Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.07.2012 й. 190-сон "Дала шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга дала устамаси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
02.07.2012 й.
N 190
ДАЛА ШАРОИТЛАРИДАГИ ИШЛАРДА БАНД БЎЛГАН
ХОДИМЛАРГА ДАЛА УСТАМАСИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ
ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 170-моддасига ва Солиқ кодексининг 171-моддасига мувофиқ дала шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш ва қўшимча харажатларининг ўрнини қоплаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Дала шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга дала устамаси тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Дала шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга меҳнат ҳақи туманлар бўйича тартибга солинадиган, шу жумладан, ноқулай табиий иқлим-шароитларидаги жойларда ишлаганлик учун туман коэффициентлари бўйича тўловлар қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
3. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 26-27-сон, 297-модда
"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2012 йил, 7-сон, 48-модда