарда тутилган соддалаштирилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади.

Рўйхатдан ўтказувчи органлар ариза берувчини оилавий корхона сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни уни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга ёки қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча талаблар белгилашга ҳақли эмас.

Ариза берувчини оилавий корхона сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганлик, шунингдек рўйхатдан ўтказиш муддатини бузганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарори, шунингдек мазкур орган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) суд томонидан қонунга хилоф деб топилган тақдирда, улар ариза берувчига оилавий корхонани рўйхатдан ўтказишни рад этганлик ёки рўйхатдан ўтказиш муддатини бузганлик туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплайди ва маънавий зарар учун компенсация тўлайди.


11-модда. Оилавий корхонанинг устав фонди

Оилавий корхонанинг устав фонди пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бошқа мол-мулк, шу жумладан, пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар ёки ўзга шахсга ўтказиладиган бошқа ҳуқуқлар ҳисобидан шакллантирилади. Ягона уй (квартира) оилавий корхонанинг устав фондига киритилиши мумкин эмас.

Оилавий корхона иштирокчилари оилавий корхонанинг устав фондига корхона таъсис шартномасида назарда тутилган тартибда ўзлари киритадиган мол-мулкни мустақил равишда белгилайди.

Оилавий корхона устав фондининг энг кам миқдори лицензия талабларида белгиланиши мумкин.


3-БОБ. ОИЛАВИЙ КОРХОНАНИНГ ҲАМДА

УНИНГ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

12-модда. Оилавий корхонанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Оилавий корхона қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мустақил равишда товарлар ишлаб чиқаришга (ишлар бажаришга, хизматлар кўрсатишга) доир фаолиятни ташкил этиш, ишлаб чиқарилган товарларни (ишларни, хизматларни) тасарруф этиш ва уларга нарх белгилаш;

мустақил равишда ўз молиявий маблағларини шакллантириш ва қарз маблағларини жалб этиш, шу жумладан, дастлабки (бошланғич) капитални шакллантириш учун кредитлар олиш;

лизинг ва суғурта хизматларидан фойдаланиш;

шартномалар тузиш, шу жумладан, товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш ва реализация қилиш учун шартномалар тузиш;

тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш;

ўз фирма номи ёзилган муҳрлардан, бланкалардан ва штамплардан фойдаланиш ҳамда товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига) эга бўлиш;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш.

Оилавий корхона:

тузилган шартномалар бўйича зиммасига олган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда бажариши;

оилавий корхонанинг иштирокчилари ва ёлланма ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини белгилаши, улар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиши, шунингдек иш берувчи сифатида ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиши;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши;

меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизлик техникаси, экология, санитария ва гигиена соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши;

реализация қилинадиган маҳсулот ва хизматлар учун қонунчиликка мувофиқ сертификатларга эга бўлиши;

жойлашган ери (почта манзили) ва бошқа реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида тегишли давлат органларини ўз вақтида хабардор қилиши шарт.

Оилавий корхона қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.


13-модда. Оилавий корхона бошлиғининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Оилавий корхона бошлиғи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оилавий корхона номидан ишончномасиз иш кўриш;

юридик ва жисмоний шахслар билан оилавий корхона фаолиятига боғлиқ бўлган шартномалар тузиш;

меҳнат шартномалари (контрактлар) тузиш ва штатларни тасдиқлаш;

ишончномалар бериш.

Оилавий корхона бошлиғи:

оилавий корхонани шахсан бошқариши ва унинг кундалик фаолиятини ташкил этиши;

оилавий корхонанинг мол-мулки билан боғлиқ йирик битимлар тузишда иштирокчиларнинг розилигини олиши;

меҳнат тўғрисидаги қонунчилик нормаларига риоя этилишини таъминлаши;

бухгалтерия ҳисоби юритилишини таъминлаши шарт.

Оилавий корхона бошлиғи қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.



14-модда. Оилавий корхона иштирокчиларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Оилавий корхона иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

оилавий корхонани бошқаришда, қарорлар қабул қилишда, молия-хўжалик фаолиятини назорат қилишда иштирок этиш;

оилавий корхона таъсис шартномасининг шартларига боғлиқ ҳолда фойдадан ўз улушини олиш;

оилавий корхона таркибидан ихтиёрий равишда чиқиш;

агар оилавий корхонанинг таъсис шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, оилавий корхона таркибидан чиқишда оилавий корхона мол-мулки қийматининг бир қисми устав фондига ўзи киритган мол-мулк миқдорига мутаносиб равишда қайтариб берилиши ёки шундай қийматдаги мол-мулк натурал ҳолда ўзига ажратиб берилиши.

Оилавий корхона иштирокчилари оилавий корхонанинг фаолиятида шахсий меҳнати билан иштирок этиши шарт.

Оилавий корхона иштирокчилари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.


4-БОБ. ОИЛАВИЙ КОРХОНАНИНГ ФАОЛИЯТИ

15-модда. Оилавий корхонанинг мол-мулки

Оилавий корхонанинг мол-мулки:

оилавий корхона иштирокчилари томонидан унинг устав фондига киритиладиган мол-мулкдан;

қарз маблағлари ва кредитлар ҳисобига олинган мол-мулкдан;

товарларни реализация қилишдан, ишлар бажаришдан, хизматлар кўрсатишдан олинган ва оилавий корхонани ривожлантиришга йўналтирилган даромадлардан, шунингдек бу даромадлар ҳисобига олинган мол-мулкдан;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлардан таркиб топади.


16-модда. Оилавий корхонанинг фаолияти

амалга ошириладиган жой

Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, шу жумладан, ишлаб чиқариш, хўжалик бинолари ва бошқа иморатлар оилавий корхона фаолияти амалга ошириладиган жойдир.

Оилавий корхона иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди, бундан фаолиятнинг айрим турлари учун қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.


17-модда. Оилавий корхона фаолиятини

амалга ошириш шартлари

Оилавий корхона фаолиятнинг айрим турларини фақат махсус рухсатнома (лицензия) мавжуд бўлганда амалга ошириши мумкин.

Оилавий корхона акциз солиғи тўланадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришни ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга ошириши мумкин эмас.

Оилавий корхона фаолиятида заҳарли, радиоактив моддалар ва материаллардан, юқори босимли асбоб-ускуналардан ҳамда инсон ва атроф-муҳит учун катта хавф туғдирадиган бошқа асбоб-ускуналардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Оилавий корхона фойдаланиши мумкин бўлмаган моддалар, материаллар ва асбоб-ускуналарнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Оилавий корхона томонидан саноат тусидаги фаолиятни кўп квартирали уйнинг турар жойларида амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Оилавий корхона фаолияти қонунчиликда белгиланган нормалар ва қоидаларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак.


18-модда. Оилавий корхона маҳсулотини

реализация қилиш

Оилавий корхона ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни нақд пулли ва (ёки) нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича реализация қилиши мумкин. Оилавий корхона маҳсулотини реализация қилиш у ишлаб чиқарилган жойда амалга оширилиши мумкин.


19-модда. Оилавий корхонада ҳисоб ва ҳисобот

Оилавий корхонада ҳисоб ва ҳисобот, шунингдек унинг фаолияти устидан статистика кузатувлари кичик тадбиркорлик субъектлари учун назарда тутилган тартибда юритилади.


5-БОБ. ОИЛАВИЙ КОРХОНАДА МЕҲНАТ.

ОИЛАВИЙ КОРХОНА ИШТИРОКЧИЛАРИ

ВА ЁЛЛАНМА ХОДИМЛАРИНИНГ

ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАСИ

20-модда. Оилавий корхонада меҳнатга оид муносабатлар

Оилавий корхона иштирокчиларининг шахсий меҳнатини амалга ошириш шартлари улар ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.

Оилавий корхона (иш берувчи) ва оилавий корхонанинг ёлланма ходими ўртасидаги меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномаси (контракт) билан тартибга солинади.


21-модда. Оилавий корхонада меҳнатга ҳақ тўлаш

Оилавий корхона оилавий корхонанинг иштирокчилари ва ёлланма ходимлари учун меҳнат ҳақи, мукофотлар ҳамда компенсацияларнинг шаклларини, тизимини ва миқдорини қонунчиликка мувофиқ мустақил равишда белгилайди.

Оилавий корхона иштирокчилари ва ёлланма ходимларининг меҳнат ҳақи тарафларнинг келишувига кўра, лекин қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлмаган миқдорда белгиланади.


22-модда. Оилавий корхона иштирокчиларининг

ва ёлланма ходимларининг ижтимоий муҳофазаси

Оилавий корхона корхонанинг иштирокчилари ва ёлланма ходимларига хавфсиз меҳнат шароитларини, ижтимоий муҳофаза чораларини таъминлаши шарт ҳамда уларнинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар бўлади.

Оилавий корхона корхонанинг иштирокчилари ва ёлланма ходимлари учун қонунчиликда белгиланганига нисбатан имтиёзлироқ меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни мустақил равишда белгилашга ҳақли.

Оилавий корхонада иштирокчилар ва ёлланма ходимларнинг ишлаган вақти давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва қонунчиликда белгиланган тартибда юритиладиган меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида меҳнат стажига қўшилади.

Оилавий корхона оилавий корхонанинг иштирокчилари ва ёлланма ходимлари ҳаётига ёки соғлиғига меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки улар ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича ўз фуқаролик жавобгарлигини иш берувчи сифатида қонунчиликда белгиланган шартлар ва тартиб асосида суғурталаши шарт.


6-БОБ. ОИЛАВИЙ КОРХОНА ФАОЛИЯТИ

ЭРКИНЛИГИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

23-модда. Оилавий корхонани давлат

томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат оилавий корхонанинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Давлат органлари оилавий корхонани ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиши шарт.

Давлат органлари қонунчиликда белгиланган тартибда:

фойдаланилмаётган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар уларда товарлар ишлаб чиқаришни (ишлар бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ташкил этиш учун оилавий корхонага ижарага берилишини;

ишлаб чиқариш майдонлари қуриш учун оилавий корхонага ер ажратилишини;

оилавий корхона ишлаб чиқариш объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишини;

оилавий корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш учун махсус жойлар берилишини таъминлайди.


24-модда. Оилавий корхона мол-мулкининг национализация,

мусодара ва реквизиция қилинишига йўл қўйилмаслиги

Оилавий корхонанинг мол-мулки национализация, мусодара ва реквизиция қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


25-модда. Оилавий корхона фаолиятининг эркинлиги

Оилавий корхона қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкин.

Оилавий корхона битимлар тузишда эркиндир.

Оилавий корхона фаолиятини амалга оширишда, шу жумладан, унинг томонидан технологияларни, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ассортиментини танлашда, маҳсулот нархини ҳамда уни реализация қилиш йўналишларини белгилашда давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.


26-модда. Оилавий корхонага солиқ солиш хусусиятлари

Оилавий корхона қонунчиликда белгиланадиган тартибда солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлайди.

Оилавий корхонанинг фойдаси солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганидан кейин унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади.



28-модда. Оилавий корхонанинг коммунал инфратузилма

объектларидан фойдаланишини таъминлаш

Оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, оқова сувларни чиқариб юбориш, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади.

Коммунал хизмат кўрсатиш, электр ва газ таъминоти корхоналари зарур коммуникация тармоқларининг оилавий корхона фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида таъминлайди.



29-модда. Оилавий корхонага банк хизмати

кўрсатиш ва уни кредитлаш

Оилавий корхонага банк хизмати кўрсатиш қонунчиликка мувофиқ банк билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Банклар белгиланган тартибда оилавий корхонанинг миллий ва хорижий валютадаги ҳисобварақларини очади ҳамда уларга хизмат кўрсатади.

Оилавий корхонани кредитлаш банк ёки бошқа кредит ташкилоти билан тузиладиган кредит шартномаси асосида амалга оширилади. Оилавий корхонага кредитлар беришда банклар, бошқа кредит ёки суғурта ташкилотлари кафолат берувчи бўлиши мумкин. Тўловга қобилиятли юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликда белгиланган тартибда кафил бўлиши мумкин.


7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

30-модда. Оилавий корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш

Оилавий корхонани қайта ташкил этиш қонунчиликда белгиланган тартибда унинг иштирокчилари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Оилавий корхонани тугатиш унинг иштирокчиларининг ёки суднинг қарорига кўра, шунингдек агар унда оилавий корхонанинг ягона иштирокчиси қолган бўлса, амалга оширилади.

Оилавий корхона тугатилаётганда бўшатилаётган иштирокчилар ва ёлланма ходимларга қонунчиликка мувофиқ уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши кафолатланади.

Оилавий корхона унинг тугатилиши ҳақидаги ёзув юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилганидан кейин тугатилган ҳисобланади.

Оилавий корхонани тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


31-модда. Оилавий корхоналарнинг бирлашмалари

Оилавий корхоналар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликка мувофиқ ассоциацияларга (уюшмаларга) ва бошқа бирлашмаларга бирлашиши мумкин.


32-модда. Низоларни ҳал этиш

Оилавий тадбиркорлик соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


33-модда. Оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Оилавий тадбиркорлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


34-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



35-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



"Халқ сўзи", 2012 йил 27 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 17-сон, 188-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2012 йил, 4-сон, 111-модда